Жамият | 13:24 / 09.12.2019
30846
8 дақиқада ўқилади

Ургут йўлсозларидан «инновацион ғоя»: республика аҳамиятидаги йўлни шағал билан ҳам таъмирлаш мумкин

Ургут йўлсозлари янги «инновацион ғоя»ни ўзлаштиришибди. Ўзи шундоқ ҳам асфальти йўқ бўлиб кетиб, шағали чиқиб қолган республика аҳамиятига эга бўлган йўлни, яна қайта шағал билан текислаб чиқишяпти.

Ургут тумани Испанза қишлоғи аҳолиси республика аҳамиятидаги «Ургут – Булунғур» йўлининг шу қишлоқнинг учта маҳалласи, шунингдек, Ургут шаҳри «Юқори Торинжак» маҳалласидан ўтган қисми жуда ҳам хароб аҳволдалигидан, йўлнинг таъмирланишини сўраб ёзмаган ва бормаган жойлари қолмаган эди. Аммо ҳеч ким шу йўлни таъмирлаб бермаётгани, 2017 йилдан сўнг Ургут йўлсозлари йўлнинг бир қисмини таъмирлагани, қолган қисми республика аҳамиятига эга йўл мақомига умуман мос келмайдиган даражада хароб бўлиб ётгани ҳақида мурожат тушган эди.

Ўшанда мурожатни ўрганиш учун бориб йўлнинг аҳволини кўрганимизда ҳақиқатан йўл ҳолати жуда ёмон аҳволда эди. Шундан сўнг Ургут туман йўл идорасига бориб, тегишли мутасаддилардан изоҳ олган эдик.

Ургут туман йўл идораси масъули, бош муҳандис Эрмат Шодиев «Республика аҳамиятидаги йўллар Молия вазирлиги қошидаги «Йўл жамғармаси» маблағлари ҳисобидан таъмирланиши, 2019 йилда таъмирланиши лозим бўлган йўлларнинг смета харажатларини вилоят йўл бошқармасига жўнатилгани, энди Молия вазирлиги қошидаги «Йўл жамғармаси» пул ажратса ушбу йўл навбати билан таъмирлаб берилиши, акс ҳолда бу йўл 2019 йилда ҳам шу ҳолатда қолавериши ва ҳаттоки 2020 йил режаларига ўтиб кетиши ҳам мумкинлигини маълум қилган эди.

Ургут туман йўл идорасидан нима дейишимизни билмай чиқиб кетган эдик. Тўғри-да, республика аҳамиятига эга бўлган йўл учун маблағни Тошкентдан ажратишса, Ургут йўлсозларининг қўлидан нима ҳам келарди?..

Орадан 6–7 ой вақт ўтди. Яқинда «Ургут – Булунғур» йўли масаласида шу йўлнинг бир қисми ўтган «Жайратепа» маҳалласи раиси Ҳ.Аҳмедов яна бизга мурожат қилди.

Унинг айтишича, Ургут йўлсозлари «маблағ йўқ» деб баҳона қилишяпти. Сабаби, баҳорда «Тошкентдан, Молия вазирлиги қошидаги «Йўл жамғармаси» пул ажратса йўлларингни таъмирлаймиз, акс ҳолда бошқа имкониятимиз йўқ», деган Ургут йўлсозлари ёзи билан туманнинг бошқа турли ҳудудларидаги йўлларни асфальт қилишган. Лекин, негадир «Ургут – Булунғур» йўлининг «Юқори Торинжак» маҳалласи ва «Испанза» қишлоғининг учта маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмини таъмирлаб беришмаган.

Бу сафар шу йўлнинг ҳолатини охиригача кўриш учун, ушбу йўлнинг Тожикистонга ўтувчи «Жартепа» божхона маскани жойлашган «Самарқанд –Айний» халқаро йўлигача бўлган 22 километрли қисмини автомобилда бориб кўриб келдик. Бекор қилибмиз.

Сабаби — «Ургут – Булунғур» йўлининг нафақат «Юқори Торинжак» маҳалласи ва «Испанза» қишлоқларидан ўтган 5–6 километрли участкаси, балки узунлиги 22 километрни ташкил этувчи «Ургут – Жартепа» йўлининг аксарият қисми жуда ёмон аҳволга тушиб бўлибди.

Яна бир қизиқ томони — бу йўлни 2018 йили ЎзЛиДеПдан Олий Мажлисга депутат этиб сайланган Меҳриддин Муҳаммадиев ҳам таъмирлата олмаган экан.

Ўшанда Испанза қишлоғига аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш мақсадида ташриф буюрган депутатга қишлоқ аҳли у дарров йўлни таъмирлатиб берадигандай шу йўл муаммоси масаласида ҳам мурожат қилишган. Ўшанда депутат қатнашган мажлисда ҳозир бўлган Ургут туман йўл бўлими мутасаддиси ушбу йўлни 2018 йил охиригача таъмирлаб беришни ваъда берган.

Аммо, не ажабки, ушбу йўл ҳануз таъмирланмади. Демак, туманлардаги йўл бўлимлари Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатига ёлғон ваъдалар беришдан зиғирча ҳайиқишмайди. Акс ҳолда, бу йўл ўтган йил кузда таъмирланган бўлар эди.

Бу йўлнинг аҳамияти жуда катта.

Сабаби, бугун Тожикистондан мамлакатимизга кириб келаётган меҳмонлар ва сайёҳлар Ургут туманига айнан шу йўл билан кириб келишади. Шунинг учун ҳам ушбу йўл энг биринчи таъмирланиши лозим бўлган йўллардан ҳисобланади. Аммо, бугун тумандаги аксар йўллар таъмирланган ҳолда, ушбу йўл жуда ёмон аҳволда қолмоқда.

Яқинда маҳалла раиси илтимоси билан шу йўлни яна бориб кўрдик. Ургут йўлсозлари асфальти йўқ бўлиб кетиб, шағали чиқиб қолган ўша йўлга яна шағал тўкиб, уни текислаётган экан.

Бу энди «мана, биз ҳам қараб турганимиз йўқ, ишлаяпмиз» қабилида қилинаётган иш бўлса керак. Аммо, ўзи шундоқ ҳам шағали чиқиб қолган йўлга яна қайта шағал тўкишдан нима наф борлигини, очиғи, тушунмадик. Агар, мақсад йўлни бироз текислаб қўйиш, дейиладиган бўлса шағал билан текисланган йўл битта ёғингарчиликдан сўнг яна дабдала бўлади.

Аҳоли билан ушбу йўл масаласида узоқ суҳбатлашдик. Уларнинг айтишича, ушбу йўл капитал таъмирланганига 20 йилдан ошган. Ундан кейин нима қилинган бўлса аҳоли пул йиғиб ҳашар йўли билан ямаб турган, ямашнинг имкони бўлмаган жойларига озроқ бўлса-да асфальт ётқизишган, шағал тўкиб текислашган.

«Об-ҳаво жуда серёғин келган баъзи йилларда йўл бўлимига бориб кўчанинг сув ювиб юборган қисмларини йўл текисловчи техника билан текислаб беришни сўраганимизда йўл бўлимидагилар «ёқилғимиз йўқ», деб жавоб берган пайтлар ҳам бўлган. Шунда «ёқилғини ўзимиз қуямиз», деб техникани олиб келиб ёқилғисини қуйиб йўл текислатганмиз. Йўлнинг аҳволини кўряпсиз, куз-қиш-баҳор мавсумларида лой, ёзда эса чангида туриб бўлмайди. Ёғингарчилик мавсумида бу йўлда юришнинг ўзи азоб», — дейди маҳалла фаолларидан бири.

Аҳоли вакиллари билан суҳбат жараёнида бу йўлдан 150 мингга яқин киши фойдаланиши айтилди.

Воқеани ўрганиш жараёнида бир масала таъбимизни бироз тирриқ қилди: йўлнинг баъзи жойларида аҳоли йўлга чиқиб кетиб, турли қўшимча бинолар қуриб келавергани учун йўл анча торайиб қолган.

Буни натижасида аксарият жойларда пиёдалар учун йўлакча ҳам йўқ. Аҳоли билан учрашганда шу масалани ҳам кўтардик. Уларнинг айтишича, аҳоли томонидан йўлни қисқартириб, тротуар эгаллаб олинишига шу пайтгача ҳамма ташкилотлар бефарқ қараган. Аксарият ҳолларда маҳалла раисларининг одамларга гапи ўтмаган. Тегишли ташкилотлар эса индашмаган. Бунинг оқибатида йўл ёқасида яшайдиган айрим аҳоли вакиллари ўзбошимчалик билан пиёдалар йўлакчасини эгаллаб олаверган.

«Тегишли ташкилотлар келиб пиёдалар йўлакчасини очиб қўймаса, бу ишга маҳалла раисларининг кучи етмайди, ҳозир одамлар ёмон бўлиб кетди», дейишди улар.

Ургут туманининг бу қисмида йўлларни тартибга келтириш учун фурсат етмадимикан? Аҳоли эса маҳаллий ва республикадаги мутасаддилар 150 минг аҳолига хизмат қиладиган йўлни таъмирлаш учун ўзларида куч ва маблағ топишидан умидвор.

Ғайрат ЙЎЛДОШ.

Мавзуга оид