Ўзбекистон | 14:05 / 18.12.2019
11513
5 дақиқада ўқилади

Ёджу техника институти бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди 

Фото: ytit.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти фаолиятини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, қуйидагилар:

а) “Global education school” нодавлат таълим муассасаси ҳамда “YUKET LLC” масъулияти чекланган жамияти (Корея Республикаси) ҳамкорлигида ташкил этилган “Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2018 йил 27 мартдаги 241-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилган лицензия асосида 2018 йилнинг сентябрь ойидан бошлаган;

б) Муассислар томонидан Институтнинг асосий вазифалари этиб:

меҳнат бозорининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларига, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳаларида ҳамда талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар бўйича олий малакали кадрлар тайёрлаш;

кадрлар тайёрлашда архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳалари бўйича фаолият олиб бораётган ташкилотларда талабалар амалиётини мунтазам ташкил этиш;

ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда хорижий тажрибани, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқув жараёнига малакали хорижий, хорижда таҳсил олган ва малака оширган маҳаллий мутахассисларни жалб этиш;

илмий изланишларга эҳтиёжни инобатга олган ҳолда архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳаларида ҳамда талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар бўйича инновацион ва илмий- тадқиқот фаолиятини олиб бориш;

архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳаларида илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, интеграцияни кучайтириб бориш белгиланган.

Белгиланишича:

Институт масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Институт ректори муассислар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

Институтнинг тузилмаси муассислар томонидан тасдиқланади;

Институт таълим фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Ёджу технология институтининг (Корея Республикаси) ўқув режалари ва дастурлари асосида ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширади;

Институт битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади;

Институтга талабалар қабули умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга абитуриентлар ўртасида кириш имтиҳонларини Ёджу технология институти (Корея Республикаси) томонидан (ёки иштирокида) ўтказиш орқали амалга оширилади;

абитуриентларни қабул қилиш параметрлари ва тартиби, битирувчиларнинг якуний аттестацияси тартиби ва шартлари Институт томонидан Ёджу технология институти (Корея Республикаси) билан келишилган ҳолда белгиланади;

Институтда ўқиш тўлов-контракт асосида, кундузги, сиртқи ва кечки шаклда амалга оширилади, талабалар ўқиши учун тўлов-контракт маблағлари миқдори муассислар томонидан белгиланади.

Муассиснинг ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Институт гранти асосида) 10 нафардан кам бўлмаган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш мажбуриятларни ўз зиммасига олиши тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Белгилаб қўйилишича, Институтнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уни ўқув ва лаборатория жиҳозлари, мебель, компьютер техникаси, ўқув ва услубий адабиётлар, шунингдек, бошқа моддий-техник жиҳозлар билан таъминлаш қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Институт муассислари маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари, шунингдек, хорижий ҳамкорларнинг маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Институтга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ёджу технология институти (Корея Республикаси) билан келишилган ҳолда, меҳнат бозори талаблари ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларидан келиб чиқиб, келгусида янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш ҳуқуқи берилди.

Мавзуга оид