Жаҳон | 12:00 / 03.01.2020
264225
11 дақиқада ўқилади

Эроннинг иккинчи рақамли одами Трампнинг буйруғи билан ўлдирилди. Генерал Қосим Сулаймоний ўзи ким эди?

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) таркибидаги «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний Ироқда АҚШ ҳарбийлари авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлди.

Фото: AFP

Пентагон Сулаймоний АҚШ президенти буйруғига кўра ўлдирилганини тасдиқлади.

3 январга ўтар кечаси ОАВда Бағдод аэропорти ҳудудида учта ракета портлагани, ҳужумлар оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, яна 9 киши жароҳатлангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Washington Post хабарига кўра, зарба вақтида Сулаймоний Бағдоддаги аэропортда автомобилда бўлган, тахминларга кўра, америкаликлар дрон (учувчисиз учар қурилмаси) орқали автомобиллар колоннасига ҳужум уюштирган.

Халқаро кузатувчилар Эроннинг нуфузли қўмондонларидан бири ҳалок бўлгани, бу эса АҚШ ва Эрон муносабатларидаги зиддиятни янада кескинлаштиришини айтишди.

Кейинроқ Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлимини тасдиқлади ва у америкаликлар вертолётидан берилган зарба оқибатида ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Теҳрон АҚШнинг Эрондаги манфаатларини ифодаловчи Швейцариядаги ишончли вакилини чақиртирди ва ундан қўшни Ироқда уруш олови ёқилиши борасида изоҳ сўралди.

Эрон олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоминаий Ироқда генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани сабабли мамлакатда 3 кунлик миллий мотам эълон қилди ва АҚШдан бунинг учун қасос олинажагини маълум қилди.

«Шаҳидлик унинг йиллар давомидаги фаолияти учун мукофот бўлди. У кетган бўлсада, Аллоҳнинг иродаси билан унинг иши ва йўли тўхтаб қолмайди. Бу оқшомда ифлос қўлларини қонга бўяган жиноятчиларни қўрқинчли қасос кутмоқда», дейилган унинг твиттердаги расмий саҳифасида.

Эрон Ташқи ишлар вазири Жавод Зариф мазкур «жиноий ҳужум» муҳокамаси учун ҳукуматнинг хавфсизлик хизмати шошилинч йиғилиш ўтказишини билдирган.

«ИШИД, «Ал-Нусра» ва «Ал-Қоида» каби террорчилик гуруҳлари билан курашиш йўлида самарали фаолият кўрсатган генерал Сулаймонийнинг ўлдирилиши АҚШнинг халқаро террорчилик акти бўлиб, фавқулодда хавфли ва чуқур эскалация ҳисобланади», дейди Эрон ТИВ раҳбари. Вазирнинг таъкидлашича, АҚШ ўзининг «фирибгарона қалтис ишларига» жавоб беради.

Бу хабарлар ортидан Дональд Трамп твиттерида Америка байроғини жойлаштирди ва уни ҳеч қандай изоҳсиз қолдирди.

Қосим Сулаймоний Эрон истеблишментидаги муҳим фигуралардан эди. Унинг бошқарувидаги «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси тўғридан-тўғри оятуллоҳ Али Хоминаийга бўйсунади.

Бағдоддаги ҳодиса ортидан жаҳонда нефть нархи 4 фоизга кўтарилиши кузатилди.

Бу қандай содир бўлди?

«Президент буйруғига кўра, АҚШ қуролли кучлари Американинг хориждаги персоналини ҳимоя қилиш учун қатъий мудофаа ҳаракатларини амалга оширди ва халқаро террорчи ташкилотлар рўйхатидаги Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийни ўлдирди», дейилган Пентагон хабарида.

Америка Мудофаа вазирлиги ушбу зарба Эроннинг келгусида режалаштирган ҳужумлари олдини олиш мақсадида амалга оширилганини қайд этган.

«У сўнгги бир неча ойдан бери коалициянинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ҳужумларни ташкиллаштирган,.. шунингдек, Бағдоддаги Америка элчихонасига уюштирилган ҳужумни маъқуллаган», дейилади Пентагон пресс-релизида. Қўшимча қилинишича, АҚШ «ўз фуқаролари ва ўз манфаатларини бутун дунё бўйлаб ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришда давом этади».

Қайд этиш жоизки, авиазарба АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси намойишчилар томонидан қамал қилинишидан бир неча кун ўтиб берилди. Расмий Вашингтон элчихонага ҳужум генерал Сулаймоний кўрсатмаси билан амалга оширилганини билдирган.

New York Post нашри ҳарбийлар орасидаги аноним манбасига асосланиб хабар қилишича, аэропортдаги ҳужум оқибатида 7 киши ҳалок бўлган. Газета маълумотига кўра, иккита автомашинага авиазарба берилган. Нишон иккинчи уринишда йўқ қилинган: унгача учта ракета йўлланган, аммо генералга шикаст етмаганди.

Америкалик ҳарбийлар маълумотида қайд этилишича, Қосим Сулаймоний ва «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси америкалик ҳамда халқаро коалиция таркибида бўлган юзлаб ҳарбийлар ўлими ва минглаб кишиларнинг жароҳат олишида масъул бўлган.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси маълумотига кўра, Сулаймоний билан бирга Ироқдаги шиаларнинг «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳи қўмондони Абу Маҳди Муҳандис ҳам ҳалок бўлган.

«Катаиб Ҳисзбуллоҳ» гуруҳи қўмондони Абу Маҳди Муҳандис

Шунингдек, америкалик ҳарбийлар Бағдодда ушбу гуруҳнинг бир қанча бошлиқларини қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган, аммо ҳозирча бу хабарлар тасдиқланмади.

«Катаиб Ҳизбуллоҳ» - Ироқдаги шиаларнинг ҳарбийлашган гуруҳи бўлиб, 2007 йилда Эрон қўллаб-қувватлови билан тузилган.

АҚШ баёнотига кўра, «Катаиб Ҳизбуллоҳ» Эрон Ислом муҳофизлари корпуси билан қалин алоқалар ўрнатган бўлиб, халқаро коалиция кучларига ҳужум уюштириш учун бир неча марта Эрон ҳукуматидан кўмак олган.

Америка президенти маъмуриятидагилар ИИМКни Яқин Шарқдаги АҚШга қарши террорчи гуруҳларни бошқарувчи куч сифатида кўришади.

Таҳлил
Фрэнк Гарднер, Би-би-си

Разведка маълумотлари асосида ҳаракатланган америкалик ҳарбийлар кеча тун қоронғисида Эроннинг муҳим ҳарбий қўмондонини ўлдиришди.

Пентагон бу авиазарба Эроннинг келгусидаги ҳужумларининг олдини олиш учун амалга оширилганини билдирди. Аммо аслида бу ҳужум тез орада бутунлай акс таъсир кўрсатиши мумкин.

Қосим Сулаймоний Эрондаги асосий диний арбоблардан эди ва эронликларнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий кампанияларида асосий вазифани бажарар эди.

Унинг ҳалокати АҚШ ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршиликни янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

Сулаймонийнинг ўлдирилиши янги урушни бошлаб бериши мумкин

Америкалик сенатор Крис Мерфи Сулаймонийнинг йўқ қилиниши томонлар ўртасидаги зиддият янада кенг кўламда авж олиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Унинг ҳисоблашича, эронлик генерал АҚШнинг душмани бўлгани аниқ, аммо бундай қарор янада кўпроқ америкаликлар ўлимига олиб келиши мумкин. «Савол бошқа жойда: Америка ҳукумати Эроннинг иккинчи шахсини конгресс рухсатисиз йўқ қилиши ва бу орқали кенг миқёсли минтақавий урушни бошлаш учун сабаб келтириб чиқариши мумкинмиди?» — дея қайд этган сенатор.

Қосим Сулаймоний ким эди?

20 йил давомида генерал Сулаймоний Яқин Шарқдаги эътиборли воқеаларда муҳим ролни бажариб келган

Қосим Сулаймоний 62 ёшда эди. У Рабор шаҳрида, деҳқон оиласида туғилган, мактабни охиригача ўқимаган. 1978 йилги ислом инқилоби вақтида инқилобий кучлар сафига қўшилган, шундан сўнг армия хизматига йўл олиб, 1980-1988 йиллардаги Эрон-Ироқ урушида қатнашган. 

Қосим Сулаймоний 1998 йилдан буён хорижда махфий амалиётлар ўтказиш билан шуғулланадиган «Ал-Қудс» махсус бўлинмасига қўмондонлик қиларди. У ўтган вақт мобайнида бир неча марта Ғарб давлатлари, Исроил ва араб давлатлари махсус хизматлари томонидан уюштирилган суиқасдларни бошдан кечирган.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эронда 1979 йилги инқилобдан сўнг ташкил этилган. Қуруқликдаги, ҳарбий ҳаво ва ҳарбий денгиз кучлари ИИМК таркибига киради. Корпус фақат Эрон олий раҳнамосига бўйсунади ва мамлакат Қуролли кучларидан алоҳида ҳаракатланади. АҚШ разведка хизматлари таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, ИИМК Эрон иқтисодиётининг 50 фоизини, хусусан, банк ва молия соҳаларини назорат қилади ёки «сезиларли таъсир кўрсата олади».

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбари расман Муҳаммад Али Жаъфарий ҳисобланади, бироқ Сулаймоний шахсан Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоминаийга ҳисобот берар ва ўз ҳаракатларини айнан у билан мувофиқлаштириб турарди.

«Ал-Қудс» — Эрон ташқи сиёсатини юритишдаги муҳим восита бўлиб, бажарадиган иш ҳажми жиҳатидан уни АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси ва махсус бўлинмалари билан қиёслаш мумкин. Бўлинма 1979 йилдаги инқилобдан кейин, Яқин Шарқ минтақасида Эрон таъсир доирасини, жумладан, шиа кучлар кўмагида кенгайтириш мақсадида ташкил этилган. Бўлинма бош қароргоҳи АҚШнинг Теҳрондаги собиқ элчихонаси ўрнида жойлашган бўлиб, бугунги унда унинг сафидаги жангчилар сони 20 мингга яқинни ташкил этади. Маълумотларга кўра, Эроннинг юқори жанговар тайёргарликка эга бўлган махсус бўлинмаси учун жангчиларни саралаб олиш ишлари бутун Эрон бўйлаб олиб борилади, таҳсил эса Шероз, Теҳрон ва Қумда олиб борилади, шундан сўнг жангчилар ҳарбий ҳаракатларда тажриба орттириши учун Ироқ ва Афғонистонга юборилади.

2011 йилда Сурияда фуқаролар уруши бошланганида Сулаймоний «Ҳизбуллоҳ»га ва бошқа шиа гуруҳларга Башар Асад ҳукумати томонида туриб жанг қилишни буюрган. ИШИДга қарши уруш вақтида Ироқдаги Халқ сафарбарлик кучлари ҳам унинг кўрсатмаларига кўра ҳукумат томонида туриб жанг қилган.

Маълумотларга кўра, у 2015 йилда Москвага ташриф вақтида Россия президенти Владимир Путинни Сурияга киришга ва Асад ҳукуматига мухолиф кучларга қарши курашда ёрдам беришга кўндирган. Бу аралашув Россиянинг янги тарихидаги муҳим воқеалардан ҳисобланади, Россия муқаддам ҳеч қачон араб давлатлари ҳудудида ҳарбий ҳаракатларга киришмаганди.

Сулаймонийнинг Москвага ташрифи Россиянинг ҳарбий интервенциясини режалаштиришдаги муҳим қадам бўлган ва Суриядаги урушнинг ривожини буткул ўзгартириб юбориб, Асадни қўллаб-қувватлайдиган янги Эрон-Россия альянси тузилишига олиб келган.

Ироқ ва Суриядаги уруш вақтида Сулаймоний Эронда жуда машҳур бўлиб кетди. У Эроннинг бош стратеги сифатида қабул қилина бошланди.

Трамп маъмурияти тасдиқлашича, «Ал-Қудс» Эроннинг Яқин Шарқда АҚШга қарши курашувчи гуруҳларни ривожлантириш учун асосий механизм бўлиб, «Ал-Қудс» бу гуруҳларни молиялаштиради, ўқитади, уларга қурол-яроғ етказиб беради.

Сулаймоний Эроннинг Яқин Шарқдаги таъсир доираси кенгайишида муҳим рол ўйнаган ва бу ҳудудда ўз таъсирини кенгайтиришга уринадиган бошқа давлатлар — АҚШ, Саудия Арабистони ҳамда Исроилга тўсқинлик қилиб келган. У Сурия ва Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларда муҳим ролни ўйнаган. Хусусан, унинг бўлими 2011 йилда Сурияда бошланган фуқаролик урушида Башар Асад томонида туриб жанг қилган, шунингдек, Сурия ва Ироқдаги шиа айирмачиларига ИШИДга қарши туришда кўмак бериб келган. Бундан ташқари, у Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва Фаластиндаги жангари гуруҳлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган.

2019 йилнинг апрель ойида АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳамда унинг таркибидаги «Ал-Қудс» бўлинмасини халқаро террорчи ташкилотлар сифатида эълон қилганди.

Қаршиев Азиз тайёрлади

Мавзуга оид