Ўзбекистон | 13:20 / 24.12.2019
84101
2 дақиқада ўқилади

Бодикамералар қандай ишлайди?

Бугун, 24 декабрь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида йўл харакати хавфсизлиги тизимида амалга оширилган чора-тадбирлар ва галдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икромов 2020 йил 1 январдан бошлаб ЙПХ ходими хизмат вазифасини бажаришда бодикамералардан фойдаланилишини маълум қилди.

«ЙПХ ходимларини бодикамералар билан тўлиқ таъминлашдан олдин синов жараёнини амалга оширдик. Хитойнинг «Хайтера» компанияси томонидан ишлаб чиқилган 50та бодикамера Тошкент шаҳрида - 32таси ЙПХ ходимлари, 18таси ППХ ходимлари томонидан шу йилнинг сентябрь-октябрь ойларида тест синовларидан ўтказилди. Республика бўйича сервер мосламаларини жойлаштириш учун 65та, бодикамераларни жойлаштириш учун 192та жой тайёрланди. «Хайтера» компаниясидан 6 минг 193та бодикамера харид қилинди. Бу қурилмаларга тегишли дастурлар ўрнатилди, сим карталар билан таъминланди ва ҳимояланган VPN-каналлари орқали алоқа йўлга қўйилди. Тармоқни ташкил этиш мақсадида «Ўзбектелеком» АЖнинг уяли алоқа тизими (2G/3G)дан фойдаланилади. Биргина Тошкент шаҳрига 2 минг 876та бодикамера ажратилди.

Бодикамерани ЙПХ ходими бошқармайди ва уни ўчириш имконига эга эмас. Барчаси марказий сервер орқали назорат қилинади. Бир марта қувват олганда, 8 соат узлуксиз ишлайди. Қувват тугаганда, автоматик қувватлагичга уланган ҳолда доимий фаолиятини олиб бориши мумкин. Бодикамера 25-30 метргача масофадаги объектни тасвирга ололади ва маълумотлар бир ойгача сақланади», дея Икромовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Икромовнинг таъкидлашича, йўлдаги қонунбузилиш ҳолатларининг атиги 20 фоизини инсон омили аниқлаш имконига эга. Бодикамералар эса буни 100 фоиз аниқлай олади. Демак, қонунбузилиш ҳолатларини тўлиқ фиксация қилиш ва бартараф этиш учун шароит бўлади.

Мавзуга оид