«Шахс ушлангач, бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши керак» — Президент ҳуқуқ соҳасида янги таклифлар берди
7 декабрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Президент ўз маърузасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусияти экани, бундай принцип асосий қонунда қатъий белгиланганини таъкидлаб ўтди.
«Конституцияда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи сифатида муҳрлаб қўйилган ва бунда чуқур маъно бор. Бу қоидалар мамлакатимизда демократия умуминсоний тамойилларга асосланиши, давлат ўз фаолиятини фақат инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб амалга оширишини англатади. Буни биргина шу йилнинг ўтган даврида Халқ қабулхоналарига келиб тушган 880 мингдан ортиқ мурожаатнинг 510 мингдан зиёди ижобий ҳал этилгани ҳам тасдиқлайди.
Шу муносабат билан ҳамма раҳбарларга яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Бизга умид ва ишонч билдирган, бизни раҳбар этиб сайлаган, эл-юртимизни, ҳар бир фуқарони рози қилиш асосий бурчимиз эканини ҳеч қачон унутмайлик. Халқ биздан рози бўлса – Яратган ҳам биздан рози бўлади», деди президент.
Давлат раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантириш лозимлиги тўғрисида сўзлади.
«Ўтган уч йилда жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тизими яратилди. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди. Соҳани ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва зарур чора-тадбирлар тасдиқланди.
Хабарингиз бор, ўтган йилларда тинтув жараёнини, олинган кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видео тасвир орқали қайд этиш шартлиги қонуний асосда белгиланган эди.
Бироқ аҳоли билан мулоқотлар ҳуқуқ бузилиши хавфи бўлган бошқа ҳолатлар бўйича ҳам шундай чораларни қўллаш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартибини ўрнатиш зарур.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахс махсус бинога олиб келинганидан кейин бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши керак. Буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этаман.
Бундан ташқари, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарур. Бу жараёнда инсон омили иштирокини иложи борича камайтириш лозим», дейди президент.
Мавзуга оид
18:14 / 11.12.2024
Конституциявий суд прокурорларнинг иккита ваколатини бекор қилишга чақирди
16:03 / 12.07.2024
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ярмини туман бюджетида қолдириш масаласи кўриб чиқилади
14:15 / 12.07.2024
Қувасойдаги 12 минг гектар ери бўлган 616 та фермернинг ер солиғи ярмига камайтирилади
14:08 / 12.07.2024