Ўзбекистон | 19:03 / 21.12.2019
8155
2 дақиқада ўқилади

Одамларга яхши бўлиши учун инқилоблар юз бериши шарт эмас – америкалик эксперт

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун, 21 декабрь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Колумбия университети Халқаро ва жамоатчилик муносабатлари мактаби профессори Уильям Брюстер Эимке маҳаллий журналистлар билан учрашди.

Мулоқот давомида профессор АҚШнинг ташқи сиёсати, давлатнинг Марказий Осиё давлатларини нега қўллаб-қувватлаши ҳақидаги саволлар юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирди.

«АҚШнинг оддий фуқароси сифатида айтишим мумкинки, АҚШ Марказий Осиёни муҳим тинчлик нуқталаридан бири сифатида билади.

Шунингдек, АҚШ ҳукумати ривожланаётган давлатларни иқтисодий ва хавфсизлик жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта эътибор билан қарайди ва бу каби давлатлар барқарор ва мустақил бўлиши тарафдори», - дея қайд этди Уильям Брюстер Эимке.

Унинг мулоҳазаларига кўра, АҚШнинг қараши давлатларнинг терроризм ва бошқа хавфлардан холи бўлишлари учун ёрдам беришга асосланади.

«Афғонистон ва бошқа айрим давлатларда муаммолар юзага келаётганининг асосий сабаби ҳудуднинг барқарор тараққий этмаётгани ва иқтисодий жиҳатдан ҳукумат фуқароларини тўлиқ таъминлай олмаётгани билан боғлиқ.

Умумий олганда, одамларга яхши бўлиши учун энди революцияларга жамиятда муҳтожлик йўқ.

Агар одамлар яхши даромад олса, таълим олишга имкони бўлса, уларга ҳеч қанақа революцияларнинг кераги йўқ.

Ҳозир жуда кўп одам ҳарбий хизматда умрини сарфлашни хоҳламайди, улар тинч ҳаётни устун қўйишади», - дейди хорижлик профессор. 

Унинг мулоҳазаларига кўра, хавфсизлиги тўлиқ таъминланмаган одамлар тажовузкорлик қилишга мойил бўлади. АҚШнинг мақсади эса бошқа давлатларнинг иқтисодий барқарор ўсишига ва хавфсиз бўлишига ёрдам беришдан иборат.

«Марказий Осиё давлатлари ўз-ўзини таъминлаш, терроризмга қарши курашиш ва барқарорликка эришишда муваффақиятли ҳаракат қилмоқда.

АҚШ эса мазкур минтақа давлатлари билан ҳамкорликда ишлашдан манфаатдор. USAID’нинг тараққиёт бўйича лойиҳалари ҳам мана шу яхши мақсадларга асосланган», - дея қўшимча қилди Уильям Брюстер Эимке.

Мавзуга оид