Спорт | 18:48 / 15.12.2019
22072
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон U23 жамоасини Осиё чемпионатига кузатиш маросими ўтказилди

Фото: Tribuna.uz

Тошкентдаги «Ramada» меҳмонхонасида 23 ёшгача бўлган Ўзбекистон миллий жамоасини Осиё чемпионатига кузатиш маросими ўтказилди. Сербиялик Любинко Друлович мураббийлигидаги жамоа аввал БААга йўл олади. У ерда йиғин ўтказгач, Таиланддаги Осиё чемпионатига боради ва 9 январдан баҳсларга киришади.

Токио олимпиадаси йўлланмаси ўйналадиган мусобақани «C» гуруҳида бошлайдиган Ўзбекистон 1-турни 9 январь куни Эронга қарши ўтказади. 12 январь куни Хитой, 15 январь куни Жанубий Кореяга қарши ўйинлар ўтказилади. Гуруҳдан икки жамоа кейинги босқичга чиқади. Чорак финалда ғолиб бўлганлар ярим финалда Олимпиада йўлланмаси учун курашади. Осиё чемпионатида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни олган жамоаларгина Токио олимпиадасига йўлланма олади.

Мусобақага амалдаги чемпион сифатида йўл олаётган ўзбекистонлик футболчилар олимпия қўмитаси ва ЎФА томонидан ташкил этилган тадбирда тантана билан кузатиб қўйилди. Тадбир аввалида сўзга чиққан ДХХ раиси ва ЎФА президенти Абдусалом Азизов футболчиларга омад тилади: «Барчангизга бўлажак мусобақада омад тилайман. Умид қиламан, юзимизни ёруғ қилиб қайтасизлар. Спортчиларни рағбатлантириш борасида ҳаммаси жойида бўлади»,— деди Азизов.

Тадбирда мамлакатнинг машҳур спортчилари, мураббийлар, ОАВ ходимлари ва спортчиларнинг ота-оналари қатнашди. Меҳмонлар учун дастурхон тузалди ва Қуръон тиловат қилиниб, футболчиларга омад тиланди. Тадбир охирида Севара Назархон ўзининг машҳур «Улуғимсан ватаним» қўшиғини куйлаб, спортчиларга жўшқинлик бағишлади.

 

Мавзуга оид