Ўзбекистон | 21:59 / 21.11.2019
13482
2 дақиқада ўқилади

Воронежда қурилаётган объект яқинида ғишт босиши оқибатида икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Консуллик бўлими 19 ноябрь куни Воронеж шаҳрида қурилаётган объект яқинида 13-қаватдан тушган ғиштлар босиши натижасида Ўзбекистон фуқаролари М.Р. ва С.К. ҳалок бўлгани тўғрисидаги ОАВ хабарини тасдиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирда тергов органлари томонидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 109-моддаси 3-қисми (эҳтиётсизлик туфайли ўлимга олиб келиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди ва тергов олиб борилмоқда.

Элчихона Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси билан биргаликда ҳамюртлар жасадларини ватанга жўнатиш учун консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал этишда ёрдам бермоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ҳамда эслатиб ўтадики, Россиянинг Марказий федерал округи (Белгород вилояти, Брянск вилояти, Владимир вилояти, Воронеж вилояти, Иваново вилояти, Калуга вилояти, Кострома вилояти, Курск вилояти, Липетск вилояти, Москва шаҳри, Москва вилояти, Орлов вилояти, Рязан вилояти, Смоленск вилояти, Тамбов вилояти, Твер вилояти, Тула вилояти, Ярослав вилояти) ва Арманистон ҳудудидаги фуқароларимиз зарур вазиятларда Москва шаҳридаги элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: : +7 499 230-00-76, +7 499 238-36-20.

Мавзуга оид