Ўзбекистон | 17:15 / 15.11.2019
11994
3 дақиқада ўқилади

Улуғбек Мустафоев: «Мурожаатлар билан ишлашимизда ОАВнинг кўмаги яхши самара бермоқда»

Аввал хабар берганимиздек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги таркибидаги барча корхоналар иштирокида «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарор ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда кейинги йилларда энергетика тизими, хусусан, электр энергияси соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев ўз чиқишида биргина жорий йилнинг ўзида жамият томонидан 7157,4 км узунликдаги электр тармоқлари ва 2590 та трансформатор пунктини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилгани, «Обод қишлоқ» дастури доирасида эса 481 та қишлоқда 2339,2 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 844 дона трансформатор пунктларининг мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда бу борадаги ишлар тўлиқ бажарилганини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, «Обод маҳалла» дастури доирасида жорий йилда 115 та маҳаллада 151,6 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 236 дона трансформатор пункти мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Юқорида қайд этилган ишларни амалга оширилиши натижасида республикамиз ҳудудларидаги 3,2 мингдан ортиқ маҳалла ва қишлоқлардаги 3,1 млн. дан ортиқ аҳоли хонадонлари, шу жумладан «Обод қишлоқ» дастури доирасида 481 та қишлоқдаги 102 мингдан ортиқ ва «Обод маҳалла» дастури доирасида 115 та маҳалладаги 23 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларида электр энергия таъминоти янада яхшиланди.

Жамият Бошқарув раиси таъкидлаганидек, соҳада олиб борилаётган ижобий ишлар билан бирга, ечимини кутаётган масалалар ҳам кўплиги, буни истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлардан билиш мумкинлигини айтиб ўтди. Хусусан, жорий йилнинг ноябрь ойи ҳолатига жамиятга 42 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 93 фоизи қаноатлантирилган ва қолганлари ҳозирги кунда кўриб чиқиш жараёнида.

– Мурожаатлар билан ишлашимизда ОАВларнинг кўмаги яхши самара бераяпти, – дейди Улуғбек Мустафоев. – Чунки биз назардан қочирган ҳудудлардаги муаммоларга ОАВ ходимлари томонидан ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари орқали эълон қилинаётган танқидий мақолалар эътиборимизни янада кучайтирмоқда. Жамиятда бевосита менинг назоратим, қолаверса ҳудудий электр тармоқлари корхоналари мутасаддилари томонидан бундай чиқишларга амалий ҳаракатлар билан тезкорликда жавоб қайтариш тизими жорий қилинган.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати

Мавзуга оид