Моурнинг «Тоттенҳэм»даги биринчи ўйини ва грандлар тўқнашуви. Ҳафта ўйинлари анонси
Европа клублар футболида миллий чемпионат ва еврокубоклар ўзининг қизғин палласини бошламоқда. Бундан кейин, янги йилгача, клублар деярли ҳар ҳафта иккитадан ўйин ўтказиб боради. Ушбу дам олиш кунлари учун ҳам бир қатор қизиқарли жуфтликлар танланган.
ГАЛАТАСАРОЙ – ИСТАНБУЛ Б (22 ноябрь, 22:30)
Истанбул жамоалари деганда, аслида биз учта клубни тушунсак-да, сўнгги йилларда Бошоқшеҳирнинг «Истанбул» жамоаси ҳам бу гуруҳга қўшилди ва айниқса, «Галатасарой» билан қарама-қаршилик Туркияда сўнгги йилларнинг класикасига айланди. Сабаби икки йилдан бери «Истанбул чемпионлик учун жуда яқин келяпти ва фақат сўнгги турлардагина, тажриба ўз сўзини айтиб, «Галатасарой» улоқни илиб кетаётганди.
Эсингизда бўлса, ўтган мавсумнинг сўнгги турларидан бирида «Галатасарой» «Истанбул»ни қабул қилган ва 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришиб, чемпионликни расмийлаштирганди. Жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихи ҳам муросасиз – ҳар икки клубда еттитадан ғалаба мавжуд ва уч ўйин дуранг билан якунланган. Ушбу мавсум ҳам катта эҳтимол, бош соврин мана шу жамоалар ўртасида ўйналса керак.
Рақиблар турнир жадвалида бир хил (19) очко жамғариб, 5-6 ўринларни эгаллаб турган бўлишса-да, бир ғалаба уларни пешқадамга айлантириши ҳам мумкин. Бу йилги Суперлига жуда қизиқарли бошланди – 8-ўриндаги «Бешиктош» 18 очкога эга ва пешқадам «Сиваспор»дан атиги 3 очко кам жамғарган, холос.
Ушбу ўйинда икки ойдан бери барча мусобақаларда мағлубиятсиз кетаётган «Истанбул»нинг имкониятлари бироз юқори баҳоланмоқда. Зеро мезбонларнинг қарийб ярим таркиби жароҳат туфайли учрашувни ўтказиб юбориши мумкин. Жароҳатланган Андоне, Фалькао, Ўзбайроқли, Белҳанда, Оқбобо каби футболчилардан ташқари, Муслера, Лемина ва Бабел каби футболчиларнинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолган. Меҳмонлардан эса, фақат Ирфан Жан Каҳвежи ва Дэниел Алексис жамоага ёрдам бера олмайди.
ВЕСТ ҲЭМ – ТОТТЕНҲЭМ (23 ноябрь, 17:30)
Бу Лондон дербиси, ким билади, шунинг ўзи ҳам ўйинга алоҳида эътибор беришга етарли бўлармиди, йўқми, аммо Жозе Моуриньо «Тоттенҳэм» мураббийига айлангани бутун Европа ҳам бу ўйинни қизиқиш билан кутишига замин яратмоқда. Жозе шунақа, бу янгилик эмас.
Умуман олганда, ўтган ойнинг энг омадсиз жамоаларининг тўқнашуви анча шиддатли кечишини кутса бўлади. «Тоттенҳэм»нинг АПЛдаги ғалабасиз ўйинлари серияси 5 учрашувга етиб улгурди ва жамоа 14-ўринга тушиб кетди. «Вест Ҳэм»нинг аҳволи ундан бадтар – Пеллегрини шогирдлари сўнгги марта икки ой олдин «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда ғалаба қозонганди. Сўнгги беш ўйиннинг тўрттаси эса рақиблар фойдасига тугади. «Вест Ҳэм» 12 турдан кейин 13 очко жамғариб, 16-поғонани банд этиб турибди.
«Болғачилар» учун айниқса, асосий футболчиларнинг жароҳати ҳам халақит беряпти. Дарвозабон Лукаш Фабиански йил охиридагина сафга қайтиши мумкин. Лансини январь ойигача майдонга туша олмайди. Шунингдек, бу сафар жамоа етакчиси Марк Нобл, ҳужумчи Майкл Антонио каби футболчиларнинг ҳам қатнаша олмасликлари ҳақиқатга яқинроқ. Фақат Жек Уилширнинг машғулотларга киришгани ва балки ўйинга тайёр бўлиши мезбонларни хурсанд қилади. Меҳмонлардан эса, икки дарвозабондан ташқари, Ламела ва Вертонген спорт формада эмас. Ўз ўзидан, янги мураббий ҳам таркибда бир қатор ўзгаришлар қилса керак.
Ўзаро ўйинларда қизиқ тарафи, негадир, «Вест Ҳэм» «Тоттенҳэм»га қарши сафар ўйинларида муваффақиятлироқ ҳаракат қилмоқда. Ўтган мавсумдаги ўйинда 1:0 ҳисобида ғалабадан ташқари, икки йил олдин, Лига Кубогида ҳам 3:2 ҳисобидаги ғалаба билан «Тоттенҳэм»ни турнирдан чиқариб юборишган. 2017/18 йилги мавсумда ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Ўз майдонида эса, аксинча, «Вест Ҳэм» уч ўйиндан бери мағлубиятга учраб келмоқда. «Вест Ҳэм»нинг уйда «Тоттенҳэм» устидан қозонган сўнгги ғалабаси 2017 йилнинг май ойига тўғри келади. Ўшанда Мануэл Лансинининг ягона голи мезбонларга ғалаба олиб келганди.
АТАЛАНТА - ЮВЕНТУС (23 ноябрь, 19:00)
Катта эҳтимол билан «Ювентус» мавсумдаги энг қийин сафарларидан бирини ўтказади. Биринчидан, «Аталанта» А Сериянинг энг ҳужумкор жамоаси ҳисобланади ва бундай жамоа айниқса, ўз уйида туринликлар учун хавфли. Иккинчидан, «Ювентус» шундоғам уч ўйиндан бери «Аталанта» устидан ғалаба қозона олмай келмоқда. Айниқса, ўтган йилги Италия кубоги ўйинида бергамоликлар 3:0 ҳисобида устун келганини эсласангиз керак. Учинчидан, ўйин терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг бўлиб ўтаётгани ҳам «Аталанта»нинг имкониятларини оширади. Зеро, «Ювентус»нинг турли терма жамоаларга сафар қилган футболчилари сезиларли даражада кўпроқ ҳисобланади.
Бундан ташқари, келаси ҳафта «Ювентус» «Атлетико»га қарши Чемпионлар Лигаси ўйинида майдонга тушишини ҳам эътиборга олиш керак. Сарри жамоаси расман кейинги босқич масаласини ҳал қилган бўлса-да, гуруҳда 1-ўринни олиш учун курашда мадридликларга ютқазмаслик шарт.
«Аталанта» чемпионатда жуда яхши кетаётганди ва қаторасига йирик ғалабаларни қўлга киритаётганди. Лекин Чемпионлар лигасида «Манчестер Сити»га қарши ўйинларга тайёргарлик, шу туфайли бир қатор ўйинларда етакчиларга дам берилиши жамоа натижаларига ҳам таъсир кўрсатди. «Наполи» майдонидаги дурангни активга ёзиш мумкин, лекин «Кальяри»га қарши уй ўйинидаги мағлубият ҳаммасидан ҳам оғир бўлди. Ўтган турда эса «Сампдория» билан голсиз дурангга имзо чекилди. Яъни, юқорида тилга олинган танаффус «Аталанта» учун айни муддао бўлди. Гасперини шогирдлари енгил тин олиб, яна бор имконият билан олдинга ташланишлари мумкин.
Таркибларга келсак, «Аталанта» ўйинидаги пасайишга шунингдек, асосий голеадор Дуван Сапатанинг жароҳат олгани ҳам сабаб бўлганди. У машғулотларга киришган ва балки захирадан бўлса ҳам шерикларига ёрдам бериши мумкин. Лекин бошқа етакчи Иосип Иличич ўтган ўйинда қизил карточка олганди. Шунингдек, Руслан Малиновски ҳам дисквалификация туфайли ўйинда қатнаша олмайди. Меҳмонлардан биз билган, узоқ муддатга сафдан чиққан футболчилардан ташқари, мураббий билан ораси бузилган Криштиану Роналду, шунингдек, Блез Матюиди ва Миралем Пьяничнинг майдонга тушишлари шубҳа остига олинган.
МИЛАН – НАПОЛИ (23 ноябрь, 22:00)
«Рома»га қарши ўйин олдидан миланликларнинг жуда қийин тақвимга кириб бораётганликлари ва кутилаётган учрашувлар жамоанинг янги мураббийи учун ҳам ҳақиқий синов бўлишини тахмин қилгандик. Айтиш мумкинки, натижа борасида синовдан ўта олинмади. «Милан» «Рома»дан ҳам, «Лацио»дан ҳам, ўтган турда «Ювентус»дан ҳам мағлубиятга учради. Фақат бу ўйинларда минимал ҳисоблар қайд этилгани ҳамда Туриндаги ўйинда «Милан» анча мазмунли ўйнагани мухлисларни бироз овутиши мумкин. «Ювентус» билан ўйинда жамоа ўйин борасида рақибидан кам кўринмади, дарвозага аниқ зарбалар бўйича устунлик ҳам қилди. Учрашувнинг энг яхши футболчиси деб Войцех Шесни топилгани ҳам кўп нарсадан дарак бермоқда. Демак, «Наполи»га қарши ўйин «Милан» ўз ўйинини топишида муҳим қадам бўлиши мумкин.
«Наполи»нинг аҳволи ҳам ҳавас қилгудек эмас. Барча мусобақаларда беш ўйиндан иборат ғалабасиз серия, Италияда сўнгги 4 ўйиндан атиги 3 очко олган Анчелотти шогирдлари турнир жадвалида 7-ўринга тушиб кетишди. «Ювентус» билан орадаги фарқ эса, энди 13 очкони ташкил қилмоқда. Табиийки, чемпионлик учун курашиши керак бўлган мураббийнинг курсиси ҳам қимирлаб қолган ва бу ўйинда нима қилиб бўлса ҳам, ғалаба учун ҳаракат қилиши тайин. Умуман, Карло Анчелоттининг қадрдон стадион – «Сансиро»га келиши ҳам ўзгача муҳитни ҳосил қилса керак.
Мезбонлардан Исмоил Беннасер ва Ҳоқон Чалхонўғли дисквалификация туфайли жамоага ёрдам бера олишмайди. Шунингдек, Саму Кастельехо ҳам сонидан жароҳат олган. Ҳимоячи Матео Мусаккио эса шу ҳафта умумий гуруҳ билан шуғулланишни бошлади. «Наполи» таркибида Аркадиуш Миликда кичик жароҳат бор. Файзи Ғулом ҳам сонидан олган жароҳат туфайли ўйнай олмаса керак.
МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЧЕЛСИ (23 ноябрь, 22:30)
«Ливерпуль» узоқлашиб кетди ва энди «Манчестер Сити» рақибига босим қила олмайди. Фақат «Ливерпуль»нинг ўзида пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммолар Пеп Гвардиола жамоасига имконият тақдим этиши мумкин. Бунинг учун эса, ҳар ўйинда юз фоизлик натижа учун ўйналиши, аввало, «Челси» устидан ғалаба қозонилиши шарт.
Қизиқ, негадир, худди ливерпулликларнинг таъқибчиси «Манчестер Сити»дек фикр юритяпмиз, аслида, турнир жадвалига қарасак, «Челси» кўпроқ очко тўплаган ва «Сити»дан олдинроқда турибди. Бунга сабаб эса, Лемпард шогирдлари кўрсатаётган ажойиб серия бўлди. «Челси» роппа роса икки ой муқаддам ўз майдонида «Ливерпуль»дан мағлубиятга учраганди. Шундан бери, АПЛда 6 тур бўлиб ўтди ва бу ўйинларнинг барчасида «Челси» ғалаба қозонди. 15 гол урди, атиги 4та ўтказиб юборди.
Ўзаро ўйинларга қарасак, табиийки, «Этиҳад»да бўлиб ўтган сўнгги шоу эсга келади. «Манчестер Сити» ўшанда рақибини 6:0 ҳисобида мағлуб этган, илк 25 дақиқадаёқ ҳисоб 4:0 кўринишига келганди. Орадан бир ҳафта ўтиб, рақиблар Лига кубоги финалида тўқнаш келишди ва бу сафар пенальтилар сериясида «Сити»нинг қўли баланд келди. Аммо «Челси»нинг Манчестердаги ғалабасига ҳам анча бўлмаганини, уч йил олдин Конте бошчилигида лондонликлар бу стадиондан 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан кетганликларини унутмаслик керак. «Сити» ҳатто ушбу мавсумда ҳам ўз майдонида мағлубиятга учраб улгурди – «Вулверҳэмптон» жавобсиз икки гол урганди.
Терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг, ҳар икки жамоа футболчилари ичида ким қандай формада бўлишини тахмин қилиш осон эмас. Айтиш мумкинки, мезбонлардан Зинченко тикланиб улгургани йўқ. Дарвозабон Эдерсоннинг сафга қайтиши маълум эмас. Бернардо Сильва эса Ливерпулдаги қизил карточка туфайли дисквалификация қилинган. Меҳмонлардан эса, Рос Баркли, Антонио Рюдигер, шунингдек, Кристиан Пулишичда жароҳат бор.
Лэмпарднинг собиқ жамоасига рақиблиги қандай кечишига гувоҳ бўлиш учун ҳам ушбу ўйинни кўриш керак.
РЕАЛ МАДРИД – РЕАЛ СОСЬЕДАД (24 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)
Мальоркадаги мағлубиятдан сўнг, «Реал» жуда яхши йўлга тушиб қолди, Ла Лигада 4 ўйиндан уч ғалаба, шунингдек Чемпионлар Лигасида «Галатасарой» устидан икки марта ғалаба қозонилди. Бу беш учрашувда «Реал» рақиблар дарвозасига 16 марта гол урди. Куртуа бу беш ўйинда ўз дарвозасини дахлсиз сақлади ва Кейлор Наваснинг натижасини яхшилади. Ҳали турнир жадвалида «Барселона»ни қувиб ўтишнинг уддасидан чиқилмаган бўлса-да, ушбу ижобий серияни давом эттириш иштиёқи баланд экани табиий. Рақиб эса, анойи эмас.
Сосьедадликлар яқингача турнир жадвалида пешқадамлик қилиб турганди. Аммо уй ўйинларидаги охирги икки муваффақиятсизлик вазиятни ёмонлаштириб қўйди. «Леванте» ва «Леганес» жамоаларига қарши ўйинларда 6 очкодан умид қилган Алгуасил шогирдлари атиги 1 очко билан кифояланишга мажбур бўлди. Йўқотилган бу беш очко билан басклар ҳозирда бемалол яккапешқадам бўлиб олишлари мумкин эди.
«Сосьедад» Мадрид устидан охирги 18 ўйиндан атиги 3тасида ғалаба қозонган. Аммо бу ғалабаларнинг иккитаси ўтган мавсумга тўғри келади. Шу йилнинг январида «Бернабеу»да бўлиб ўтган ўйинда меҳмонлар 2:0 ҳисобида зафар қучганди.
Майдонга тушиши мумкин бўлган футболчилар сафига мадридликлардан Марсело ва Лука Йович қўшилди. Бу футболчилар машғулотларда қатнашишни бошлашган ва агар лозим бўлса, Зидан уларнинг хизматидан ҳам фойдалана олади. Хамес Родригес, Лукас Васкес ва Начо Фернандес ҳамон лазаретда қолмоқда. Меҳмонлар сафида Мартин Одегарднинг ўз собиқ жамоасига қарши майдонга тушиши кўпчилик учун қизиқ бўларди, лекин ушбу ёш футболчида кичик жароҳат бор. Шунингдек, яна бир собиқ «реалчи» Асьер Ильярраменди ҳам келаси ой охиригача шерикларига ёрдам бера олмайди. Ҳужум чизиғидаги асосий фигуралардан бири бўлган Порту эса белидан олган жароҳати туфайли Мадридга келмаса керак.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
22 ноябрь. БОРУССИЯ Д - Педерборн (23 ноябрга ўтар кечаси, 00:30), ПСЖ - Лилль (23 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)
23 ноябрь. Леганес - БАРСЕЛОНА (17:00), Фортуна - БАВАРИЯ (19:30), Унион Берлин - БОРУССИЯ М (19:30), АРСЕНАЛ - Саутҳэмптон (20:00), Кристал Пэлас - ЛИВЕРПУЛЬ (20:00) Торино - ИНТЕР (24 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)
24 ноябрь. РОМА - Брешия (19:00), Шеффилд - МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (21:30).
Мавзуга оид
15:13 / 05.10.2024
«Реал» ноқулай рақибга қарши, тен Ҳагнинг тақдири тикилган ўйин, Бундеслигада пешқадамлар тўқнашуви. Ҳафта ўйинлари анонси
18:27 / 15.09.2023
«Бавария» пешқадамга қарши, Миланда дерби, «МЮ» ва «Реал» учун жиддий синов
13:38 / 01.06.2023
«Севиля» яна Европа Лигасида ғолиб. Уларни Моуриньо ҳам тўхтата олмади
20:46 / 28.01.2023