Спорт | 12:50 / 17.12.2019
25151
12 дақиқада ўқилади

Топ-10: Класико арафасидаги йўқотишлар ва ҳафтанинг бошқа воқеалари

Европа миллий чемпионатларининг навбатдаги турлари ҳам табиийки, қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Англияда чемпион масаласи деярли ҳал бўлган бўлса, Италия ва Германияда муросасиз кураш давом этмоқда. Испанияда эса класико арафасидаги турда «Барселона» ҳам, «Реал» ҳам очко йўқотди.

АКАДЕМИЯ ВА 4000 ЎЙИН

1937 йилдан бери «Манчестер Юнайтед» ўйинлар учун берадиган заявкасида камида бир нафар клуб академияси тарбияланувчисига ўрин ажратмоқда. «Эвертон»га қарши ўйин мана шу серияда 4000-учрашув сифатида қайд этилди.

Бу кўрсаткич айниқса, клуб тарбияланувчиларига алоҳида эътибор берилаётган ушбу мавсумда, яна захирадан майдонга чиққан Мейсон Гринвуднинг голи билан нишонлангани ҳам ўзгача ижобий чизги беради. Ушбу ўйинда Гринвуддан ташқари, Жесси Лингард, Скот Мактомини, Маркус Рэшфорд каби тарбияланувчилар асосий таркибда, Перейра ва Туанзебе захирадан жой олишди.

Умуман, ушбу мавсумнинг ўзида академиянинг 10 нафар вакили асосий таркибда дебют қилиб улгуришди. Майдондаги вақтнинг қарийб учдан бири академия аъзоларига ёзилди, 17 гол муаллифи ҳам айнан тарбияланувчилар. Бу борада «МЮ» «Челси» билан бирга АПЛда пешқадам бўлиб турибди. 

ИТАЛИЯДА ПЕШҚАДАМ ЎЗГАРДИ

«Интер»нинг Флоренциядаги дуранги «Ювентус»нинг яна турнир жадвали бошига чиқиб олишига имкон яратди. Бу энди А Серияда оддий ҳолга айланди ва бизнингча, мавсум охиригача бу икки жамоа қувлашмачоқ ўйнашда давом этишади. Шу ўринда, «Удинезе»га қарши Сарри ниҳоят Дибала-Роналду-Игуаин учлигига асосий таркибдан жой топиб бера олганини таъкидлаш керак. Бернардески бу сафар захирада қолди ва Дибала илк дақиқалардан икки ҳужумчи ортида ҳаракат қилди. Натижа ёмон эмас – Криштиану Роналдудан дубл, Игуаинда голли пас, Дибала эса майдонда ҳаракат қилганлар ичида энг яхши баҳо олганлардан бири бўлди.

БУНДЕСЛИГАДА ҲАМ...

Италиядаги ҳолат юқорида айтилганидек, одатий ҳолга айланиб улгурган бўлса, «Лейпциг»нинг пешқадамлиги қачондир рўй бериши аниқ бўлган ҳодиса эди. Шу пайтгача жамоа сояда қолиб келган бўлса-да, аслида кўрсаткичлар бўйича Нагельсманн жамоаси Германияда етакчи эди. Чемпионатда энг кам мағлубиятга (Дортмунд билан бирга) учраган ҳам, энг кўп ғалаба қозонган (Менхенгладбах билан бирга) ҳам, энг кўп гол уриб, энг кам ўтказиб юборган ҳам – «Лейпциг». Жамоа қаторасига олтинчи ғалабасига эришди ва «Боруссия» М мағлубиятидан фойдаланиб, якка пешқадамга айланди.

Бу натижалар билан параллел тарзда «Лейпциг» Чемпионлар Лигаси гуруҳида ҳам ғолиб бўлди, Тимо Вернер эса қаторасига 7 учрашувдирки Бундеслигада майдонни голсиз тарк этмаяпти. Голлари сонини 16тага етказган ҳужумчи бу борада Левандовскига етиб олмоқда. Польшалик ҳужумчида 18та гол бор.

ҲАММА АЙБ VAR’ДАМИ?

Дам олиш кунлари мухлислар орасида VAR масаласи ҳам яна кун тартибига чиқди. Аслида турли мунозарали вазиятлар ва тушунарсиз қарорлар учун VAR’ни айблаш нотўғри. VAR аслида ҳакам учун техник ёрдамчи, холос. Яъни, вазиятни яхшироқ кўриш, баҳо бериш учун қўшимча имконият. Агар ҳакам бу имконият билан ҳам хатога йўл қўйса ёки тушунарсиз қарорлар чиқарса, табиийки, барча савол ҳакамга тушади.

Масалан, «Сосьедад» – «Барселона» ўйинининг биринчи бўлимида ҳакам меҳмонлар дарвозасига пенальти белгилади.

Ўйин охирларида эса, худди шунга ўхшаш ҳолатда Пикега қарши қоида бузилди – ҳакам жим.

Бу вазиятлар ўртасида фарқни ахтариб, мухлислар жиғибийрон бўлишгани табиий. Балки фарқ Пикенинг вазияти ўйин охирида бўлиб, якуний натижага бевосита таъсир қилиши ҳакамни эҳтиёткор қилиб қўйгандир?

Яна бир ҳолат «МЮ» – «Эвертон» ўйинида кузатилди. Дарвозабон майдончасида Де Хеага нисбатан яққол қўполлик ишлатилган бўлса-да, ушбу вазиятда гол ҳаққоний деб тан олинди. Дарвозабон ушбу қўполлик тасвирини ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига ҳам жойлаштирди.

Аслида норозиликлар VAR’га эмас, ҳакамларнинг турли вазиятларга турлича ёндашаётганидан келиб чиқаётгани табиий, зеро видеоёрдамчилар пайдо бўлмасдан олдин ҳам шундай тортишувлар бўлиб турарди.

КОУТИНЬОДА ҲЕТ-ТРИК

«Биз уни сотиб олишимиз керак, тўғрими?» дея риторик савол берди «Вердер»га қарши ўйиндан сўнг Давид Алаба. Гап Мюнхен клубида ижара асосида тўп сураётган «Барселона» футболчиси Филипе Коутиньо ҳақида кетяпти. У тарихда «Бавария» таркибида ҳет-трик қайд этган иккинчи бразилиялик сифатида қайд этилди. Аввалроқ, Жованни Элбер мюнхенликлар таркибида шундай натижа қайд этган.

Коутиньо «Барселона» сафида ҳам бир ўйинда учта гол урган, бу 2018 йилнинг май ойида рўй берганди. Лекин ўшанда каталонияликлар «Леванте»га 4:5 ҳисобида ютқазиб қўйишган, бу мағлубият жамоа учун мавсумдаги биринчиси ва ягонаси бўлганди.

Хуллас, ёзда, балки январданоқ «Бавария» Коутиньони сотиб олиш чораларини кўрса керак. Тиаго Алкантаранинг жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалиши ҳам бежиз эмас.

ТАНИШИНГ: ДЕЯН КУЛУШЕВСКИ

Аслида «Наполи» – «Парма» ўйинидан мезбонларнинг навбатдаги омадсизлиги, муаммо Гаттузо томонидан ҳам ечилмаётгани ҳақида фикрлар ҳавола қилишимиз ҳам мумкин эди, лекин бу ўйинда бошқа қаҳрамон порлади – Деян Кулушевски.

«Аталанта» тизимидан чиқаётган яна бир юлдуз мавсум бошида «Парма»га ижарага берилганди ва бу ерда ҳам захира ўйинчиси бўлиши кутилганди. Лекин 19 ёшли швециялик вингер ўйиндан ўйинга «Парма» етакчисига айланиб бормоқда. «Эҳ, сотиб олиб қўйсак бўларкан, ҳозир яхшигина нарх бўларди», – деб афсусланишаётгандир клуб раҳбарлари. Ростанам, аллақачон 4 гол ва 6 ассистга ўз исмини ёздириб қўйган Деян Европа клублари назарига тушиб улгурди. «Боруссия», «Ювентус» ва «Манчестер Юнайтед» каби топ-клублар унга жиддий қизиқиш билдирмоқда.

«Наполи»га қарши ўйинда эса Кулушевски энг яхши ўйинчи бўлди. Учрашувнинг 6-дақиқасида ҳисобни очган бўлса, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда у томонидан узатилган тўпни Жервиньо голга айлантириб, дурангни ғалабага айлантирди.

МАДРИДНИНГ ИККИНЧИ ЖАМОАСИ?

Биз Мадрид деганда «Реал» ва «Атлетико» ҳақида ўйлашга ўрганиб қолганмиз, тўғри қиламиз ҳам. Лекин айнан бугунги кунда ЕЧЛ йўлланмасини берувчи ўринларда Симеоненинг жамоаси эмас, «Хетафе» турибди. Майли вақтинчадир, лекин эсингизда бўлса, ўтган йили ҳам бу клуб ЕЧЛ ўринлари учун сўнгги тургача курашганда, бу ҳолат бир мавсумлик эканини айтувчилар ҳам кўп эди. Шуниси фактки, Пепе Бордалас Мадридда яна бир рақобатбардош жамоа қурмоқда.

«Хетафе» Ла Лигадаги сўнгги 7 ўйинда мағлубиятга учрамади, 5тасида ғалаба қозонди. Йўл-йўлакай Европа Лигаси плей-оффига ҳам йўлланма олинди. «Хетафе»нинг кейинги ўйинларини, айниқса, еврокубокларда «Аякс»га қарши тўқнашувини кузатиш жуда қизиқ бўлади.

ВЕРОНАДА ҚОЙИЛМАҚОМ КАМБЭК

Турнир жадвалининг ўрталаридан ўрин эгаллаган «Верона» ва «Торино» клубларининг ўзаро баҳси балки унча қизиқ туюлмаган, ҳар бирининг ғалабаси ҳам, дуранг ҳам бировни ҳайрон қолдирмасди. Лекин учрашув сценарийси, сюжети бўйича турнинг энг томошабоп ўйинларидан бирига айланди.

Ўйиннинг 61-дақиқасида меҳмонлар учинчи голни ҳам уришди ва гўёки энди ғалабани қўлдан бой беришмайдигандек эди. Аммо 69-84 дақиқалар оралиғида «Верона» 3та гол уриб ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Сўнгги беш дақиқа яна тенг курашда кечди, ҳар бири ғалаба қозониши, дуранг бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо бу сафар энди бошқача, ўйинни томоша қилган томошабинлар ўтказилган вақтлар учун шубҳасиз рози эди.

«РЕАЛ» ИМКОНИЯТНИ ҚЎЛДАН ЧИҚАРДИ

Аслида «Валенсия» ғалабани қўлдан чиқарди – мезбонлар ўйин давомида «Реал»га қараганда кўпроқ хавфли вазият яратишди, униси майли, Бензема ҳисобни тенглаштирувчи голни ҳакам томонидан қўшиб берилган 5-дақиқада урганди.

Лекин ўйиндан олдин «Реал»да ғалаба қозониб, турнир жадвалида пешқадам бўлиб олиш имкони туғилганди. Бир кун олдин Сан-Себястянга сафар қилган «Барселона» дуранг қайд этган, уч очко «Реал»га Эл-Класико олдидан жуда катта руҳий устунлик бериши мумкин эди. Аммо синхрон тарзда Зидан шогирдлари ҳам дурангга рози бўлишди ва энди тўплар нисбатига кўра, ҳозирча «Барселона» – пешқадам. Буни ўзгартириш учун «Реал» эртага ҳам уриниб кўради.  

«ЛАЦИО» ПЕШҚАДАМЛАРГА ЯҚИНЛАШДИ

Сўнгги турларда «Интер» ва «Ювентус»нинг навбати билан дуранг ўйнашлари Римнинг «Лацио» клубига қўл келди. Кўп мураббийлар «турнир жадвалига қарамаймиз, ўз ўйинларимизни ютаверсак, бир кун ўзимиз учун яхши ўринга чиқишимиз аниқ» деган маънода фикр билдиришни яхши кўради. Айнан шу ҳолат бугунги «Лацио»га ҳам мос келади. Римликлар А Серияда қаторасига 8 ўйинда ғалаба қозонишди, натижада энди уларни пешқадамлардан атиги 3 очко ажратиб турибди, холос.

«Кальяри»га қарши ўйин эса, жуда қийин кечиши маълум эди. А Серияда 13 ўйиндан бери мағлубиятга учрамай келаётган ва мавсумнинг кашфиётларидан бири бўлган клуб ўз майдонида осонликча таслим бўлмаслиги аниқ эди. Ростанам осон бўлмади, ўйиннинг 90 дақиқаси «Кальяри»нинг устунлигида ўтди. Фақат ҳакам томонидан қўшилган дақиқаларда икки гол урган «Лацио» ғалабани илиб кетди – 2:1.

Шундай ўйинлар «Лацио»нинг анчайин жиддий мақсадларга эга эканини намойиш қилади. Ахир бу йўлда римликлар Европа Лигасини ҳам қурбон қилиб юборганини эътиборга олсак, ким билади, балки А Серияда учинчи даъвогар ҳам пайдо бўлаётгандир?

Қ.Асланов тайёрлади

Мавзуга оид