Ўзбекистон | 16:00 / 02.01.2020
29409
9 дақиқада ўқилади

«Ҳалол бўлсанг, ҳеч кимдан қўрқмайсан». Коррупция ва судьялар мустақиллиги ҳақида Батир Матмуратов билан суҳбат

Олий Мажлис Сенатининг учинчи чақириқдаги таркиби ваколатларини топшириш арафасида. Шу муносабат билан Kun.uz қатор сенаторлар билан интервьюлар ташкил этишни режалаштирган.

Биринчи суҳбатдошимиз – Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратов бўлди. Сенатор суҳбат давомида коррупция, судлар мустақиллиги, сайловлар ва бошқа масалалардаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– 2019 йил ҳам якунига етди. Ортда қолган йилдан, Сенатдаги фаолиятингиздан хулосаларингиз қандай?

– Ассалому алайкум. Кўпчилик бир нарсадан ҳайрон бўлади – турли хил қонунлар, фармонлар, қарорлар, фармойишлар нега бунча кўп қабул қилинмоқда? Гап шундаки, биз жуда шиддатли ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Сўнгги 3 йилда бирор соҳа қолмадики, қонунчилиги ўзгармаган бўлса. Бир йўналиш йўқки, катта ишлар амалга оширилмаса. Бу жараёнда албатта самарали қонун ва қарорларга эҳтиёж сезилади. Биргина бизнинг қўмитамизнинг ўзигина ўтган давр давомида 72та қонун ҳужжатини муҳокамадан ўтказди. Бу жуда жиддий ва кўп меҳнат талаб қиладиган жараён.

– Қўмитангиз анча мураккаб соҳани қамраб олади – Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси. Айтингчи, халқимиз қачон коррупция жиловланганини ҳис қилади?

– Бир фактга эътиборингизни қаратмоқчиман – 2017 йилга қадар бизда коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона қонуннинг ўзи бўлмаган. Турли хил тарқоқ қонун ҳужжатлари ва нормаларни қўллаб юрганмиз. Президентимиз ўз фаолиятини бошлаган дастлабки кунлардаёқ бу масалага жиддий эътибор қаратди. Ҳозирги кунда алоҳида қонун, қарор ва фармонга эгамиз. Кўпчилик нега қарор қабул қилингани ортидан яна айни шу йўналишда фармон ҳам қабул қилинди, деб сўрайди. Айтиш керакки, фармон қабул қилиниши масаланинг ғоявий аҳамиятини англатади. Бу балога қарши курашга нақадар жиддий киришилганини билдиради.

Яна бир масала бор. Коррупцияга қарши курашда аввало ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда тартиб-интизом бўлиши керак. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда тартиб-интизом кучли бўлса, бошқа идоралар қўрқади. Афсуски, бизнинг айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳокимият органлари билан шундай боғланиб кетган. Аслида буларнинг ҳаммаси мустақил идора бўлиши керак.

Иккинчидан, судлар мустақиллиги бўйича кўп қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Уларнинг дахлсизлиги, сайланиши, ишларига аралашмаслик, ҳатто ижтимоий ҳимоя масалалари – барчаси қонунларда кўрсатилган. Агар судьянинг ўзи, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан қўшиб айтаман, ўзининг мустақиллигини ўзи таъминламаса, у ҳеч қачон мустақил бўла олмайди.

Яъни аввало судья ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоранинг ходими ўзининг юриш-туришига, одоб-ахлоқига, шу билан бирга коррупцияга мойиллигига ўзи баҳо бериши керак. Агар номаъқул ишга аралашса, бу ишининг ошкор бўлиб қолишидан қўрқиб, айрим номаъқул одамларнинг гапидан чиқа олмай қолади. Улар билади – уйига чақиради, зиёфат қилади, тўн кийдиради... Тўй қиладиган бўлсанг, бир ҳафта олдин қўй-у ароқ, ҳаммасини олиб бориб ташлайди, хизматларингга деб яна пул ҳам бериб кетади... Агар шунда «Э, раҳмат укам ё акам» деб айтадиган бўлсанг, сен ҳеч қачон мустақил бўла олмайсан. Ҳеч қачон коррупцияга қарши кураша олмайсан. Тўйинг ўтгач, ҳар қандай номаъқул ишларни битириб бер, деб келади.

Шунинг учун ҳам буюк файласуфлар айтадики, сен уйингга олиб келадиган нарсани ҳалоллаб олиб келсанг, ҳеч кимдан қўрқмайсан. Ҳеч кимдан қарздор эмассан.

Менинг афсусланадиган нарсам... Айрим вақтлари чемодан-чемодан пуллар чиқди, дейишади. Бу пуллар нима, сувга ташласанг йўқ бўлиб кетади – гап унда эмас. Шу чемодан-чемодан пулни ноқонуний йўл билан йиғиш учун... Бизнинг ислоҳотларимизга мўлжалланган қанча маблағ бу. Демак, қурган қурилишимиз ҳам чала бўлади, ишлаган ишларимизнинг ҳаммаси чала бўлади. Қурган иморатимизни уч йилдан кейин таъмирлашга тўғри келади. Афсуски, бу номард одамлар шуни тушунмайди. Сен нафақат [коррупция орқали] пул йиғяпсан, балки давлатнинг, иқтисодиётнинг томирига болта уряпсан. Бу нарса уларнинг онгида йўқ.

– Айнан бугун (суҳбат 25 декабрь куни ёзиб олинган – таҳр.) Соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупция ҳолатлари бўйича идоралараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вазир ва унинг ўринбосарлари, соҳадаги қатор раҳбарлар фаолияти жиддий танқид қилинди. Бу йўналишдаги муаммоларни қандай баҳолайсиз?

– Албатта, шифокорларга, ҳамшираларга оғир гап айтишнинг ўзи қийин. Сабаби уларнинг фаолияти мураккаб. Лекин ҳамма соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам нопок кимсалар учраб туради. Энди бир жиҳат – биз халқимизнинг ўзида коррупцияга қарши муросасизликни кучайтиришимиз керак. Кўпчилик қайсидир шифокор данғиллама уй қурса, қимматбаҳо машина минса, «қандингни ур» деб мақтаб қўяди. Аслида у неча кишининг кўз ёшлари эвазига бу бойликни тўплаган.

Бугунги йиғилиш кўлами жуда кенг бўлди. Авваллари ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия йиғилиши бўларди, аммо унда бир неча соҳа бўйича гап кетар, кўп масалалар очиқ қоларди. Бугун фақат бир соҳа – соғлиқни сақлаш кенг таҳлил қилинди, муаммолар рўй-рост очиб ташланди. Ўйлайманки уларнинг ечими бўйича ҳам зарур ишлар амалга оширилади.

– Бу йил Ўзбекистон муҳим сиёсий жараён – сайловларни ўтказди. Бу борада фикрларингизни билмоқчи эдик.

– Бу йилги сайловлар аввалгиларидан фарқ қилди. Аввало Экологик партия демократик асосда, курашлардан кейин ўз ўрнига эга бўлди. Янги Сайлов кодексига амал қилинди, бир ташкилот вакилларига чеклов қўйилди, бу ҳам қинғирликларнинг, таниш-билишчиликнинг олдини олди. Ташкилотчилик ҳам яхши бўлди. Овоз бериш жараёни соат 8:00да давлат мадҳияси билан бошлангани кўтаринки руҳ берди.

Сайлов бўйича ҳужжатларни муҳокама қилган пайтимиз мен қатъий уч белги усулидан воз кечишни таклиф қилгандим. Яъни, ҳозир +, Х ва ✓белгиларини ишлатиш мумкин. Лекин қишлоқларимиздаги оддий одамлар буни тушунишмайди-да. Балки кимдир ўзи ёқтирган номзод қаршисига «бу жуда зўр одам» деб ёзиб кетар. Қатъий талаб бор, агар шу уч белгидан бири қўйилмаса ёки бир нечтаси қўйилса, бюлеттен нотўғри тўлдирилган бўлади. Қарангки, жуда кўп бюлеттенларда шу камчилик кузатилди.

– Овоз бериш, саноқ жараёнларидаги қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан бизга ҳам кўп мурожаатлар бўлди. Ижтимоий тармоқларда ҳам турли лавҳалар тарқалди. Буни қандай изоҳлайсиз?

– Бу айрим калта ўйлайдиганлар иши ва улар умумий натижага таъсир қила олишмайди. Жуда муҳим бир жиҳат – ана шундай ҳолатлар очиқ-ойдин кўтарилаётганининг ўзи ҳам демократик жараёнлардан дарак беради.

Ҳақиқатни рўёбга чиқаришда нафақат давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки оммавий ахборот воситалари ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, айниқса блогерларимиз жуда яхши ишлашди. Олдин ҳам бундай қонунбузилиш ҳолатлари бўлган, лекин кўпчилик буни айта олмаган, айтган нарсаси кўринмаган. Ҳозир эса мамлакатимизда эркинлик сиёсати – одамлар кўрган-билганининг ҳаммасини айтяпти.

Ўртоқлар, сайловни юқори даражада, қонун устуворлиги асосида, демократик услубда ўтказишимиз керак, деб масалани қўйганимиздан сўнг, энг фаол иштирокчи сифатида мен айнан ОАВ ходимлари, фуқаролик жамияти инстутлари вакиллари ва блогерларни кўрсатган бўлардим. Уларга раҳмат. Мен ўзим айтганман, коррупцияга қарши курашдаги энг яқин дўстим – ОАВ, блогерлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бўлади. Шуларнинг ёрдамида мамлакатимиздаги ҳар қандай нопок ишни очиб ташлаймиз.

(Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин)

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид