Иқтисодиёт | 12:31 / 30.11.2019
42102
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг асосий ташқи қарзи ОТБ, Жаҳон банки, Хитой ва Япония ҳиссасига тўғри келиши маълум қилинди

Фото: AP

Олий Мажлис Сенатининг бугун, 30 ноябрь куни бўлиб ўтаётган йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Абдуқодир Тошқулов вазирликлар ва идоралар олинган ташқи қарзларни нечоғли самарали, мақсадли ишлатаётгани, бу қандай назорат қилинаётгани билан қизиқди.

Бош вазир ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров жорий йил якунлари бўйича давлат ташқи қарзи 1,5 баробар кўпайиши кутилаётганини маълум қилди ва бунинг сабабини йирик лойиҳаларнинг молиялаштирилиши билан изоҳлади.

“Йил бошига яхлитлаб айтадиган бўлсам, ташқи қарзимиз 9,9 млрд долларни ташкил этар эди. 2019 йил 1 октябрь ҳолатига ташқи қарзимиз 13,5 млрд АҚШ долларини ташкил қиляпти. Маблағлар қаердан келяпти деган саволга тўхталсам, йил боши ва йил охирини қарайдиган бўлсак, ташқи қарз манбалари таркибида сезиларли ўзгаришлар йўқ. Жами ташқи қарзнинг қарийб ярмини халқаро молия ташкилотлари берган. Халқаро молия ташкилотлари асосан узоқ муддатли имтиёзли кредитлар беради. Халқаро молия ташкилотлари ичида энг катта кредиторимиз Осиё тараққиёт банки. Йил охиригача ОТБдан оладиган қарзимиз 3,6 млрд долларга етиши кутиляпти, бу ҳозирча прогноз, аниқ рақамлар эмас. Жаҳон банкининг қарзи йил охиригача 2,7 млрд доллар атрофида бўлиши кутиляпти”, дея Жамшид Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Молия вазирининг маълум қилишича, мамлакатлар кесимида Ўзбекистоннинг энг катта кредиторлари Хитой (йил бошидаги ташқи қарз миқдори 2 млрд доллар), Япония (1,5 млрд доллар), Германия (334 млн доллар), Жанубий Корея (114 млн доллар) бўлиб, улардан кейинги ўринларда Франция, АҚШ, Кувайт, Саудия Арабистони, Испания ва Россия туради.

“Ташқи қарзнинг назорати ҳақида гапирадиган бўлсам, биринчидан, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларимиз ҳозир жуда ҳам мўътадил даражада. Чунки жорий йилнинг якунлари билан ташқи қарзимиз ялпи ички маҳсулотга нисбатан йигирма беш фоизни ташкил этади. 4-5 ой аввал Халқаро валюта жамғармаси билан ташқи қарз бўйича стратегиямизни ишлаб чиқиш бўйича бирга ишладик. ХВЖнинг таъкидлашича, ташқи қарз миқдори ЯИМнинг 55 фоизигача бўлса, хавфсиз ҳисобланади. Биз 55 фоизмас, 50 фоизни олдимизга мақсад қилиб қўйдик, шундан келиб чиқиб, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ҳам ҳар йили янгидан имзо чекиладиган ташқи қарз шартномалари миқдорини 4 млрд доллар билан чеклаб қўйдик”, деб айтган бош вазир ўринбосари.

Жамшид Қўчқоров давлатнинг ташқи қарзлари билан ишловчи ташқи савдо ва инвестициялар, иқтисодиёт ва саноат, молия вазирликларининг бу соҳадаги самарадорлигини ошириш чиндан катта вазифа эканини таъкидлаб, бу бўйича ҳозир президент фармони лойиҳаси тайёрланаётгани, унга биноан бош вазир ҳузурида махсус кенгаш ёки ишчи гуруҳ ташкил этилиши, у ташқи қарз билан боғлиқ лойиҳаларнинг назорати билан шуғулланишини маълум қилди.

Молия вазирининг айтишича, давлат ташқи қарзи 2019 йил давомида 1,5 баробарга ошиб йил якунида 15,3 млрд. доллар (ЯИМга нисбатан 25,4 фоиз) миқдорида бўлиши кутилмоқда.

Сенатор Абдуқодир Тошқулов молия вазирига оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ошиб бораётгани тез-тез кўтарилиши, бу масала ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга, аҳолининг хавотирларга сабаб бўлаётганини айтиб, Молия вазирлиги олинаётган ташқи қарз нималарга сарфланаётгани, жамоатчиликнинг хавотири асосли ёки асоссиз эканига зудлик билан ойдинлик киритиш, баёнот ва шарҳлар берилишини йўлга қўйишини таклиф этди.

Аввалроқ, Молия вазирлиги айни пайтда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 23,8 фоизни ташкил этаётгани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид