Жаҳон | 21:20 / 29.12.2019
37040
3 дақиқада ўқилади

Донбассда асирлар алмашилди

Украина ва айирмачилар икки йил ичида илк марта асирларни алмашишди. Киев ҳамда «ЛХР» ва «ДХР» ўнлаб одамларини бир-бирига қайтарди, улар орасида 2014 йил февралида Майданда одамларни ўққа тутишда айбланган Украина ИИВнинг «Беркут» махсус бўлинмаси жангчилари ҳам бор.

Фото: Reuters

Асирлар алмашиш бўйича келишув уч ҳафта муқаддам Владимир Путин ва Владимир Зеленский ўртасида Германия ва Франция президентлари иштирокидаги учрашувда тузилганди.

Алмашув туманли тонгда Донбасс билан чегарадаги «Майорс» назорат-ўтказув пунктида бошланди ва тушликдан кейин якунланди. Киев 87 кишини топшириб, 55 кишини олиб кетишни режалаштирганди. Якунда кўпроқ асир алмашилди - 124га 76 киши.

Ўндан ортиқ киши айирмачилар назоратидаги ҳудудга қайтишни исташмади. Шунингдек, Киевдагилар рўйхатидаги 4 киши Донецкда қолишга қарор қилган.

Икки йил олдинги асирлар алмашинувида ҳам тенгсизлик кузатилганди: Киев 233 кишини қайтарган ва эвазига 73 киши олганди. Бундан ташқари, сентябрда Россия ва Украина «35»га «35» форматида асирлар алмашганди.

Украина шарқидаги қуролли низо 2014 йили ғарбпарастларнинг Киевдаги норозилик намойишлари ва Қрим Россия томонидан эгаллаб олинишидан кейин бошланганди.

Озод қилинган украинлар биринчи навбатда овқатлантирилди

Киев ва Ғарб давлатлари Москвани Донбассдаги айирмачиларни сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда айблайди. Кремль бу ишга аралашганини тан олмайди. Шу билан биргаликда бу давлат «ДХР» ва «ЛХР»да яшовчиларга Россия паспортларни тарқатади ҳамда Украина ҳукуматининг айирмачилар билан музокараларида воситачилик қилиб келади.

Алмашувга қандай тайёргарлик кўрилди

Алмашув ҳақида 9 декабрь куни Париждаги «норманд формати» шаклидаги учрашувда Россия, Украина, Германия ва Франция раҳбарлари иштирокида келишиб олинганди.

Луганскдан украиналикларни олиб келаётган автобуслар

Декабрь ойи охирига келиб украин нашрлари Киев Донецк ва Луганскка 2014 йил Майдан воқеалари вақтида одамларни ўққа тутишда айбланган Украина Ички ишлар вазирлигининг «Беркут» бўлинмаси ҳарбийларини топширишга розилиги ҳақида хабар тарқатди.

Алмашув куни - 29 декабрь - фақат шу кунларда маълум бўлди. Санани биринчи бўлиб «Донецк Халқ Республикаси» вакиллари, кейин Зеленский тасдиқлади.

28 декабрь куни Киев апелляция суди «Беркут»нинг собиқ жангчилари Павел Аброськин, Сергей Зинченко ва Олег Янишевскийни жазони ижро этиш муассасасидан чиқариш ҳақида ҳукм чиқарди. Суд мажлисида прокурор Сергей Куций улар алмашув рўйхатида эканини тасдиқлади. Яна икки собиқ ходим аввалроқ уй қамоқхонасига ўтказилганди. Шу тариқа, суд жами беш кишини озод қилди.

Адвокат Валентин Рибин аввалроқ Янишевский, Аброськин ва Зинченко бир неча йилдан буён алмаштириш учун асосий даъвогарлар бўлиб келаётганини билдирганди.

Киев судининг уларни озод қилиш ҳақидаги қароридан кейин қамоқхона атрофида фаоллар тўпланишди. Улар ўриндиқлар ва чиқинди идишларидан баррикадалар ўрнатиб, уларнинг олиб кетилишига тўсқинлик қилишга уринишди.

Мавзуга оид