Ўзбекистон | 20:10 / 26.11.2019
8146
2 дақиқада ўқилади

Авиакомпанияларни хусусийлаштириш масаласи кўриб чиқилмаяпти – Транспорт вазирлиги

Транспорт вазирлиги ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Улуғбек Бектошевнинг маълум қилишича, бугунги кунда «Uzbekistan Airways» ҳамда «Uzbekistan Airports» акционерлик жамиятларининг 100 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Миллий авиакомания – «Uzbekistan Airways» акционерлик жамиятини хусусийлаштириш масаласи айни пайтда кун тартибида эмас. Балки кейинчалик бунга қайтилиши мумкиндир, аммо ҳозир хусусийлаштириш масаласи кўриб чиқилмаяпти», дея Улуғбек Бектошевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ Ўзбекистонда аэропортлар, шунингдек, давлат улуши мавжуд барча корхоналар хусусийлаштирилиши айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонига мувофиқ «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Учувчилар мажмуаси» ДУК, «Ҳаво алоқалари бош агентлиги» ва «Ўзавиатехтаъминот» МТТМ негизида «Uzbekistan Airways» АЖ, «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда фуқаро ва экспериментал авиациясида ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат ва техник жиҳатдан мувофиқлаштириш ваколати берилган Фуқаро авиацияси агентлиги ташкил этилган эди.

Мавзуга оид