Ўзбекистон | 13:40 / 04.12.2019
5671
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг ҳамкорликдаги қўшма ўқув машғулотлари ўтказилди

Шарқий ҳарбий округ «Ғурумсарой» дала-ўқув майдонда «Шарқ–2019» Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги 5 кунлик тактик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълум қилмоқда.

Дастлаб «Ғурумсарой» дала-ўқув майдонида икки давлат ҳарбий хизматчилари иштирокида брифинг ташкил этилиб, ҳамкорликдаги машқларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар келишиб олинди.

Ўқув машғулотлари очилишида таъкидланганидек, ушбу машқлар ҳар икки томон учун ҳам жанговар салоҳият, профессионал тайёргарлик бўйича билимларни ошириш ҳамда халқаро терроризмга қарши курашда тажриба алмашишда муҳим ўрин тутади.

Бир нечта ўқув жойларида қатнашчилар билан жанговар ва махсус тактик тайёргарлик йўналишларида машғулотлар ўтказилди. Бўлинмалар олдига қўйилган ўқув вазифага кўра, шартли душман объектларини қидириб топиш, ҳаракатланиш вақтида қўққисдан пайдо бўлган кичик гуруҳларни яксон қилиш талаб этилди. Бунда асосий эътибор ҳарбий хизматчиларнинг жипслигини таъминлаш, бир-бирини қўллаган ҳолда душман объектига талофат етказиш каби амалий машғулотларга қаратилди.

«Шарқ–2019» ҳамкорликдаги ўқувлари давомида тунги шароитда ҳам машғулотлар бўлиб ўтди.

Шартли душман эҳтимол тутилган ҳудудда разведка ишлари ўтказилиб, олинган маълумотлар зудлик билан юқори қўмондонликка етказилди. Бўлинма командири томонидан тегишли қарор қабул қилингач, қўққисдан ҳужум бошланди. Шартли душман объектлари ва уларнинг жанговар техникалари нишонга олинди. Ҳамкорликдаги бўлинмаларнинг тезкор ва шиддатли ҳаракати туфайли шартли террорчилар тўдаси батамом тор-мор қилинди.

Ҳамкорликдаги ўқувларининг ёпилиш қисмида машғулотлар юксак савияда ўтганлиги, машқлар икки давлат ҳарбийларига тажриба алмашишлари учун катта имконият яратгани алоҳида эътироф этилди.

Мавзуга оид