Ўзбекистон | 21:15 / 19.12.2019
20555
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Синдзо Абэ билан учрашди. Икки мамлакат делегациялари ўртасида музокара ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи асосий тадбирлари 19 декабрь куни Токиода бўлиб ўтди.

Кантэй қароргоҳида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Ўзбекистон раҳбарини Япония Бош вазири Синдзо Абэ кутиб олди. Улар давлат байроқлари олдида қўл бериб кўришди.

Давлат мадҳиялари янгради. Шавкат Мирзиёев ва Синдзо Абэ олий мартабали меҳмон шарафига саф тортган фахрий қоровул олдидан ўтди. Уларга делегациялар таништирилди.

Шавкат Мирзиёев ва Синдзо Абэ олий мартабали меҳмон шарафига саф тортган фахрий қоровул олдидан ўтди.

Шундан сўнг икки мамлакат делегациялари иштирокида музокара ўтказилди. 

Япония ҳукумати раҳбари Президентимизни самимий қутлар экан, ушбу ташриф «Рэйва» («Гўзал уйғунлик») даврининг биринчи йилида ўтаётганини алоҳида таъкидлади.

Токио мамлакатимиз билан дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратаётгани қайд этилди.

Синдзо Абэ Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юксак баҳолади ва уларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Давлатимиз Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни жонлантиришга фаол ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Япония ҳукумати раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, япон халқини «Рэйва» даври бошлангани билан табриклади.

Мамлакатимиз етакчиси икки томонлама кўп қиррали шерикликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш борасидаги интилиши қатъий эканини таъкидлади.

Япония ҳукуматига Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлашга кўмаклашаётгани учун миннатдорлик билдирилди.

Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш йўналишлари кўриб чиқилди. Долзарб халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг ёндашувлари яқинлиги қайд этилди.

Парламентлараро алоқалар, жумладан, Япония парламентидаги Ўзбекистон билан дўстлик лигасининг фаол иштироки доирасида жонлангани мамнуният билан қайд этилди.

Асосий эътибор мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Икки мамлакат етакчилари ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, инвестициявий, технологик, молиявий ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга ташриф доирасида бўлиб ўтган ишбилармонлик тадбирларининг натижалари катта мамнуният билан тилга олинди.

Энергетика, қазиб олиш тармоғи, машинасозлик, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, туризм ва бошқа устувор йўналишларда, аввало, Япония етакчи компания ва банкларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ва илғор технологияларини жалб қилган ҳолда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш маъқулланди.

Делегациялар раҳбарлари Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги орқали молиявий ва молиявий-техник шериклик кенгайиб бораётганини олқишладилар.

Бундан ташқари, ҳудудлараро алоқаларни, тартибли меҳнат миграцияси, таълим, соғлиқни сақлаш, маданий алмашинув соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Асосий йўналишларда қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва илгари суришнинг институционал механизмлари келишиб олинди.

Учрашув якунида томонлар музокара натижаларидан мамнун эканларини билдирдилар, дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларининг янги даврини бошлаш борасида қатъий эканларини таъкидладилар.

Япония Бош вазири Синдзо Абэ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи учун қулай вақтда мамлакатимизга ташриф билан келиш таклифини миннатдорлик билан қабул қилди.

Мавзуга оид