Жамият | 08:06 / 17.12.2019
14042
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Нексия» таъмирлаш хизматлари томонидан қазилган чуқурликка тушиб кетди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Жорий йилнинг 14 декабрь куни тахминан соат 19:10да Мирзо-Улуғбек туманидаги Олтинтепа кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, “Нексия” русумли автомобилнинг 39 ёшли ҳайдовчиси Б.Э. бошқарувни қўлдан чиқарган. Натижада, автомобиль огоҳлантирувчи белгиларни ва тўсиқларни четлаб, таъмирлаш хизматлари томонидан қазилган чуқурликка тушиб кетган. 

Ҳодиса туфайли ҳеч ким жабр кўрмади.

“Нексия” ҳайдовчисининг гапларига қараганда, ЙТҲга йўлда авариявий вазиятни юзага келтирган бошқа автомобиль сабаб бўлган, аммо ўша транспорт воситаси русумини ёки давлат рақамини эслаб қололмаган. Ушбу фактни текшириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Билдирилишича, чуқурлик қазилишига сабаб бўлган газ ўтказгичнинг таъмирлаш ишлари анча вақтдан бери олиб борилмоқда. Илгарироқ (22 ноябрь куни), таъмирлаш бригадаси раҳбарига нисбатан ЙҲХБ ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 147-моддаси бўйича, яъни ишлар олиб борилган жойда қоидаларга мувофиқ огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилмаганлиги сабабли баённома расмийлаштирилган.

Мавзуга оид