Light | 21:15 / 20.11.2019
76172
4 дақиқада ўқилади

Қандай қилиб 24 соат ичида шамоллаш аломатларини енгиш мумкин?

Британия шифокорларидан энг мақбул кун тартиби.

Эрталаб уйқудан уйғонгандаги ўзини бетоб ҳис қилиш каби ёқимсиз ҳолат ҳар биримизнинг бошимиздан ўтган. The Sun нашри бир кунда тетиклашишни ва касал бўлмасликни истайдиганлар учун британиялик экспертлар билан бўлган суҳбат ҳамда унинг асосида тайёрланган «мукаммал кун тартиби»ни эълон қилди.

Тонг

Кунингизни иссиқ душ қабул қилишдан бошланг. Кардифф университети профессори ва шамоллашни даволаш бўйича мутахассис Рон Эклз шуни таъкидлайдики, буғ бурун битишини бартараф этади, иссиқ сув эса тана зирқирашини енгишда ёрдам беради.

Сўнгра нутрициолог Аманда Арселл тавсиясига кўра С витаминининг кунлик миқдори билан қувватланиш керак. Нонуштага қўшимча равишда апельсин ва киви қўшилган мевали салат қўшиш мумкин ёки севимли бўтқани резаворлар билан безатиш кифоя. Тонгги қаҳва ва чойдан эса воз кечган маъқул: таркибида кофеин бор ва бошқа суюқликларга нисбатан айнан улар организмдан тезроқ чиқиб кетади. Янги сиқилган апельсин шарбати тетикланишда самаралироқ фойда келтиради.

Кундузги вақт

Шамоллашнинг биринчи аломатлари юзага келиши билан, иложи борича, ишларни ортга суриб, уйда иссиқ ҳолатда қолишга ҳаракат қилинг. Аммо ташқарига чиқиш заруратга айланса, биринчи навбатда бурунни совуқдан ҳимоялаш керак — антителаларнинг вируслар билан кураши айнан бурунда рўй беради. Бурунни иссиқ шарф билан беркитинг ва ёнингизда бурунни намлантирувчи спрей олиб юринг.

Бетоблик ҳолатига даво қилувчи энг яхши таом товуқ шўрва ҳисобланади ва Англиянинг Листер шифохонаси ЛОР-жарроҳи Адам Фрош бу фикрга мутлақ қўшилади. Бундай шўрва нафақат озиқлантиради, балки илиқлик ва қулайлик ҳиссини беради — касал инсон учун идеал таом. Шунингдек, шифокорлар иложи борича кўпроқ сув ичишни ва спиртли ичимликлардан сақланишни маслаҳат беришади. 

Агар иштаҳа йўқолмаган бўлса, овқатланиш оралиғида Бразилия ёнғоқларидан жуфт ҳовуч миқдорида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Аманда Арселлнинг сўзларига кўра, ушбу ёнғоқ таркибидаги селен катта фойдани ҳосил қилади — у иммунитет тизими учун муҳим элемент, яъни оқсиллар билан бирикиб, вирусларга қарши курашда ёрдам беради. 

Кечқурун

Кечки овқат учун аччиқ карри қўшилган таом тайёрланг. Аманда зираворлар бурун шиллиқ қаватини тирнаш хусусияти келтириб чиқаради ва бурун битиб қолишига тўсқинлик қилиб уни тозалашни осонлаштиради деган фикрда. Шундан сўнг, сиз ўзингизни дарҳол яхши ҳис этасиз. 

Кўпинча, шамоллашнинг биринчи аломатларида, одамлар ҳеч бўлмаганда бирортаси иш беради деб умид қилиб, бир неча хил дори воситалари ичишади. Аммо доктор Фрош парацетамол ва ибупрофенни чеклашни маслаҳат беради. Дозалаш ишлаб чиқарувчига боғлиқ, шунинг учун қўллашдан олдин кўрсатмалар билан танишиб чиқинг. Энг охирги ибупрофен таблеткасини яхшиси тунда ичган маъқул: унинг таъсири одатда узоқроқ давом этади ва ухлаб қолишингизга ёрдам беради. Иккала дори ҳам бир-бирига ўхшаш тарзда таъсир ўтказади, биргаликда ҳарорат ва оғриққа қарши курашади.

Уйқуга эртароқ ётган маъқулроқ. Уйқусизлик иммунитет тизимига салбий таъсир кўрсатади: ҳимояловчи оқсилларни ишлаб чиқариш камаяди. Камида 8 соат дам олиш зарур, акс ҳолда тана ҳимояси заифлашади ва кундузги даволаш чораларининг таъсири камаяди.

Мавзуга оид