Жамият | 15:51 / 21.11.2019
62624
2 дақиқада ўқилади

«Ўқитувчининг мақоми тўғрисида»ги қонун ўқитувчиларга қандай имтиёзлар бериши айтилди

«Ўқитувчининг мақоми тўғрисида» қонун лойиҳасида ўқитувчиларга коммунал ва солиқ тўловлари, фарзандини мактаб ёки боғчага жойлаштириш, кредит олиш ва пенсия чиқишда имтиёз ёки устуворликлар берилиши кўзда тутилган.

Фото: Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти

Бу ҳақда Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев 20 ноябрь куни Давлат бошқаруви академиясида ўтказилган «Янгиланаётган жамиятда ёшларнинг ижтимоий фаоллиги: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги конференцияда маълум қилди.

«Ўн йилча олдин қўлимга «Ўқитувчининг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси келиб тушганди. Шу лойиҳа ҳалиям юрибди қаердадир. Ҳозир бир нарса деёлмайман. Насиб этса, кейинги чақириққа сайлансак, ўқитувчининг мақоми тўғрисида алоҳида қонун қабул қилиш керак, деб ҳисоблаяпмиз.

Ушбу қонунда нималар бўлади? Қонунда ўқитувчи деганда кимни тушунишимиз, унинг ижтимоий ҳимоя кафолатлари, масалан, коммунал тўловларни тўлашда, кредит олиш, фарзандини мактаб ёки боғчага жойлаштиришда, пенсияга чиқишда, солиқ тўловларини тўлашда қандай имтиёз ёки устуворликка эгалиги ва бошқа нормалар акс этиши кўзда тутилган. Асосий эътибор ўқитувчиларни ижтимоий муҳофаза этиш, уларнинг ижтимоий доминантлигини оширишга қаратилади», дея депутатнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Кушербаевга кўра, нафақат у, балки парламент қуйи палатасидаги кўплаб депутатлар «Ўқитувчининг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тарафдори.

Расул Кушербоев соҳани тартибга солиш, муаммоларга барҳам беришнинг бундан бошқа йўли йўқлиги, бироқ қонун лойиҳасини пухта ва мукаммал ишлаб чиқиш муайян вақт талаб этишини, бу борада Халқ таълими ва Олий таълим вазирликлари билан келишиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, «Ўқитувчи мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси шу йил январь ойида эълон қилинган эди

Мавзуга оид