Ўзбекистон | 16:45 / 24.12.2019
24494
3 дақиқада ўқилади

Норбоева: «Одамлар овқатдан заҳарланяпти – вазирликнинг бу билан иши йўқ»

«Ҳокимлар ўртасида биноларни кимўзарга қуриб, байрамларга етказиб топшириш роса авж олган».

Олий Мажлис Сенати кенгашининг 24 декабрь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида умумий овқатланиш корхоналари ва таълим тизимида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги масаласи кўтарилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Сенат раиси Танзила Норбоева овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, бу борадаги тизимли камчиликларни санаб ўтди.

«Егулик маҳсулотлари, овқатларнинг сифати бўйича фақатгина битта идора масъул эмас. Қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган маҳсулотлар сифати ҳам назорат остида бўлиши керак. Маҳсулотнинг ишлаб чиқирилиши, сақланиши, етказиб берилиши, сотилиши – барчаси биз кўриб чиқаётган муаммо билан бевосита боғлиқ.

Талим муассасаларида овқатлантиришнинг аутсорсинг услубидан фойдаланиляпти. Лекин тадбиркор фаолиятини текширишнинг имкони йўқ. У қандай иш олиб боряпти, қанақа овқат тайёрлаяпти, ҳеч ким хабардор эмас. Ўртада болаларнинг соғлиги турибди», – деди у.

Танзила Норбоева турли иншоотларни шошмашошарлик билан қуриб, фойдаланишга топширилиши, санитария талаблари четлаб ўтилаётганини ҳам қайд этди.

«Ҳозир ҳокимлар ўртасида роса авж олган ─ биноларни кимўзарга қуриб, байрамларга етказиб топширишга ҳаракат қилишяпти. Лекин аниқ белгиланган санитария нормалари мавжуд. Уларни кимдир инобатга оляптими ўзи? Ёки ҳеч ким ҳисоблашмаяптими? Санитария талабларига мос бўлмаса ҳам фойдаланишга топшириб юборишади. Керакли мутахассис кўригидан ўтган-ўтмагани бўйича ҳеч қандай норматив ҳам йўқ», ─ деб таъкидлади Норбоева.

Сенат раиси овқатдан заҳарланиш масаласига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг муносабатини жиддий танқид қилиб, айни шу масала кенгайтирилган тарзда кўриб чиқилаётган йиғилишга таклиф этилганига қарамай, вазир ёки ҳатто унинг бирор бир ўринбосари ҳам келмаганига эътибор қаратди.

«Одамлар овқатдан заҳарланяпти. Болаларнинг ярмидан кўпи анемия. Лекин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу билан иши йўқ. Муаммо асли уларники. Лекин одамлар заҳарланаверсин, ўлиб кетаверсин, камқон болалар туғилаверсин ─ вазирликнинг зиғирча иши йўқ.

Муаммога муносабатни йиғилишга келишмагани ҳам кўрсатиб турибди. Бунақа «жиддий муносабат»ни қанақа тушуниш мумкин?», ─ дейди Норбоева.

Мавзуга оид