Ўзбекистон | 15:50 / 27.12.2019
12688
4 дақиқада ўқилади

ССВ: Донор бўлувчи қариндошлар рўйхати кенгайтирилди

Ўзбекистонда донор бўлувчи қариндошлар рўйхати кенгайтирилди, шунингдек, трансплантация амалиёти билан шуғулланадиган тиббиёт муассасалари ҳам кўпайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг телеграмдаги каналида хабар берди.

«Аввал трансплантация ёрдамига муҳтож беморлар рўйхати кенгайиб бораётгани, бундан ташқари, сўнгги икки йил давомидаги амалиёт шуни кўрсатдики, донор сифатида белгиланган яқин қариндошларнинг чекланган доираси ҳам амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо қилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Жорий йил 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, сурункали буйрак ва жигар касалликларининг терминал босқичларида бўлган ҳолатларда қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, юқори технологияли ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги «Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга қатор ўзгартишлар киритилди.

Эндиликда, тирик қариндош донорлар қонунчилик асосида ўзаро биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражада қариндош бўлган шахслар ўртасида бўлиши мумкин. Бунда болалар ота-онасига нисбатан биринчи;

Невара бобоси ва бувисига нисбатан, шунингдек, ака-ука ва опа-сингиллар – иккинчи;

Эвара катта бобоси ва катта бувисига нисбатан, шунингдек, тоға ва амаки, аммо ва хола ўз жиянлари билан учинчи;

Тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса тўртинчи даражадаги қариндош ҳисобланади. Шунга кўра, юқоридаги ҳужжатда «Яқин қариндошлар» сўзлари «қариндошлар» сўзлари билан алмаштирилди.

Шунингдек, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилган никоҳ асосида камида уч йил биргаликда яшаган эр-хотинлар ва уларнинг юқорида кўрсатиб ўтилган барча қариндошлари, шунингдек, ўгай ака-ука ва опа-сингиллар ҳамда уч йил муддат олдин қонунчиликда белгиланган тартиб асосида фарзандликка олинган болалар (фарзандликка олувчи ота-оналари билан ўзаро) тирик қариндош донорлар бўлиши мумкин.

Шу билан бирга эндиликда Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази билан қаторда, У.Холмуратов номидаги республика кўп тармоқли тиббиёт маркази (Қорақалпоғистон Республикаси), Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ҳамда Хоразм кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳам трансплантация амалиётларини бажариш ваколатига эга бўлди.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида буйрак ва (ёки) жигар бўлаги трансплантацияси амалиётини ўтказиш учун реципиент (донор билан) шифохонага ётқизиш ва тиббий ёрдамни ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом»га мувофиқ амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги икки йил давомида Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий амалий тиббиёт марказида 230дан ортиқ буйрак, 6та жигар, Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказида эса 68та буйрак трансплантацияси операциялари ўтказилиб, жами 300 нафардан зиёд фуқароларимизнинг юқори технологик операциялар учун хориж давлатларига боришининг олди олинди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид