Жамият | 13:14 / 11.12.2019
23518
4 дақиқада ўқилади

«Ёзда чанг-тўзон, ёмғирда ботқоқ» - Питнак аҳолиси абгор йўллардан азият чекмоқда

Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани, Питнак шаҳарчасидаги бир неча маҳалла йўллари аҳволи ёмонлиги одамларни қийнаб қўйган. Питнакликлар маҳаллий ҳокимлик ва мутасадди идоралар кўп йиллик муаммога эътибор қаратишини сўрамоқда.

Йўллар ҳолати – ҳар қандай давлатнинг ривожланиш даражасини кўрсатиб берувчи муҳим омиллардан биридир. Одамлар ҳар куни транспортда, велосипедда ёки пиёда ишга, юмушга, ўқишга боради. Агар йўлларнинг ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади, турли қулайликлардан баҳраманд бўлишади. Ёмон бўлса-чи? Йўллар расволиги натижасида енгили оғирлашаётган аҳолининг кайфияти қандай бўлиши мумкин?

Kun.uz таҳририятига келган мурожаатлардан бири айнан шу мазмунда бўлди. Унда Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани, Питнак шаҳарчасидаги «Саяпр», «Шехлар», «Саидлар» маҳаллаларида йўлларнинг абгор аҳволга келиб қолганидан шикоят қилинган эди. 

Учта маҳаллани боғлаб турган бу йўл тахминан 7-8 км узунликка эга. Йиллар давомида унинг асфальт қопламаси емирилиб, тўлиқ яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Иссиқ ва қуруқ мавсумда бу йўллар чанг-тўзон билан қопланмоқда, ёмғирли кунларда лойга булғаниб, ўтиш қийин бўлган ботқоққа айланмоқда. Бу йўлдан ҳаракатланаётган транспорт воситалари тезда ишдан чиқиб, таъмирталаб бўлиб қоляпти.

Серқатнов йўлдан кўтарилаётган чанг уйларни, дов-дарахтларни, автомашиналарни қоплаб олади. Маҳалла аҳолиси шикоят қилишича, чанг-тўзон туфайли нафас олиш ҳам қийинлашиб қолган. Одамлар ёзда ҳам ойна ва эшикларини ёпиб ўтиришга мажбур. Акс ҳолда овқатга ҳам чанг ўтирмоқда. Чанг-тўзон оқибатида нафас йўллари билан боғлиқ бўлган турли касалликлар кўпайиб бораётган бўлса ҳам ажаб эмас.

Бу йўл бўйлаб ишга борадиган катталар, мактабга қатнайдиган болалар безиб кетишган. Чанг туфайли кийим-бошлари бир кунда кир бўлиб қолмоқда. Уларни ювиб, қуритиш ҳам муаммо. Боғда қуритиш учун осиб қўйилган кирларга тезда чанг ўтириб, яна яроқсиз ҳолатга келтиряпти.

Маҳаллада пиёдалар йўлаги ҳам йўқ. Натижада, одамлар чанг-тўзонда, йўлнинг қатнов қисмидан юришга мажбур бўлишяпти. Айниқса, болаларнинг йўлнинг серқатнов ва хавфли қисмидан боғчага, мактабга бораётгани ота-оналарни хавотирга соляпти.

Бу йўлларга сув сепиб, намлаб, чанг-тўзонни камайтириш мумкиндир? Хоразм вилоятининг иссиқ ва қуруқ иқлимида бу қисқа вақт самара беради холос. Йўл тезда қуриб, яна чанг-тўзон билан қопланади. 

Сўнгги йилларда аҳолининг кўпайиши, транспорт воситалари сонининг кескин ошиши натижасида йўлларнинг эскириши ҳам тезлашди. Уларни таъмирлаш масаласи Ўзбекистон учун кун тартибидаги ўткир муаммога айланди. Республика, вилоят аҳамиятидаги йўллар баҳоли қудрат таъмирланаётганини кўряпмиз. Аммо туманлар аҳамиятидаги, айниқса аҳоли яшаш жойларидаги ички йўлларнинг аҳволи ачинарли. Бу масала одамларнинг турмушида жуда кўп ноқулайликларни келтириб чиқаряпти. Маҳаллий ҳокимликлар ва йўлларни таъмирлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар муаммога бир хил мазмунда изоҳ беришмоқда – маблағ танқислиги, асфальт қопламаси ёки битум етишмаслиги. Йўлларнинг аҳволи эса кундан-кунга ёмонлашиб боряпти.

Питнак шаҳарчасидаги «Саяпр», «Шехлар», «Саидлар» маҳаллаларидаги йўл муаммосини мутасадди ташкилотлар ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал қилишади деган умиддамиз.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид