Ўзбекистон | 20:44 / 07.12.2019
16752
5 дақиқада ўқилади

«Парламент довюрак бўлиши керак». Сафоев сайлов, унга ҳокимлар аралашуви ва янги импорт божлари ҳақида

6 декабрь куни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида «Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва парламент сайловлари» мавзусида медиа анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида Kun.uz мухбири Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан суҳбатда бўлди.

«Ҳозир Ўзбекистон демократияси учун муҳим сайловлар арафасида турибмиз. Сайловнинг аҳамияти Ўзбекистон билангина чекланиб қолмайди: Ўзбекистоннинг тақдири, унинг ривожланиш йўналиши нафақат Марказий Осиёга, балки кенгроқ миқёсда ҳам аҳамият касб этади. Сайлов жараёнлари халқаро эътиборни жалб этаётгани бежиз эмас. Кўп саволлар бор, қизиқиш катта.

Сайлов Ўзбекистоннинг халқаро молиявий-иқтисодий рейтингларига таъсир кўрсатади. Сармоядорлар кўпинча у ёки бу мамлакатга пул тикиш мумкинми-йўқми деганда биринчи навбатда у ердаги сиёсий барқарорлик, халқ ва ҳукумат ўртасидаги мулоқот даражаси, ҳуқуқий пойдевор ва қонун устуворлиги масалаларига аҳамият қаратишади. Буларнинг барчаси парламент ва парламент сайловларига боғлиқ.

Демак, олдимизда турган ҳодиса нафақат сиёсий аҳамиятга эга; сайловлар Ўзбекистонга иқтисодий манфаат ҳам олиб келиши мумкин», – дейди Сафоев.

– Янги сайланадиган парламент ҳозиргисидан қанчалик ва қайси жиҳатлари билан фарқ қилади, деб ўйлайсиз?

– Албатта, буни сайлов кўрсатади. Биз ўз умидларимизни айтишимиз мумкин. Келажак парламент – бу Ўзбекистон сиёсатчиларининг янги авлоди. Улар халқнинг орзу-умидлари ва мушкулотларини чуқур тушунган, ич-ичидан англаган ва уларни сидқидилдан илгари суришга тайёр бўлган, ватани учун, халқи учун жон куйдирадиган самимий инсонлар бўлиши керак.

Иккинчидан, янги парламент юқори даражада профессионал, халқаро миқёсда рақобатбардош бўлиши керак. Чунки Ўзбекистоннинг келажаги ва мамлакатнинг рақобатбардошлиги биринчи навбатда унинг қонунлари билан, парламент ўз функцияларини бажариши билан боғлиқ. Янги парламент шунга қобил бўлиши керак.

Энг муҳими, парламент довюрак бўлиши керак. Ҳукуматни танқид қилиши, ҳукуматнинг турли органларини жавобгарликка тортиб, қонунлар ва халқаро мажбуриятларимизни ижро этишга нафақат даъват этиш, балки керак бўлса мажбур қилишга қодир орган бўлиши керак. Буни халқимиз кутяпти.

FQvmuQPfZCpehFWm6HWDGQ868xEGk5RA.jpg (1280×853)
Лондондаги медиа анжуман спикерлари. ​​​​Чапдан ўнгга: элчи Саид Рустамов, сенатор Содиқ Сафоев, британиялик сиёсатчи Алан Дункан, депутат Элдор Туляков

– Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар ҳокимларнинг аралашувисиз ўтишига қанчалик ишонасиз?

– Биласизми, амалий сиёсатда бўлган инсонлар, шу жумладан журналистлар учун бирон нарсага ишониш ёки ишонмаслик кифоя эмас. Биз биргаликда ишлашимиз керак. Сайловнинг соф, ҳалол ва шаффоф бўлишини таъминлаш – бизнинг бурчимиз.

Албатта, ўз-ўзидан автоматик равишда бўлмайди. Бунинг учун ишлаш керак, назорат қилиш керак; кузатувчиларни ташкил қилишимиз, қонунлар ижросини таъминлашимиз керак. Шунинг учун гап ишониш-ишонмасликда эмас, биз енгни шимариб, белни боғлаб ишлашимиз керак. Шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ҳам.

– Ҳозир ноль ставкадаги юзлаб товар турларига 1 январдан импорт божи жорий этилишига иқтисодчи сифатида муносабатингиз қанақа?

– Биласизми, давлатнинг иқтисодий сиёсати қандайдир ягона битта клишеларга ёки олдиндан тайёрланган схемаларга боғлиқ бўлиши мумкин эмас. У миллий манфаатлардан келиб чиқади.

Назарий нуқтайи назардан, албатта, очиқ савдо – ҳар доим тўғри. Лекин унинг ўзини ҳар доим ҳисоблаш керак, қабул қилинаётган қарорлардан қанча одам ютади, қанча одам ютқазади. Юз фоиз ҳаммага манфаат келтирадиган қарорлар бўлмайди – кимдир ютади, кимдир ютқазади.

Қарор шундай бўлиши керакки, биринчидан у узоқ муддатлик миллий манфаатларга хизмат қилиши ва иложи борича кўпроқ одамларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган бўлиши керак. Буни иқтисодчилар ҳисоблаши керак.

Ички ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш ҳам давлатнинг бурчларидан бири. Лекин мен иқтисодчи сифатида ишонаманки, давлатнинг асосий бурчи – биринчи навбатда миллий истеъмолчини ҳимоя қилиш ва унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда ишлаш. Миллий истеъмолчи айни пайтда миллий ишлаб чиқарувчи ҳамдир. Унинг маблағи нафақат истеъмол қилишга, балки ишлаб чиқаришга ҳам қаратилади. Шунинг учун ҳар бир қарорда мана шуни ҳисобга олиш керак. Бу ерда қандайдир соддалаштирилган ёндашув нотўғри бўлади.

Мавзуга оид