Жамият | 16:52 / 28.12.2019
26202
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ўта хавфли рецидивист яна бир бор жиноят содир этди

Фото: Тергов департаменти

2019 йил 24 декабрь куни Жиззах вилояти Зафаробод туманида яшовчи 50 ёшли Ш.Ў. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у ўзининг ўғли, вояга етмаган, 2002 йилда туғилган Р.Н. Дўстлик кўчасидаги уйларнинг олдида кетаётганида номаълум шахс уни ушлаб олиб, қўрқитиб, уриб тан жароҳати етказиб, бир дона баҳоси 900.000 сўмлик “Samsung” русумли уяли телефон аппаратини тортиб олиб, очиқдан очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинганлигини, ушбу шахсни аниқлаб унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган 41 ёшли С.Б. содир этганлиги аниқланиб, ундан “Samsung” русумли телефон аппарати тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Зафаробод туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан С.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 4-қисми “б” банди (ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Жиноят иши бўйича жабрланувчи вояга етмаган Р.Н. 3 нафар шахс орасидан айнан С.Б.ни таниб олган ва С.Б.га нисбатан ушбу модда билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 

Мавзуга оид