Солиқ юкида бир қатор енгилликлар кутилмоқда
14 декабр куни ўзи ишини бошлаган Сенатнинг 25-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.
Мазкур қонунга кўра, солиқ юкида бир қатор енгилликлар ҳамда солиқ назоратида соддалаштиришлар кутилмоқда.
Маълум қилинишича, янги қонунга асосан, солиқ юкини камайтириш мақсадида қўшилган қиймат солиғининг манфий суммасини тадбиркорга тўлиқлигича қайтариш кўзда тутилган. Шунингдек, илгари тадбиркорлик субъектлари ягона солиқ, ягона ижтимоий тўловни 25 фоиз миқдорида тўлган бўлса, эндиликда бу 12 фоизгача камайтирилади.
“Илгари тадбиркор даромад олиш-олмаслигидан қатъий назар қатъий белгиланган солиқни тўлаб келар эди. Эндиликда, у ўзининг солиқ режимини мустақил танлай олади. Яъни даромадига тўғри келадиган бўлса, қатъий солиқни тўлайди. Ёки жисмоний шахс сифатида топган даромадини декларация қилиб, ундан 12 фоизли жисмоний шахслар солиғини тўлаши мумкин бўлади”, − дейди Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев.
Солиқ қўмитаси раисига кўра, солиқ турлари 13тадан 9тага камайтирилиши, солиқ назорати турлари эса 13тадан 2тага қисқартирилиши белгиланган.
“Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, текширишлар фақатгина таҳлика − таҳлил принципи асосида амалга оширилади. Яъни солиқдан қочиш эҳтимоли бўлган ташкилот ва солиқ тўловчиларгина текширилади. Яшил зонадаги солиқ тўловчилар текширилмайди. Сариқ зонадагилар фақатгина камерал, дистанцион назорат қилинади. Ўз фаолиятини яшираётган, ҳисобот топширмаётган, тушумларини беркитаётган ташкилотлар − қизил зонада бўлганларгина назорат қилинади”, − дейди Беҳзод Мусаев.
Мусаевга кўра, ҳозирда қўшилган қиймат солиғини тўловчи юридик шахслар 89 минг нафарни ташкил этиб, “қизил зонадагилар” минг нафардан ортмайди.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024