Японча иссиқхоналар ва японлар ҳурматига сазовор вазир — Японияга сафар таассуротлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифни амалга оширди.
Ташриф давомида кўплаб шартномалар имзоланди. Дунёдаги энг кучли иқтисодиётга эга бўлган давлатлардан ҳисобланган Япония билан алоқалар шубҳасиз мамлакат ривожига ҳисса қўшади. Хўш, Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи вақтида қандай келишувлар имзоланди?
Янада кўпроқ Isuzu...
Самарқанддаги автомобиль заводи узоқ йиллардан буён самарали ишлаб келмоқда. 1999 йилдан буён автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқарадиган Samavto дастлаб Туркиянинг Koc Holding компанияси билан ҳамкорликда ишларди. 2006 йилдан буён корхона Япониянинг Isuzu компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Президентнинг Японияга ташрифидан сўнг Samavto фаолияти янада кенгаядиган бўлди. Isuzu Motors ва «Ўзавтосаноат» Япония томони автомобилсозлик соҳасига йирик инвестициялар жалб қилиши бўйича келишувга эришди.
Навоий ИЭС учун кредит
Японияда эришилган муҳим келишувлардан бири Навоий иссиқлик энергия станцияси билан боғлиқ бўлди. Япония бош вазири бу муҳим келишув ҳақида ОАВ учун брифингда айтиб ўтди: «Биз узоқ йиллардан буён Ўзбекистон билан электр энергетика секторини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик қилиб келади. Биз Навоий ИЭСнинг 3-блокини қуриш учун кредит ажратишни кўзда тутганмиз».
«Навоий ИЭСни модернизациялаш» дастури доирасида Навоий ИЭСда юқори энергия самарадорлигига эга бўлган учинчи буғ-газ қурилмасини барпо этиш учун Япония томони иенада кредит ажратади. Бундан ташқари, ажратилган кредитлар мамлакатдаги бошқа ИЭСлар учун эҳтиёт қисмлар етказиб беришга ҳам ишлатилади. Учрашувлар давомида Япония Навоий-4 буғ-газ қурилмаси учун кредит бериши муҳокама қилинди.
Оролбўйи аҳолиси учун 346 миллион иена миқдорида беғараз ёрдам
Синдзо Абэ Токиодаги брифингда Япония Оролбўйидаги экологик мураккаб вазият сабаб бу ҳудуддаги одамларнинг ҳаёт тарзини яхшилашда ўз ҳиссасини қўшишни хоҳлаётганини айтди. Бу келишувга кўра, Япония томони БМТ билан ҳамкорликда Оролбўйи аҳолисининг ҳаёт тарзини яхшилаш учун 346 миллион иена (3,2 миллион АҚШ доллари атрофида) пул ажратади. Яъни, Япония бу миқдордаги пулни БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармаси орқали Ўзбекистонга йўналтиради. Бу пуллар одамларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, атроф муҳитни яшиллаштириш каби узоқни кўзлаган лойиҳаларга ишлатилишини кутиш мумкин.
Риштонда японча иссиқхоналар, Наманганда япон футбол мактаби
Водий вилоятлари Япониядан самарали келишувлар билан қайтишди. Хусусан, Фарғона вилояти Риштон тумани Япониянинг Киото префектураси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Риштон туман ҳокими Суфхонжон Солиев ва Киото префектураси Майзуру шаҳри мэри Татами Рёзо келишув меморандумини алмашишди. O'z INT фирмаси Япония технологияси асосида маҳаллий шароитга мослашган иссиқхона қурилиши бўйича келишувга эришди.
Наманган вилояти вакиллари ҳам Токиода ўтказилган Ўзбекистон-Япония бизнес форумида қатнашди. Наманган вилояти ҳокимияти вакиллари Япониянинг «Ванфоре Кофу» футбол клуби билан шартнома имзолашди. Бу шартномага кўра, «Ванфоре Кофу» клуби Наманганда футбол мактаби очиши мумкин. Шунингдек, «Ванфоре Кофу» ва «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинлари ўтказиб туришга келишилган.
Япониянинг БМТ Хавфсизлик кенгашига кириши
Учрашувлар давомида халқаро майдондаги воқеалар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Япониянинг БМТ хавфсизлик кенгашига киришини қўллаши маълум қилинди. БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолигига 5та давлат кирган. Булар Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Россия ва Франция. Япония эса йирик иқтисодий держава сифатида бу рўйхатга киришни хоҳлайди. Япония томони бу борада Ўзбекистоннинг қўллаб-қувватлашини юқори баҳолади.
Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш
Шубҳасиз, келишувлар ҳар икки мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир қилиши керак. Бу борада томонлар томонидан солиқ ва божхонага оид келишувларга эришишди. «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Япония Ҳукумати ўртасида божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ўзаро ёрдам тўғрисидаги Битим» ҳар икки мамлакат тадбиркорлари учун қулай имкониятлар яратади. Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги Конвенция ҳам экспортёр ва импортёрлар учун қулайлик олиб келади.
Энди ўзбеклар Японияда қонуний ишлаши мумкин
Япония иқтисодий жиҳатдан ўзига тинч мамлакат бўлгани учун бу ерда ишлашни кўпчилик хоҳлайди. Бундай инсонлар Ўзбекистонда ҳам оз эмас. Японияда ўтказилган бизнес форум давомида мана шу борада ҳам муҳим шартнома имзоланди. Ўзбекистон томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов қўл қўйган келишувга кўра ўзбекистонликлар эндиликда Японияда қонуний ишлаши мумкин.
Япония шу вақтгача 9та мамлакат фуқароларига ўз ҳудудида ишлашга рухсат берганди, энди бу рўйхатга Ўзбекистон ҳам қўшилди. Ўзбекистонликлар Японияда ишлаш учун япон тилидан тест топширади. Тестдан ўтгач, улар қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлаш, автомобиль ишлаб чиқариш, электроника маҳсулотларини ишлаб чиқариш каби соҳалардан бирида ишлаши мумкин.
Меморандумга кўра, ўзбекистонликлар худди Япония фуқаролари каби ишлаш ва ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Меморандум ижросини Ўзбекистон томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Япония томонидан эса мамлакат Адлия вазирлиги қошидаги иммиграцион хизматлар агентлиги назорат қилади.
JICA ва 3,5 миллиард доллар
Президент Шавкат Мирзиёев Японияга ташрифи давомида япон халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Синичи Киаоки билан ҳам учрашди. Бу ташкилот Ўзбекистондаги умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган турли лойиҳаларни молиялаштириши бўйича келишилди.
Ёшлик ва ғайрат...
Япониядаги учрашувлар вақтида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг ҳаракатлари эътиборни тортди. У маҳаллий ишбилармонлар билан япон тилида ҳам, инглиз тилида ҳам мулоқот қилгани таҳсинга сазовор... Бу ёш вазир мезбонларда ижобий таассурот қолдирди. Ёш кадрлар мамлакат учун катта фойда бериши айнан Сардор Умурзоқов мисолида кўринди.
Унинг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ҳам японча чиқишлари билан мезбонларнинг ҳурматига сазовор бўлди.
Токиодаги бизнес форумдан сўнг биз билан суҳбатда бўлган Европа тикланиш ва тараққиёт банки катта банкири Камола Маҳмудова форумда Ўзбекистон томонидан кўплаб ёшларнинг қатнашаётгани қувонарли ҳол эканини алоҳида таъкидлади. У ёш, дунёқараши кенг ва кўп тилда гаплашувчи кадрлари бор мамлакат билан ҳамманинг ҳам ишлагиси келишини таъкидлаб ўтди.
Дарвоқе, Ўзбекистон банклари вакиллари ва Япония ишбилармон доираси вакиллари ўртасидаги учрашувда қатнашган «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ бошқарув раиси Азиз Воитов ҳам ўз чиқиши билан мезбонларда илиқ таассурот қолдирди.
Илк марта...
Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи Kun.uz сайти учун ҳам ўзгача аҳамият касб этди. Мустақил электрон ОАВ вакили илк марта Ўзбекистон президентининг хорижий сафарини ёритиш имконига эга бўлди. Бундай имконият биринчи марта айнан Kun.uz ’га берилгани таҳририят учун қувонарли ҳолат, албатта. Бу Ўзбекистонда ОАВга тўғри баҳо берилаётгани, журналистика мамлакат ривожига бевосита боғлиқ соҳа экани эътироф этилаётганидан дарак. Бу нафақат Kun.uz, балки бошқа интернет сайтларнинг эътироф этилиши десак, хато бўлмайди. Умид қиламизки, бундай яхши ишлар давомий бўлади.
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
20:50 / 23.12.2024
Японияда сунъий гравитацияга эга Ой мажмуаси прототипи қурилади
20:28 / 23.12.2024
Honda ва Nissan бирлашмоқда. Улар дунёдаги энг йирик учинчи автомобил ишлаб чиқарувчига айланади
15:00 / 23.12.2024
Япония савдо тармоқларида Ўзбекистон маҳсулотлари сотуви йўлга қўйилади
18:22 / 22.12.2024