Иқтисодиёт | 23:55 / 25.12.2019
204373
4 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors янги моделларининг нархи қанча?

Шевроле Траверс. Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

25 декабрь куни UzAuto Motors компанияси тўртта янги кроссоверини тақдим этиши ортидан ижтимоий тармоқларда яна автосаноат монополияси мавзуси кўтарилди.

Боиси – тақдим этилган тўртала автомобилнинг бирортасини ҳам ўртача-статистик ўзбекистонлик учун ҳамёнбоп деб бўлмайди.

Шевроле Траверс. Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Тақдим маросимидан сўнг қатор саволлар очиқ қолди. Концерт тарзида ўтказилган маросимда расмийлардан ҳеч ким сўзга чиқмади, табиийки журналистларда улардан интервью олиш имкони ҳам бўлгани йўқ.

Ажабланарлиси, 26 декабрдан сотила бошлаши айтилган машиналарнинг ҳатто нархи ҳам эълон қилингани йўқ. Kun.uz'нинг нарх масаласида компания матбуот хизматига боғланиши ҳам бефойда бўлди.

Айрим манбаларимиз берган маълумотга кўра, янги автомобилларнинг тахминий нархи қуйидагича:

Equinox – 280-300 млн сўм
Traverse – 380-400 млн сўм
Trailblazer – 480-500 млн сўм 
Tahoe – 780-800 млн сўм

Арзонроқ бўлиши умид қилинган Chevrolet Onix седанидан эса ҳозирча дарак йўқ.

Трейлблейзер. Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

UzAuto Motors янги моделларни ишлаб чиқаришни қанчалик ўзлаштиргани, лойиҳаларни маҳаллийлаштириш даражаси ҳақида ҳам маълумот йўқ. Шу боисдан ҳам ижтимоий тармоқларда ушбу янги моделлар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганми-йўқми, деган истеҳзо аралаш саволлар учрамоқда.

Жумладан, Telegram'даги «Заметки экономиста» канали шундай деб ёзади:

«Балки менга шунга туюлаётгандир, лекин янгиликларда «ишлаб чиқарилади» деган сўзни кўрмадим. Бунинг ўрнига фақат «сотилади» бор. Кимдир ўйлаши мумкин: «Бу шунчаки импортми? Шундай бўлса, бизга «ишлаб чиқарувчи»нинг нима кераги бор?

Мен қачондир бир кун келиб Ўзбекистонда автомобиль ҳашамат белгиси эмас, шунчаки ҳаракатланиш воситасига айланишини, автомобиль харид қилиш ҳеч кимнинг ҳаётий мақсадларидан бири бўлиб қолмаслигини орзу қиламан».

Шевроле Тахо. Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Блогер Муҳрим Аъзамхўжаев нархлар масаласига тўхталар экан, 2020 йилдан бошлаб нархи 40 минг доллардан қиммат автомобиллар импорти учун бекор қилинган божлар қайта тикланганини эслаб ўтган.

«Президент 2018 йил июнидаги битта қарори билан нархи 40 минг доллардан юқори бўлган «иномарка»лар учун 2019 йил 1 январдан импорт божини бекор қилган эди. Лекин 2019 йил тугамай, бу бож қайта тикланди ва 2020 йил 1 январдан яна аввалгидек двигатель ҳажмига қараб, бож солинади.

Бироқ «кўзимиз қувончи» ҳисобланган миллий автокорхонамизнинг «ҳамма учун мўлжалланмаган» бугунги тақдимоти ва 2020 йилдан нархи 40 минг доллардан юқори «иномаркалар»га импорт божининг қайта тикланиши ўртасида боғлиқлик йўқ, албатта. Йўқ, умуман йўқ, бўлган ҳам эмас», деб ёзади у.

 

Мавзуга оид