Жамият | 17:51 / 05.12.2019
8780
3 дақиқада ўқилади

Профилактика инспекторларини қўл кишанлари билан таъминлаш 72 фоизга етказилди — ИИВ

Бугунги кун ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги профилактика инспекторларини қўл кишанлари билан таъминлаш 72 фоизга етган. Бу ҳақда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев бугун, 5 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида ушбу масала кўтарилганидан сўнг ўтган вақт давомида профилактика инспекторларини қўл кишанлари билан таъминлаш 45 фоиздан 72 фоизга кўтарилди. Вазиримизнинг топшириқларига асосан яна 3 кундан сўнг бу кўрсаткич 100 фоизга етказилади», дея Бахтиёр Бердиалиевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда шунингдек, профилактика инспекторларининг 97,4 фоизи ўзлари фаолият олиб бораётган жойларда хизмат уйига эгалиги маълум қилинди.

«Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги қарорига кўра, ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлаш йўлга қўйилди. Бу борада махсус дастур ҳам ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунга келиб таянч пунктлари профилактика инспекторларининг 97,4 фоизи ўзлари фаолият олиб бораётган маъмурий ҳудудларда хизмат уй-жойларига эга. Айни пайтда профилактика ходимларининг яна 2,3 фоизига маҳаллий ҳокимликлар томонидан ерлар танлаб олиниб, қурилиш ишлари кетмоқда.

Хизмат уйлари маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилган бўлиб, улар таянч пунктлари профилактика инспекторлари учун хизмат фаолияти жараёнида яшаши учун мўлжалланган. Бошқа ишга ўтганда бу уй унинг ўрнига тайинланган профилактика инспекторига ўтади. Шу сабабли хизмат уйларини профилактика инспекторларининг номига расмийлаштириб бериш кўзда тутилмаган», дейди Бахтиёр Бердиалиев.

ИИВ Бош бошқарма бошлиғининг қўшимча қилишича, таянч пунктларининг профилактика инспекторлари ўзлари фаолият олиб бораётган жойда ажратилган хизмат уйларида яшашлари шарт. Агар уларнинг ўзларига ажратилган хизмат уйларида яшамаётгани аниқланса, ички ишлар органлари сафидан четлаштирилади.

Аввалроқ Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида профилактика инспекторларининг 55 фоизида кишан йўқлиги маълум қилинган эди. Шунингдек, профилактика инспекторларига хизмат уйлари ҳалигача ИИВ балансига олинмагани танқид қилинган, иложи бўлса, бу уйларни ходимларга ипотека кредити асосида ажратиш кераклиги айтилган эди.

Мавзуга оид