Ўзбекистон | 11:40 / 24.11.2019
56085
2 дақиқада ўқилади

Республика ЙҲХББ раҳбари ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан раҳбарлик лавозимларига тайинловлар амалга оширилди.

Олим Саидов

Полковник Олим Чориқулович Саидов Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

У бу лавозимда узоқ йиллар давомида ишлаб келган Холматжон Ахматович Сайдалиев ўрнини эгаллади. Олим Саидов 2018 йил октябридан буён Юнусобод туман ИИБ бошлиғи эди. У 2017 йил сентябридан 2018 йил октябригача Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари ва ва Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимида ҳам ишлаган.

Полковник Улуғбек Тошпўлатович Муҳамедов Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.

Улуғбек Муҳамедов

Шу вақтга қадар президент администрациясида ишлаб келган Улуғбек Муҳамадиев бу лавозимда узоқ йиллар ишлаган полковник Бадриддин Усманович Шорихсиевни алмаштирди. 

Холматжон Сайдалиев

Бундан аввалроқ Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича собиқ ўринбосари генерал-майор Азизбек Исроилович Икромов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимига тайинлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Ички ишлар вазирининг яна бир ўринбосари ва ППХ раҳбари ўзгарган.

Эслатиб ўтамиз, 22 ноябрь куни Ички ишлар вазирининг жамоатчилик тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Муҳиддин Жўраев ва ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони генерал майор Дмитрий Пан лавозимидан озод этилгани маълум қилинган эди. 23 ноябрь куни Бош прокуратура генерал майор Дмитрий Панга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва унга нисбатан Тошкент ҳарбий судининг ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида «қамоққа олиш» қўлланилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид