Жаҳон | 19:10 / 03.01.2020
95914
6 дақиқада ўқилади

Таҳдид, кўз ёш ва байрам — генерал Сулаймонийнинг ўлими қандай реакция берди?

Atta Kanare/AFP via Getty Images

2 январдан 3 январга ўтар кечаси Бағдодда эронлик машҳур генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилди. У шахсан Дональд Трампнинг топшириғи билан амалга оширилган операция натижасида ҳалок бўлди.

Пентагон бу ҳаракат Қосим Сулаймоний АҚШ дипломатлари учун хавф туғдирган операцияларда қатнашгани ва АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасига амалга оширилган ҳужумда қўли борлиги сабаб амалга оширилганини маълум қилди. Хўш, Эронда оятуллоҳ Али Хоминаийдан кейинги иккинчи одам деб қараладиган қўмондоннинг ўлими қандай реакция берди?

Таҳдид

Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоминаий Ироқда ҳалок бўлган генерал Сулаймоний шаҳид бўлганини тасдиқлади: «Йиллар давомида қилган ишлари учун шаҳидлик унга мукофот бўлди. У кетган бўлса-да, унинг йўли тўхтаб қолгани йўқ. Бугун ифлос қўллари қонга бўялган жиноятчиларни қўрқинчли қасос кутмоқда».

Бу ҳодисадан сўнг Эронда Хавфсизлик кенгаши навбатдан ташқари йиғилиш ўтказган. Бундан ташқари, мамлакатда 3 кунлик мотам эълон қилинди.

Байрам

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео генерал Сулаймоний ўлдирилганидан сўнг твиттердаги саҳифасида хурсандчиликдан югураётган ироқликлар тасвирланган видеони жойлади. Видеода тонгги соат 04:00да ироқликлар мамлакат байроғини кўтариб, кўчада югуриб юрганини кўриш мумкин. Помпео бу видеога шундай изоҳ ёзган: «Ироқликлар озодликдан, генерал Сулаймоний энди йўқлигидан хурсанд бўлиб рақсга тушмоқда».

Помпеонинг бу пости остида жуда кўп изоҳлар қолдирилган ва унда ўзининг ироқлик, эронлик эканини айтган фойдаланувчилар генералнинг ўлимидан хурсанд эканини ёзган. Аммо бундай мазмундаги изоҳлар инглиз тилида ёзилгани сабаб улар ҳақиқий эронлик ёки ироқликлар бўлмаслиги ҳам мумкин.

Кўз ёш

Atta Kenare/AFP via Getty Images

Эронда жуда катта обрўга эга бўлган Қосим Сулаймонийнинг ўлимини эронликлар чуқур қайғу билан кутиб олишди. Мамлакатда 3 кун мотам эълон қилинди. Ижтимоий тармоқда Сулаймонийни мадҳ этган кўплаб постлар, қўшиқлар, суратлар жойланди. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) котиби генералнинг ўлими ҳақидаги хабар эълон қилинган вақтда жонли эфирда йиғлаб юборди.

Интернет фойдаланувчилари Сулаймонийнинг болалар билан учрашгани, раҳмдил одам экани тасвирланган видеоларни жойлашмоқда.

3 январь куни қора кийим кийган минглаб эронликлар Сулаймонийнинг суратини кўтариб кўчаларга чиқишди.

© REUTERS / West Asia News Agency/Nazanin Tabatabaee

Бутун мамлакатдаги масжидларда жума ибодатидан сўнг генерал Сулаймоний ҳақида маърузалар ўқилди. Одамлар «сардор шаҳид бўлгани»ни айтиб куйлашмоқда. Сулаймонийни Эронда сардор деб аташарди.

Ҳадик

Америкалик сенатор Крис Мерфи Пентагон ўтказган бу операциядан ҳадикда эканини маълум қилди.

«Эроннинг иккинчи рақамли одамини конгресс рухсатисиз йўқ қилиш кенг миқёсли минтақавий уруш бошланишига сабаб бўлмайдими?», дейди у.

АҚШ президентлигига номзод Жо Байден бу воқеа ҳақида ўз муносабатини билдирар экан, Трамп администрацияси операция олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни бартараф этишга қодир эмаслигини айтди.

«Ҳеч бир америкалик Сулаймонийнинг ўлими учун аза тутмайди. У кўплаб америкалик аскарлар ва минтақадаги одамларга қилган зулми, террорни қўллаб-қувватлагани учун бунга лойиқ эди. Президент администрацияси бу иш Эронни тийиб қўйиш учун қилинганини айтмоқда, аммо бу операция тескари эффект бериши эҳтимоли юқори. Президент Трамп ҳозир чўғнинг ичига динамит ташлади. Бу ишлар Яқин Шарқдаги мувозанатга салбий таъсир қилиши мумкин. Умид қиламан, администрация бу иш олиб келадиган оқибатлар ва уларни бартараф этишни ҳам ўйлаган, аммо узоқ вақт ҳеч қандай интизомга риоя қилмаган администрация бунга қодир эмас деб қўрқаман», дея ёзди Байден.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича вакили Федерико Могерини Ироқдаги воқеалардан хавотир билдирди.

«Яқин Шарқда жуда хавфли ҳолат. Умид қиламанки, ақл-идрок билан ҳаракат қиладиганлар вазиятни ўз қўлига олиб, катта қарама-қаршиликнинг олдини олишади», деган Могерини твиттердаги саҳифасида.

Дунёнинг кўплаб сиёсатчилари бу борада фикр билдиришга шошмаяпти. Айниқса, Америкада бу катта воқелик ҳақида фикр билдирадиганлар кўп эмас. Шу боис, келинг, ўзимиз бироз мулоҳаза қилиб кўрсак. Трамп жуда жиддий қарорни қабул қилди. Бу қанчалик яхши ёки ёмон қарор бўлганини эса вақт кўрсатади. Аммо бир нарса аниқ — Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши Усама бин Лодин ёки ал-Бағдодийни ўлдириш билан бир хил эмас. Чунки улар бутун дунё томонидан террорчилик ташкилотлари деб тан олинган гуруҳ раҳбарлари эди, Сулаймоний эса бутун бошли мамлакатнинг иккинчи рақамли одами, биринчи рақамли ҳарбий қўмондон. Унинг ўлдирилиши Эрон томонидан теракт сифатида қабул қилинди ва буни тушуниш мумкин.

Буни Саддам Ҳусайннинг ўлдирилишига ҳам ўхшатиб бўлмайди. Саддам суд қилиниб ўлимга ҳукм қилинганди, Сулаймонийни ўлдириш қарори эса бир киши томонидан қабул қилинди. Бу воқеа АҚШда яна Трампга қарши ҳаракатларни бошлаб юбориши мумкин. Қуйи палата аллақачон эълон қилган импичмент Трампнинг бу маслаҳатлашмай қабул қилган ва АҚШнинг Яқин Шарқдаги позициясига, керак бўлса мамлакатнинг яхлитлигига салбий таъсир қилиши кутилаётган қарори сабаб юқори палатада ҳам тасдиқланиши ҳеч гап эмас...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид