Ўзбекистон | 15:06 / 21.12.2019
58259
3 дақиқада ўқилади

ФВВ «Қамчиқ» довони бўйича қўшимча маълумот берди

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Гидрометеорология хизмати маркази маълумотига кўра, “Қамчиқ” довони “Тошкент-Ўш” автойўлининг 228-253-км.лари оралиғида қор кўчиши хавфи мавжудлиги тўғрисида маълумот берилди. 

Шу боис, жорий йилнинг 21 декабрь куни соат 08.00 дан бошлаб йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Тошкент вилоятининг “Чинор” ва Наманган вилоятининг “Шеробод” постлари томонидан А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довонида автомобиль воситаларининг ҳаракатланиши вақтинчалик тўхтатилди.

Айни дамда, Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ) ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан жалб қилинган 45 та техника, 200 га яқин шахсий таркиб томонидан “Қамчиқ” довонидан ўтишга улгурмаган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчилар барча шароитлар билан таъминланган ФВВнинг 15 та назорат кузатув постларига, “Қамчиқ” отрядига, қолаверса, Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманидаги мавжуд умумовқатланиш шохобчалари (иссиқ овқат, ичимлик суви, дам олиш жойлари)га эвакуация қилиш ишлари ташкиллаштирилмоқда.

Транспорт воситаларининг узлуксиз ва хавф-хатарсиз ҳаракатини таъминлаш мақсадида, “Қамчиқавтойўл” Ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан 115 та махсус муҳандислик техникалари ва 314 нафар шахсий таркиб жалб қилиниб, йўлларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Ангрен электрофикациялаштирилган темир йўл орқали қўшимча йўловчи поезди қўйилиб, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Ангрен ва Орзу станцияларидан аҳолини эвакуация қилиш ишлари ташкиллаштирилди.

Ушбу вазият оқибатида жабрланганлар йўқ ва талафотлар аниқланмади. 

Ангрен шаҳри ва Поп туманида бўлган ҳайдовчи ва йўловчилар диққатига: аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ангрен шаҳрида ва Поп туманидаги мавжуд умумовқатланиш шохобчаларида иссиқ овқат, ичимлик суви, дам олиш жойлари ташкил этилган.

“Ҳурматли фуқаролар! “Қамчиқ” довонида об-ҳаво барқарор бўлмагунига қадар довон орқали вақтинчалик ҳаракатланмасликни тавсия этамиз”, - дейилади ФВВ маълумотида.

Мавзуга оид