Жаҳон | 17:50 / 20.11.2019
15353
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон мамлакатларининг фуқаролик рейтинги эълон қилинди

Фото: Shutterstock

Гронинген университетининг фуқаролик ва миграцион ҳуқуқлар бўйича эксперти Димитрий Коченов ва Henley & Partners консалтинг фирмаси раиси Кристиан Калин навбатдаги жаҳон мамлакатларининг фуқаролик рейтингини эълон қилди.

Фуқаролик рейтингини тузишда мамлакат иқтисодиётининг ҳажми, инсон салоҳияти ривожланиши даражаси, мамлакатдаги жамоат тартиби ва барқарорлик, мамлакат фуқаросининг визасиз нечта давлатга кира олиши, мамлакат фуқаросининг нечта давлатда эркин яшай ва ишлай олиши каби омиллар ҳисобга олинган.

Экспертлар Францияни рейтинг етакчиси деб топишди. Бу мамлакат фуқаролиги сифати 83,5 фоиз деб баҳоланди. Ундан кейинги ўринларда Германия ва Нидерландия жойлашди (82,8 фоиз).

Улардан ташқари, Дания (81,7 фоиз), Норвегия ва Швеция (81,5 фоиз), Исландия (81,4 фоиз), Финляндия (81,2 фоиз), Италия (80,7 фоиз), Буюк Британия (80,3 фоиз), Ирландия (80,2 фоиз) ва Испания (80 фоиз) юқори ўринларга лойиқ деб топилди.

Ўзбекистон 29,3 фоиз кўрсаткич билан 109-ўринда жойлашди. Яқин қўшниларимиз – Қозоғистон 84-ўрин (35,7 фоиз), Қирғизистон 102-ўрин (30,6 фоиз), Тожикистон 114-ўрин (27,9 фоиз) ва Туркманистон 122-ўриндан (26,7 фоиз) жой олди.

Фуқаролик сифати энг паст деб Сомали (13,8 фоиз, 159-ўрин), Афғонистон (15,4 фоиз, 158-ўрин) ва Жанубий Судан (15,9 фоиз, 157ўрин) топилди.

Мавзуга оид