Ўзбекистон | 15:16 / 13.12.2019
43761
4 дақиқада ўқилади

Расул Кушербаев: «Туман депутатларига ҳокимни ишдан бўшатиш ҳуқуқини бериш керак»

Фото: KUN.UZ

12 декабрь куни Тошкентда сиёсий партиялар аъзолари ва Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Буюк Британия ва Жанубий Корея элчилари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги бош координатори қатнашди.

Тадбирда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот партия вакилларига: «Сиз ҳукуматнинг қайси йўналишдаги ҳаракатларини кўпроқ назорат қилиш муҳим, деб ҳисоблайсиз? Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича қандай таклифларингиз бор?» дея савол билан мурожаат қилди.

Олий Мажлис депутатлигига номзодларнинг мазкур саволга жавоблари қуйидагича бўлди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Нодир Тилаволдиев:

– Ижроия ҳокимиятининг фаолияти бўйича бир қанча танқидий фикрлар юрибди. Мен бу фикрларни ўринли деб ҳисоблайман. Ижро ҳокимиятида ҳалигача эскича фикрлайдиган одамлар жуда кўп. Ўйлайманки, жойлардаги ижро ҳокимиятларига ҳам янгича фикрлайдиган, амбицияси юқори, замонавий кадрларни олиб келиш вақти келди.

Бу нарса республика даражасида бошланган: ҳозир жуда кўп вазирларимиз, вазир ўринбосарларимиз – ёш, ғайратли, четда ўқиган йигитлар. Вилоятларда ҳам, туманларда ҳам кадрлар масаласига эътибор бериб, салоҳиятли, шижоатли, қадамидан ўт чақнайдиган ёшларни олиб келишимизни хоҳлайман. Ана шунда биз жойларда ҳам ўзгариш қила оламиз.

«Адолат» демократик партияси вакили Ойдин Абдуллаева:

– Парламентимизда ҳисобдорлик тажрибаси ҳозир кенг қўлланилади. Фикримча, бу нарса айнан маданият ва таълим соҳаларида кенгроқ қўлланилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки бу соҳаларда муаммолар йиғилиб қолган.

Фуқаролик жамияти ривожланишига келсак, биз маҳалла фуқаролар йиғинларига кўпроқ ҳуқуқ беришимиз керак, кўпроқ эркинлик беришимиз керак. Нодавлат-нотижорат ташкилотларга ҳам кўпроқ ҳуқуқ ва эркинлик берсак, шу йўналишдаги ишларимиз олға силжиган бўларди.

Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакили Расул Кушербаев:

– Биринчидан, Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари, Бош прокуратура доимий равишда парламент олдида ҳисоб берадиган босқичга чиқиш керак. Шунингдек, бошқа ижтимоий соҳа вазирликлари ҳам.

Иккинчидан, одамларга тўғридан тўғри таъсир қилаётган қонуности ҳужжатларининг ҳукумат томонидан қабул қилинишига чек қўйиш керак ва булар фақат парламент томонидан қонун даражасида қабул қилинишига эришиш керак. Бу – таълим, коммунал соҳа, нарх-навонинг ўсиши билан боғлиқ соҳалар.

Кейинги масалага келсак, мен маҳалла фуқаролар йиғинларининг ваколатини ошириш бўйича «Адолат» партиясининг фикрига қўшилмайман. Бу самара бермайди. Унинг ўрнига яхшиси туманларда маҳаллий депутатларга туманнинг раҳбари бўлган ҳокимга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилиш ва уни ҳокимликдан бўшатиш бўйича қонунда ҳуқуқ беришимиз керак.

Халқ демократик партияси вакили Зуҳра Шодиева:

– Фикримча, қонунларнинг амалда ишлашини таъминлашимиз керак. Буни таъминламай туриб, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди. 

Албатта, ҳукумат бўғинлари ўртасида ҳам боғлиқлик бўлиши керак. Бу марказий бошқарув органлари бўладими ёки жойлардаги маҳаллий органлар – уларнинг барчаси қонунлар ижроси учун бирдек жавобгар бўлиши керак. Менимча, бу энг асосийси.

Партиямиз дастуридан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарур деб ўйлайман, чунки қонунларнинг амалда ишлаши кам таъминланган оилалар, пенсионерлар, турли даражада ногиронлиги бор шахслар учун айниқса муҳим аҳамиятга эга.

Экологик партия вакили Фируза Ғаниева:

– Энг асосий вазифа – қонунларни такомиллаштириш. Иккинчидан, қонунларни жойларда ишлашини назорат қилиш. Бизнинг мақсадимиз – сўз бирлиги билан иш бирлигини таъминлаш.

Мавзуга оид