Жамият | 11:20 / 17.11.2019
46435
13 дақиқада ўқилади

Чустда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда айбланган директор ишга қайтди. Мактаб яна ғавғо ичида қолган

Шу йилнинг июль ойида Чуст туманидаги 9-мактаб ўқитувчилари томонидан Kun.uz сайтига таътил пайти ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақидаги мурожаат келиб тушган ва арзномани бориб ўрганганимизда, ҳақиқатан ҳам ўқитувчилар таътил вақтида мактабдаги қурилиш ишларига жалб қилингани аниқланган эди.

Мактабдаги мажбурий меҳнат воқеаси эълон қилинган мақолалар жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинганди. 

Чустдаги мактаб муаллималари қурилиш ишларида жавлон уришмоқда. «Ўз хоҳиши» билан...

Фактларга қарши юриш. Мухбир нега ҳамкасбига тош отиб, қурилиш майдонида ўқитувчиларни излаб юрибди?

Шундан сўнг бу ҳолатни Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси ўз назоратига олди. Текширишлар давомида мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланди.

Воқеа юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, вилоят халқ таълими бошқармаси мактаб директори Равшаной Исмоилова ўзи ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзгани, ўқитувчиларга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллари учун пулли компенсация тўланиши ҳақида маълумот берди.

Бироқ орадан тўрт ой ўтгач, 9-мактаб жамоаси сайт таҳририятига яна мурожаат қилди. Ўқитувчилар туман ХТБ бошлиғи номига 60 нафар ўқитувчи имзо чеккан ариза нусхасини юборишган. Унда судда оқланиб 31 октябрь куни лавозимига қайтган Равшаной Исмоилова яна директор этиб тайинланишидан норозилик билдирилган.     

Мурожаатда кўрсатилган масалалар юзасидан журналистик суриштирув ўтказдик.  

Бундан тўрт ой олдин «Чуст туманидаги 9-умумтаълим мактабида «мажбурий меҳнат ҳолати бўлмаган», дея турли нашрларга интервью берган мутасаддилар энди ёзги таътил вақтида ўқитувчилар чиндан ҳам мактабда ишлатилганини тасдиқлашди.

Чуст туман халқ таълими бўлимида

Мактабдаги ҳолатга ойдинлик киритиш учун Чуст туман халқ таълими бўлимига бордик. Бўлим мудири Шавкатбек Юлдашев бу масалада ташкилот ҳуқуқшуноси изоҳ беришини айтди.

Ҳуқуқшунос мактаб директори ишга қайтганидан сўнг халқ таълими бўлимига ўқитувчилардан норози кайфиятдаги кўплаб мурожаатлар тушаётганини билдирди.

«Мазкур мактаб ўқитувчиларининг аризасига жавобимиз аниқ. Айни пайтда Равшаной Исмоилованинг қўлида лавозимга тикланиш ҳақидаги Наманган туманлараро судининг қарори бор. Бу суд ҳукмини бажармаслик ёки қаршилик кўрсатишга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 232-моддасида кўрсатиб ўтилган жазолар қўлланади», дейди ҳуқуқшунос Санжарбек Қурбонов.

Мактабда бизни қизиқ воқеалар кутиб турган экан

Муассасада ғалати муҳит ҳукмрон. 80 нафар ўқитувчиларнинг бир қисми директорнинг қайтганидан норози, яна бир қисми эса хурсанд. Улар билан суҳбатлашдик.

«Директормиз ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун жарима тўлаб, судда оқланиб, лавозимига тикланди. Уни мактабга олиб келиб ишга қўйишаётганида ҳеч ким мажлисдан чиқиб кетмади. Ўқитувчиларнинг иши раҳбар тайинлаш эмас, дарс ўтиш. «Ёзди-ёзди» қилишнинг кераги йўқ.

Мажбурий меҳнат масаласига келсак, ўқитувчиларни Равшаной Исмоилова мажбур қилмаган. У туман ХТБ бўлими раҳбарининг буйруғини бажарган. Биз ҳам ишлаганмиз. Устимизда халқ таълими мудирининг ўзи туриб ишлатган. Туман ҳокими келиб ҳаммани йиғиб ҳашарга чақирган. Бошқа мактаблардан ҳам келиб ишлашган. Ўша пайт келганингизда халқ таълими мудири Ш.Юлдашев мажбурий меҳнат бўлаётганини яширган эди. Кейин эса, мажбурий меҳнатда айблаб директорни ишдан олишди», дейди ўқитувчи Муҳаббат Калонова.

Шу пайтда мактабга мухбирлар келганини билган чоғи, Равшаной Исмоилованинг адвокати Ойбек Холиқов келиб суҳбатга қўшилди.

«Мен адвокатман. Шу иш билан тўлиқ танишиб, ўрганиб иш олиб бордим. Директор Равшаной Исмоилова мажбурий меҳнат бўйича жарима тўлаган. Қанча жарима тўлагани ҳақида менда маълумот йўқ. Бироқ, аслида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга директор эмас, туман ХТБ мудири ва бошқа мутасаддилар жалб қилган. Бу ҳақда менда барча далиллар бор. Шу ерда қурилиш штаби ташкил этилган. Ҳудудга ўрнатилган баннерда тумандаги 70та мактабга бўлинган ишлар акс этган. Демонтаж ишларига ҳамма мактаб ўқитувчилари жалб қилинган.

Ҳатто, ХТБ раҳбарлари ўқитувчилар ишлаётганини том тепасидан туриб видеотасвирга олган. Мутасаддилардан Р.Исмоилованинг қайси айбига асосан ишдан бўшатилганини суриштирсам, «Директор ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун эмас, ўз аризасига мувофиқ бўшатилди», дейишди. «Унда нега бўшатдиларинг?» деган саволни ҳам бердик. Улар, «Мактабдаги муҳит тақозо этди», дейишди. Лекин, мактабдаги муҳит ёмонлигини аниқ исботлай олишмади. «Директор устидан ариза тушганми?», деган саволимга эса, «Тушунтириш хатлари бор», деган жавобни беришди. Кейин суд жараёнида «тушунтириш хатлари» ҳам йўқ бўлиб кетди. Наманган туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан Р.Исмоилова иш тикланди», дейди адвокат.                                       

Мактабнинг бошқа ўқитувчилари нима дейди?

Мактаб ўқитувчилари билан гаплашиб улардан бутунлай бошқача фикрларни эшитдик. Ўқитувчилар мактабдаги муҳит мажбурий меҳнат масаласи кўтарилмасдан олдинроқ бузилганини таъкидлашди.

«Ўқитувчилар мактабда ишлаб жуда қийналиб кетдик. Ўша, Kun.uz сайтига мурожаат қилишимизнинг сабаби ҳам ночор ҳолда қолганимиздан бўлган.

Директорга «Аҳволим ёмон, опа. Меҳнатга ярамайман», дедим. Равшаной опа эса «Келмасанг, сентябрдан сенга дарс бермайман. Бўлмаса, ўрнингга пул бериб одам қўй», деди. Ишга келмадим. Ҳамма тинмай меҳнат қилаётган эди. Қийналиб кетдик. Сўнг сизларга мурожаат қилдик.

Сизлар келиб кетганинглардан сўнг, «Севимли ТВ» мухбири келиб, «Kun.uz’даги мақола ёлғон», деб кўрсатув қилди. Ўша куни туман ХТБга мудир Шавкат Юлдашевнинг олдига борганмиз. Унга «Нега ёлғон маълумот бердинглар?», деб айтдик. Кейин вилоят ХТБдан юрист келиб, биздан тушунтириш хатларини олди. «Мактабда мажбурий меҳнат бўлганми?», «Устама-мукофот пулларини ҳаққоний тўлашадими?», «Мактабда пул йиғиладими?», деган саволларга жавоб ёздик. Биз бу директор билан бирга ишлашни истамаслигимиз, устама-мукофот пуллари фақат директор хоҳишига қараб берилишини айтиб берганмиз. Шу директор келганидан бери 20 нафарга яқин ўқитувчи ишдан бўшаб кетган. «Облоно»гача боришган, «директорнинг кучли одамлари борлиги учун ҳеч нарса қилиб бўлмади», деб индамай қолишди. Энг қизиғи, тумандаги 3 ва 6-мактабларда ҳам қурилиш ишлари бўлган. Лекин, уларда ўқитувчилар меҳнатга жалб қилинмади. Биз эса қум ва ғишт ташидик. Бизнинг мактабга ҳам бошқа мактабдан ҳеч ким келиб ишламаган. Уч ой Юсупов директорлик қилди. Роса яхши ишладик. Директор мактабга қайтгач 60 нафар ўқитувчи «Бирга ишламаймиз», деб ариза ёзиб қўл қўйди. Мен энди қўрқяпман. Менга «ташлашяпти». Ахир, ҳеч ким уларни мажбурлаб имзо чектирмади-ку?», дейди  ўқитувчи Нигора Фазлиддинова.

Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Муқаддас Давронова ҳам ўз фикрларини айтди.

«Апрель ойидан барча эркак ўқитувчиларимиз мактабдаги қурилиш ишларига жалб қилинган. Биз коллежга кўчганмиз. Дарслар ўтилмади. Лекин, бу ҳақда ҳеч ким директорга буйруқ бермаган эди. Бу ҳақда туман ХТБ бошлиғига ҳам айтганман. Май ойидан қолган ўқитувчиларни ҳам жалб қилишди. 31 октябрь куни Р.Исмоиловани яна қайтаришди. Мажлисдан деярли барча ўқитувчилар норози бўлиб чиқиб кетган. ХТБ мудири ўринбосари Даврон Ўроловга суд қарорини ҳурмат қилишимиз, лекин жамоа бу директор билан ишлашни хоҳламаслигини айтдик. Ўқитувчилар тинимсиз унинг тазйиқлари остида ишлашдан тўйган. Устама-мукофот пулларини ҳеч комиссия аъзолари бир бўлиб тайинлаганини ҳам кўрмадик», дейди ўринбосар.

Она тили ва адабиёт ўқитувчиси Муслимахон Болтаева ҳам айнан мана шу гапларни таъкидлади.

Директор билан суҳбат

Наманган туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан лавозимига қайтган Равшаной Исмоилова видеокамера қаршисида очиқ суҳбат қилишни истамади.

«Биз ҳуқуқий давлатда яшаяпмиз. Суд қарори билан ишимга қайтдим. Энг асосийси, жамоага, мактабга меҳрим тушган. Муассасада 10 йил давомида ишлаб, ҳеч кимдан ёмонлик кўрмадим. Жамоамни, ишимни яхши кўрганим учун яна шу жойга қайтдим. Бошқа мактабларга ўтишни таклиф қилишганди, унамадим. Мактабга ишга келганимдан бери  унинг ривожланишига шу жамоа билан бирга ҳисса қўшдик. Мажбурий меҳнат сабаб муҳит бузилди. Шу пайтгача ҳеч ким билан сен-менга бормаганман. Мажбурий меҳнат бўйича жазо олиб, жаримани тўладим. Сизлар ёзда келганингизда, мажбурий меҳнат бўлаётганини айта олмаганман. Ҳозир мактабда ишлар изига тушяпти. Мутасаддилар келиб мени қайта тайинлашганида залдан 60 нафар ўқитувчи чиқиб кетгани ҳақидаги гап ёлғон. Тўрт-беш ўқитувчи шунақа ёлғонларни айтяпти. Улардан ҳам хафа эмасман. Сизга «ота-оналар кузатув кенгаши раиси» сифатида таништирилган аёл ҳам аслида раис эмас.

Ҳақиқатда мактабда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганмиз. Мактаб реконструкциясида барча «демонтаж» ишларини муаллимлар қилди. Лекин мен мажбурламаганман. Раҳбарларнинг айтганини қилдим. Туман ХТБдан Илғорбек деган йигитни куратор қилиб қўйишди. Шу йигит бизни қурилиш ишларида бошқарган. Менга ҳам босим ўтказган. Вазият қурбони бўлдим», дейди Равшаной Исмоилова.

Равшаной Исмаилова суд мажлисида Чуст туман ҳокимлиги ва туман ХТБ раҳбарлари томонидан содир этилган қонунбузарликлар бўйича Kun.uz сайтида мақола чиққанидан сўнг шов-шувларни тинчлантириш учун мутасаддилар уни айбдор қилишганини айтган.

Биз директор ва жамоага эмас, ўқувчиларга ачиндик

Айни пайтда 9-умумтаълим мактабидаги муҳит жуда-жуда ачинарли. «Гуруҳбозлик» авж нуқтасига чиққан. Ўқитувчилар директорнинг бир қатор айбларини санайди. Директорнинг тарафдорлари эса тескариси.

Фарзанди шу мактабда таълим олувчи, ўзини «Кузатув кенгаши раиси» деб таништирган Барнохон Ғоипова айнан шу масалани таъкидлади.

«Мен ХТБ мудирига ҳам телефон қилиб, «Бу ерда ўқувчилар билим олади. Мактабдаги жанжалларни тўхтатинг. Ўқитувчилар гуруҳларга бўлинган. Ота-оналар ҳам. Энди ўқувчилар ҳам низоларига аралаштиришяпти», дедим. Буларни муросага келтириб бўлмаяпти. Жанжал кетидан жанжал. Охири кўринмаяпти. Менга ҳам таҳдид қилишди.

Ўртада болалар азият чекяпти. ХТБдан одам келиб ўрганиб, муҳитни тўғриламайдими? Ахир бу жой таълим даргоҳи. Ўқитувчилар дарсини ўтсин. Ота-она сифатидаги талабим: ўз ишини эплай олмаётганларни бўшатишсин. Жамоада парокандалик. Болалар увол бўляпти», дейди у.

30 йиллик тажрибага эга, бошланғич синф ўқитувчиси Оминажон Аҳмадалиева эса дилидаги гапни айтди: «Шу пайтгача бунақа ҳолатни кўрмагандим. Уч ой Юсупов раҳбарлик қилди. Бирга яхши ишладик. Ўқитувчилар ўз ишини билиб қилади. Раҳбарнинг кераги ҳам йўқ. Жамоада муҳитни албатта янгилаш керак!» 

Хулоса

Вилоят халқ таълими бошқармаси, Чуст туман ҳокимлиги, туман ХТБ мактабга келиб, муҳитни, вазиятни ўрганиши ва бир фикрга келиши лозим. Мактаб жамоаси, ота-оналар бир-бири билан тортишиб юраверса таълим-тарбия ишлари нима бўлади?

Мактабда ким раҳбар бўлиши, муҳит ўз йўлига. Муаллим ва муаллималар аввало муассасага ҳар кун келадиган минг нафардан зиёд болаларни ўқитишни, таълим-тарбия беришни ўйлаши керак.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов
тасвирчи Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид