Жамият | 18:40 / 20.11.2019
8745
2 дақиқада ўқилади

Нарпайда электр тармоқлари корхонасининг ярим миллиард сўм маблағи талон-торож қилинган

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси ва Нарпай туман бўлими томонидан туман электр таъминоти корхонасида истеъмолчиларнинг шахсий ҳисоб-варақаларига киритилган тўловларнинг қонунийлиги ўрганилганда электр тармоқлари корхонасининг катта миқдордаги маблағи асоссиз тарзда турли корхоналар ҳисоб-рақамларига ўтказиб юборилгани аниқланган. 

Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси Kun.uz`га хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, 2018-2019 йиллар давомида корхонанинг бир гуруҳ ходимлари корхонанинг ҳисоб рақамидаги жами 499,1 миллион сўм миқдордаги пул маблағларини ҳудудда жойлашган 173 та корхона ва ташкилотларнинг “Электрҳисоб” дастуридаги шахсий ҳисоб-рақамларига ҳеч қандай ҳужжат ва асоссиз ўтказиб берилган. 

Ноқонуний ўтказиб берилган маблағлар эвазига ушбу корхона ва ташкилотлар масъул ходимларидан нақд пулларни олиб, ушбу пулларни  электр таъминоти корхонасига кирим қилмасдан, банк кассасига топширмасдан, ўзларининг шахсий манфаатлари учун ишлатиб юборган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Нарпай туман бўлими томонидан туман электр тармоқлари корхонаси ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун туман прокуратурасига юборилган.

Мавзуга оид