Ўзбекистон | 20:00 / 15.12.2019
33467
15 дақиқада ўқилади

Путиннинг Зеленский билан учрашуви, аёллар бошқарувидаги Финляндия, Сенатда сўнгги ялпи мажлис ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Наманганга кечиккан рейс. Uzbekistan Airways баёноти нега аэропорт изоҳи билан мос келмади?

9 декабрь куни Тошкент-Наманган йўналишида чипта олган йўловчилардан бири бўлган блогер Отабек Бакиров мазкур авиарейсда юз берган дилхираликлар тўғрисида ёзди ва бу хабар ижтимоий тармоқда тарқалди. Хабарда самолёт ичидаги йўловчилар бир неча соатдан буён ушлаб турилгани, айрим йўловчилар ўзини нохуш ҳис қила бошлагач тез ёрдам чақирилгани, яна айримлар норозилик билдириб, ҳолатни видеотасвирга олишга уринганида милиция наряди чақирилгани айтилганди.

Шундан сўнг Kun.uz мухбири изоҳ олиш учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси (Uzbekistan Airways) алоқа маркази билан боғланди. Алоқа марказидагилар рейс кечикиши, йўловчиларга тез тиббий ёрдам зарурати туғилгани ва хавфсизлик ходими чақиртирилгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдириб, бу саволларга Тошкент халқаро аэропорти жавоб беришини маълум қилди.

Аэропорт ходимлари эрталабки рейс кечиктирилганини тасдиқлади ва йўловчиларга ишларини битириб келиш учун рухсат берилгани, йўловчилар тушдан кейин аэропортга қайтиб келишгани ҳақида маълум қилишди. Бу ердагилар ҳам тез ёрдам ва хавфсизлик ходимларига эҳтиёж туғилгани ҳақида маълумотга эга эмасликларини билдиришди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси 9 декабрь куни кечқурун, Наманган-Тошкент авиарейси соатлаб ушлаб турилгани ҳақидаги хабар сайтларда тарқалгач бу борада изоҳ берди. Лекин бу баёнотдаги ноаниқликлар шубҳаларни келтириб чиқаради, баёнотдаги гаплар аввал Тошкент аэропорти изоҳидаги гапларни инкор қилади.

«Наманган» ва «Фарғона» халқаро аэропортлари қуюқ туман туфайли ҳаво кемаларини қабул қилиш учун ёпиқ эди, шу сабабли компаниянинг HY-620 Москва—Наманган йўналиши бўйича 8 декабрда парвоз қилган Boeing 757 ҳаво кемаси командири қарори билан «Тошкент» аэропортига соат 17:41да қўнди. «Наманган» аэропортида об-ҳаво узоқ муддат яхшиланмаганлиги боис, ерусти транспорти билан манзилга етиб олишни истаган йўловчиларга, авиакомпания қоидаларига мувофиқ, Наманганга етиб олиш учун йўл харажатларини қоплаш учун компенсация тўлаб берилди. Йўловчиларга, жумладан, юки кўп бўлганларга, авиакомпания томонидан якуний манзилга энг яқин қатнов билан етиб олиш таклифи берилди. 37 нафар йўловчи 9 декабрь, душанба куни соат 08:25 даги HY-095 қатнови билан Наманганга етиб боришга розилик билдирди.

«Наманган» аэропортида узоқ вақт об-ҳаво ўзгармаганлиги сабабли HY-095 қатнов вақти соат 10:00 га, сўнгра 12:00 ва 14:00 га кўчирилди. Учишни кутиш вақтида йўловчилар «Тошкент» аэропорти халқаро йўналишлар терминалининг кутиш залига жойлаштирилди, у ерда уларга икки марта иссиқ овқат — кечки овқат/эрталабки нонушта тақдим этилди. 9 декабрь куни соат 07:00 да йўловчилар Наманганга учиш учун ерусти транспорти билан маҳаллий авиайўналишлар аэровокзалига етказилди.

«Наманган» аэропортида об-ҳаво яна ёмонлашгани йўловчиларнинг самолётда узоқ вақт кутишига сабаб бўлди. Баъзи агрессив кайфиятдаги йўловчилар ҳолатни тушунмасдан, об-ҳавога қарамасдан, тезроқ Наманганга учишни талаб қилди. «Наманган» аэропорти очилиши тўғрисида маълумот олиниши билан, ҳаво кемаси командири учишга қарор қилди ва йўловчилар самолётга таклиф қилинди. Ўша агрессив кайфиятдаги йўловчилардан бири самолёт саҳнига чиқгач, ўз эътирозлари билан катта борт кузатувчисига ташланди. 5 нафар йўловчи, шу жумладан, катта борт кузатувчисига тан жароҳати етказган йўловчи аёл аэропорт милиция линиявий бўлими вакиллари томонидан қатновдан четлаштирилди, бу ҳолат экипаж аъзосини алмаштиришни талаб этди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу вақт давомида Uzbekistan Airways раҳбарияти ва масъул ходимлари аэропортда бўлиб, тушунтириш ишлари олиб борди ва йўловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлди, йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун барча чораларни кўрди. Uzbekistan Airways йўловчилардан учиш ва қўниш аэропортларида қишки мавсумдаги ёмон об-ҳаво шароити туфайли парвозлар жадвалига киритилаётган ўзгаришларга тушунган ҳолда ёндашишни сўрайди, чунки парвозлар ва йўловчилар хавфсизлиги бизнинг энг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади.

Бу баёнотдан кейин бир неча савол пайдо бўлади. Биринчидан, шунча гап бўлиб ўтган экан (бортдаги тўполон ва авиакомпания ходими жабрланиши), нега авиакомпания вакиллари Kun.uz сўровига жавобан бундай воқеалардан бехабарликларини айтишганди? Ёки маълумот нега яширилганди?

Йўловчиларга икки маҳал иссиқ овқат берилгани ҳақидаги иддаочи? Аввало, бу хизмат қайси йўловчиларга қайси вақтда кўрсатилгани аниқ эмас. Агар Москвадан Наманганга учишда Тошкентга қўнишга мажбур бўлган йўловчиларга бўлса, уларга нега тушлик берилмагани ҳақида савол пайдо бўлади. Россиядан келган самолёт 9 декабрь куни соат 17:41да қўнган, улар 10 декабрь куни соат 15:35да учгани ҳисобга олинса, уларга 3 маҳал овқат берилиши керак эмасмиди?

Қолаверса, Тошкент аэропорти берган изоҳда эрталаб бортга чиққан йўловчиларнинг барчаси рейс кечиктирилгач ортга қайтарилгани, уларга бирор юмуши бўлса бажариб келиш учун жавоб берилгани айтилган. Нега аэропорт ва авиакомпаниянинг фикри бир жойдан чиқмаяпти?

Баёнотда 5 нафар йўловчи қатновдан четлаштирилгани ҳам айтилади. Бортда жанжал кўтаргани айтилаётган аёлдан бошқа йўловчиларнинг четлатилишининг сабаби нима эди? «Борткузатувчини сафдан чиқарган» йўловчининг кейинги тақдири нима бўлган? Самолёт учавермагани учун бортни тарк этишга мажбур бўлган йўловчиларга (бу ҳақда блогер Отабек Бакировнинг постида келтирилади) нега бефарқлик билан қаралди? Уларга компенсация тўлаб бериладими?

Аэропорт изоҳи билан мос келмаётган авиакомпания баёнотидаги гаплар тўғрилигига қандай ишониш керак? (Ўша рейсда кейинчалик Наманганга учган қолган йўловчилар билан боғланишнинг имкони бўлмади)

Ўзбекистонда ягона бўлган авиакомпания айбни йўловчиларнинг ўзига ағдариб қўявермасдан, ўз имижини яхшилаш устида ишласа бўлмайдими?

Финляндия: ёш аёллар бошқарувидаги мамлакат

Чапдан ўнгга: таълим вазири Ли Андерссон (32 ёш), молия вазири Катри Кулмуни (32),
бош вазир Санна Марин (34), ички ишлар вазири Мария Охисало (34).

34 ёшли Санна Марин жаҳондаги энг ёш бош вазир бўлди. Ҳукмрон Социал-демократик партияси (СДП) раҳбари Антти Ринне Финляндияда почта ишчилари иш ташлаши билан рўй берган можародан кейин истеъфога чиқди ва шу вақтгача Транпосрт ва коммуникациялар вазири сифатида ишлаб келган Марин хоним ички овоз бериш йўли билан бош вазир лавозимига сайланди.

Энди 2015 йилдан буён Финляндия парламенти аъзоси бўлиб келаётган 5та партиядан иборат коалицияга раҳбарлик қилади. Қайд этиш керакки, Финландия бирлашган ҳукумати партияларининг ҳаммасига аёллар раҳбарлик қилади. Коалициядаги бошқа партияларда 32 ёшли Ли Андерсон «Чап Альянс», 34 ёшли Мария Охисало «Яшил лига», 32 ёшли Катри Кулмуни «Марказлашган партия» ҳамда 55 ёшли Анна Майя Хенрикссон «Швед миллий партияси»да раҳбар ҳисобланади.

Марин Финляндия сиёсатида кардинал ўзгаришлар қилиши кутилмаяпти: беш партияли коалиция сиёсий дастурни келишиб олган. Аммо Санна Марин ҳукумат фаолиятида ўзгаришлар бўлиши керак деб ҳисоблайди.

«Биз сайловчилар ишончини қайтариш учун яхши меҳнат қилишимиз керак», - дейди у.

Санна Мариндан аввалги бош вазир Антти Ринне ҳукуматни бир ярим йил давомида бошқарди ва давлат почта хизмати ходимлари иш ташлаши фонида кечган можаро туфайли истеъфога кетишга мажбур бўлди. Бу зиддият почталар раҳбарияти маошларни пасайтиришга қарор қилгани туфайли келиб чиққанди.

Парижда «Норманд тўртлиги» учрашуви

«Норманд тўртлиги» (Украина, Россия, Германия, Франция) 9 декабрь куни Парижда 2016 йил октябридан буён илк учрашувини ўтказди. Қарийб 8 соатлик музокаралардан кейин Россия ва Украина президентлари йил охирига қадар асирлар алмашинуви, ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, Украина шарқидаги яна учта ҳудуддан ҳарбий кучларни олиб кетиш ва тўрт ойдан кейин янги учрашув тўғрисида келишиб олишди.

Бутун фронт линиясидан қуролли кучлари олиб кетиш бўйича келишувга эришилмади. Украина қандай шароитда Россия билан давлат чегараси назоратини қайтариб олиши мумкинлигига ҳам аниқлик киритилмади. Томонларнинг фикри бир жойдан чиқмади: Россия президенти бу «Минск битими»даги келишув бўйича, яъни Донбассда сайловлар бўлганидан сўнг, амалга ошишини айтди, Украина раҳбари бу шартга рози эмаслигини билдирди. Қрим мавзусига эса умуман тегинилмади.

Саммит ташаббускори бўлган Владимир Зеленский Украина қонунчилигида «ДХР» ва «ЛХР»га алоҳида мақом беришни тартибга солиши кўзда тутилган «Штайнмайер формуласи»га рози бўлишга мажбур бўлди.

Газ муаммолари ҳам очиқ қолди. «Нафтогаз» компанияси ижрочи директори Юрий Витренко томонлар «келишувларни давом эттиришга келишиб олган»и ҳақида маълумот берди. Йил якунига қадар бирор натижага эришилмаса, 2020 йил 1 январдан Россия гази Европага етказиб берилмайди.

Телеграмдаги Ташқарида канали муаллифи «Нормандия тўртлигида ёлғиз қолган Украина» сарлавҳали постида вазиятни таҳлил қилган:

Макрон учун бу Франциянинг дипломатик воситачилик қудратини оширишга қаратилган ҳаракатлари туфайли айниқса муҳим. Умуман, Франция ҳам, Германия ҳам Қрим ва Донбасс туфайли Россияга қарши қўйилган иқтисодий санкцияларни юмшатиш тарафдори бўлиб турган бир пайтда ушбу тўртликда Украина 3 га 1 вазиятда қолиб кетди, деган фикр ҳам мавжуд.

Зеленский ўтган ҳафтада TIME журналига берган интервьюсида Украинадан бошқа йирик давлатларнинг ўзаро музокараларида, қандайдир ўйинларда восита сифатида фойдаланишга йўл қўймаслик учун ҳаракат қилишини айтганди. Амалда Франция ва Германия айнан шундай қилишга уринаётгандек кўринмоқда.

Россия учун эса ҳозирги статус-кво қулай. Москвани Украинадаги ҳолат ҳам Грузия ва Молдавиядаги каби де-факто марказдан мустақил квазидавлатлар/ҳудудлар пайдо бўлиши қониқтиради - бу унга узоқ муддатли таъсир ричагини тақдим этади. Ғарбдаги етакчилар эса яна бир марта агрессорга етарли босим қила олиш қобилиятлари йўқлигини кўрсатмоқда

Ўзбекистон сайлов арафасида

Буюк Британияда сўнгги 5 йилда учинчи марта ўтказилган муддатидан аввалги сайловларда кутилмаганда Борис Жонсон бошчилигидаги консерваторлар катта фарқ билан ғалаба қозонди - «Брекзит» тарафдорлари 650тадан 368та мандат олишди, Корби бошчилигидаги лейбористлар 191 мандат билан кифояланишди. Бу Маргатер Тэтчер давридан бери консерваторларнинг яхши натижаси бўлди, Борис Жонсон бош вазирлик лавозимида яна беш йил қолади ва унинг даврида «Брекзит» амалга ошиши ойдинлашди.

Ўзбекистондаги сайловларга ҳам яқин қолмоқда ва сайловолди кампанияси авж палласига кирган.

Парламент сайловларига 10 кун қолган вақтда, 12 декабрдан муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди. Дунёнинг турли чеккаларида, Россияда, Туркияда, Жанубий Кореяда ва бошқа ҳудудларда ҳам Ўзбекистон фуқаролари овоз беришмоқда.

11 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида иштирок этган Ўзбекистон экологик партияси вакили Улуғбек Пирмуҳаммедов Тошкентга келаётган вилоятликларни қайд этишнинг янги тартибини жорий этишни таклиф қилди.

«Фикримизча, фуқаро Тошкентга келишидан олдин ўзининг ҳудудидаги инспектордан рўйхатдан ўтиши мақсадга мувофиқ. Шундай тизим жорий этилса, Тошкентда муаммоларга учрашининг олди олинади», деганди партия фаоли. 

Унинг бу таклифи ижтимоий тармоқларда танқидий ва кинояли муносабатларга сабаб бўлди.

Телеграмдаги Bakiroo канали муаллифи «ақлли овоз» бериш ҳақида ёзди.

Биринчи ва асосий қоида, номзодларнинг партиявий мансублиги асло муҳим эмас.

Иккинчи қоида, номзодлар орасидан устувор равишда энг ёшини танланг. Бунда уларнинг амалдор, сиёсий партиялар раҳбарлари ёки қовунчилар эмаслигига алоҳида эътибор қаратинг.

Учинчи қоида, бюллетенда иккинчи қоидага мос номзод бўлмаса, аёл номзодни танланг. 

Тўртинчи қоида, иккинчи ва учинчи қоидага мос номзод бўлмаса, бюллетенда ўзингиз депутат сифатида кўришни истаган шахснинг исми шарифини қайд этинг. Бунга тўла ҳақлисиз.

Бешинчи қоида, ақлли овоз бериш ягона альтернатива.

Сенатнинг 2019 йилдаги сўнгги, йигирма бешинчи ялпи мажлиси

14 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида 85 нафар сенатор, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Ўзбекистон ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 17 та масала, шу жумладан 11та қонун кўриб чиқилиб маъқулланди.

Танзила Норбоева: Муаммоларни сенаторлар кўтариб чиқиши керак эмасмиди?

Миллий гвардия бевосита президентга бўйсуниши белгилаб қўйилди

Сенаторлар «Давлат божи тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Ортиқча ундирилган солиқни қайтаришнинг кечиктирилган ҳар бир куни учун пеня тўланади

Сенат жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ишида биринчи галда ОАВга таянади

Танзила Норбоева: Халқимиз ўзи сайлаган депутатни ёки сенаторларни танийдими?

Сенатор мажбурий меҳнатга сабаб бўлаётган омилни айтди

«Ходимнинг розилиги бўлса ҳам маошдан коммунал тўлов учун пул олиб қолиш мумкин эмас» - Адлия вазири

«Аукционда ютган шахс учун ҳокимнинг қарори керак эмас» - Адлия вазири ер ажратиш тартиби тўғрисида

Адлия вазири: «Қонунларни ҳадеб ўзгартирмаслик учун мораторий белгилаш керак»

Адлия вазири: «Ўзбекистон инвестицион эркинлик бўйича 100 баллдан 10 балл олган»

Мавзуга оид