Жаҳон | 10:58 / 03.01.2020
33221
2 дақиқада ўқилади

Энг кучли денгиз пиёда қўшинларига эга давлатлар маълум қилинди 

Фото: AFP/Getty Images

АҚШнинг The National Interest нашри энг кучли денгиз пиёда қўшинларига эга етакчи бешта давлатни маълум қилди.

Рейтингга АҚШнинг денгиз пиёда қўшинлари корпуси етакчилик қилмоқда. Таъкидланишича, ушбу корпус қолган давлатлар денгиз пиёда қўшинларига нисбатан ҳарбийлари сони катталиги билан фарқланади: 2017 йил натижаларига кўра, корпусда 186 мингга яқин киши хизмат қилади ва 38 мингга яқин захирадаги ҳарбийга эга.

2-ўринни Россиянинг денгиз пиёда қўшинлари эгаллаган. National Interest’нинг ёзишича, Россияда ушбу қўшин тури АҚШ денгиз пиёда қўшинлари корпуси каби ролни бажаради, яъни десант операцияларига ихтисослашган кучлар ҳисобланади. Россия денгиз пиёда қўшинлари яхши жанговар тайёргарликка эга.

3-ўринни Буюк Британиянинг қироллик денгиз пиёда қўшини эгаллади. Британия қуролли кучларининг ушбу тури ўзидан енгил пиёда қўшинни акс эттириб, доимо жанговар шай ҳолатда туради. Унинг ҳарбийлари сони 7 мингга яқинни ташкил қилади.  

4-ўринга Жанубий Корея денгиз пиёда қўшинлари қўйилди. Унда 29 мингга яқин ҳарбий хизмат қилади. Қўшин америкалик мутахассислар томонидан ўқитилиб, АҚШ денгиз пиёда қўшинлари каби вазифаларни бажаради.

Бешталикнинг охирги ўрнидан Хитой денгиз пиёда қўшинлари жой олди. Унда 30 мингга яқин киши хизмат қилиб, ҳарбий кемалар ва ҳарбий-денгиз базаларидан ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган. Бироқ мақола муаллифининг таъкидлашича, Хитой денгиз пиёда қўшинларида жанговар тажриба йўқ. Хитой армияси бу муаммони ҳал қилиш учун Россия ҳарбий-денгиз флоти билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Мавзуга оид