2019 йилда 85та қонун қабул қилинди, лекин уларнинг ҳаммаси ҳали қоғозда – Сенат раиси
Ўзбекистонда жамият учун керакли қонунлар қабул қилинаётганига қарамай, бу қонунлар ижроси бўйича механизмлар аниқ эмас, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.
«2015 йилда парламент томонидан 20та, 2019 йилда 85та қонун қабул қилинди. Қонунларни қабул қилаверамиз, лекин уларнинг ҳаммаси ҳали қоғозда. Уларни амалиётга татбиқ қилишнинг механизмлари ҳали аниқ эмас.
Давлат органлари ижроси талаб этилаётган қонунни энг қуйи бўғингача тушириш бўйича керакли чораларни кўриши лозим. Бизда бу нарса йўқ. Қонунларни қуйига тушириш, уларнинг ижроси бўйича давлат идоралари раҳбарларининг масъулияти етарли даражада эмас», ─ деди Норбоева 13 декабр куни ОАВ вакиллари ва блогерлар билан бўлган учрашувда.
Сенат раиси қонунлар тарғиботида ҳам оқсашлар бўлаётганини танқид қилди.
«Давлат органи ўзи ишлаб чиққан қонуннинг тарғиботидан, у ҳақида аҳолини хабардор қилишдан манфаатдор бўлиши керак. Лекин бундай манфаат уларда мутлақо йўқ. Биронта вазирликни кўрмаганманки, ўз фаолиятидаги қонунни тарғибот қилган бўлса...
Бу ишни Сенат қилиш керак эди. Лекин шу кунга қадар буни яхши бажармади. Сенаторлар ҳудудлардан сайланади, шунинг учун улар ўз ҳудудида қонунлар ижроси учун масъул бўлиши керак. Аммо бу иш ҳали бўлмаётганига гувоҳмиз.
Янги чақириқда жам бўладиган сенаторларнинг олдида турган асосий вазифа ─ ҳудудларда қонунларнинг ижросини таъминлаш. Ҳозирда ваколати тугаётган сенаторлар ҳам кейинчалик фаол фуқаролик позициясини сақлаган ҳолда бу борада ташаббуслар кўрсатиши лозим», ─ дея таъкидлади Сенат раиси.
Мавзуга оид
23:49 / 20.12.2024
Ўзбекистоннинг миграция сиёсатини ишлаб чиқишда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳам иштирок этади
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
17:03 / 25.11.2024
Ўзбекистонда «Зўравонликка қарши 16 кун фаоллик» тадбирларига старт берилди
16:12 / 22.11.2024