Ўзбекистон | 00:46 / 31.12.2019
75353
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда вақтинчалик пропискасиз бўлиш муддати узайтирилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди.

«Ҳуқуқий ахборот» каналига кўра, қарорда фуқароларни доимий ва вақтинча прописка қилиш, турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини соддалаштириш юзасидан, жумладан, қуйидагилар белгиланди:

• фуқароларни прописка қилиш, пропискадан чиқариш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш яшаш жойига яқин ва уларга қулай бўлган хоҳлаган туман (шаҳар) ИИБлари томонидан амалга оширилади;

• фуқароларни прописка қилиш ёки турган жойи бўйича ҳисобга олишда уй-жой мулкдорлари шахсан иштирок этиши талаб қилинмайди, ҳужжатлар уларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади;

• фуқаролар янги яшаш жойига келганда доимий прописка қилиш ёки турган жойи бўйича ҳисобга олиш учун ҳужжатларни тақдим этиш муддати 10 кунгача узайтирилди.

Мазкур қарор билан, Ўзбекистон фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш, пропискадан чиқариш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган.

Низомга кўра, доимий пропискага эга бўлиш ва турган жойлари бўйича ҳисобда туриш учун фуқаролар ДХМларга ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали мурожаат қилишлари ҳам мумкин.

Давлат хизматлари кўрсатиш учун БҲМнинг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Қарорга кўра, фуқароларни турган жойи бўйича ҳисобга олиш соҳасида давлат хизматини кўрсатиш тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Чилонзор туманларида, 2021 йил 1 январдан бошлаб эса республика миқёсида фақат ДХМлар орқали амалга оширилади.

Шунингдек, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар — чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифаларининг рўйхати ҳам тасдиқланди.

Қайд этиш жоизки, ҳукуматнинг мазкур қарорида пойтахт ва Тошкент вилоятида доимий пропискасиз иккиламчи бозордан уй сотиб олишга рухсат бериш тўғрисида енгиллик бериш назарда тутилмаган.

Мавзуга оид