Зойир Мирзаев қўйларни сўйишга топшириқ бермагани маълум қилинди, вилоят прокуратураси вазиятни назоратга олди
Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев вилоятнинг Нишон туманидаги далани пайҳон қилган қўйларни сўйиб ташлаш ҳақида топшириқ бермаган. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати маълум қилди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов билан телефон орқали мулоқот ўтказган.
«Мазкур аудиода барчасига тўлиқ ойдинлик киритилган. Унда Зойир Мирзаев ҳолатга қонун доирасида иш кўрилиши кераклиги ҳақида топшириқ бергани Арипов томонидан таъкидланган.
Аудио тарафларнинг розилиги билан тарқатилмоқда. Кейинроқ вилоят матбуот хизмати бу бўйича янада батафсил маълумот беришни мақсад қилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан ушбу масалага фактларга асосланиб, холис ва айбловларсиз ёндашиши кераклигини сўраб қолади», дейилади ҳокимлик матбуот хизмати хабарида.
Хабарга аудиоёзув илова қилинган.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти прокуратураси ушбу воқеага эътибор қаратган.
«Жорий йилнинг 2 январь куни интернет нашрларида «Қашқадарё ҳокими далани пайҳон қилган қўйларни сўйишни буюрди» сарлавҳаси остида видеолавҳа нашр этилган.
Мазкур видеолавҳада вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов, Нишон тумани ИИБ бошлиғи Дилшод Умаров, Ибн Сино маҳалласи ҳудудидаги «Отамурод ота» фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Бобоназаров ҳамда далани пайҳон қилган 21 бош қўй эгаси Абдурашид Азаматов иштирокида вилоят ҳокими топшириғига кўра, ғалла майдони пайҳон қилингани учун фермер хўжалиги раҳбари ва пайҳон қилган қўй эгасига тегишли 1 бошдан (жами 2 бош) қўй сўйилиб, кам таъминланган оилаларга тарқатилиши ҳолати акс этган.
Мазкур ҳолат Нишон тумани прокуратурасининг «Шакл-1» китобига рўйхатга олиниб, тегишли тартибда хизмат текшируви тайинланган бўлиб, тарқатилган видеолавҳанинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда.
Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, қонуний қарор қабул қилиниши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган», дейилади Қашқадарё вилоят прокуратураси маълумотида.
Телеграмдаги muxbir.uz канали муаллифи эса вилоят прокуратураси видеодаги қассобни эътибордан четда қолдирганига урғу қаратган.
«Вилоят прокуратураси воқеа қаҳрамонларининг барчасини тилга олибди-ю, қассобни эътибордан четда қолдирибди. Воқеанинг асосий иштирокчиси бўлган қассоб — аслида инспекциянинг туман бўлими бошлиғи Аброр Раҳматов. Вилоят прокуратурасидан воқеа қаҳрамонларининг асосийси — қассобни ҳам эътибордан четда қолдирмасликларини сўраган бўлардик», дейилади хабарда.
2 январь куни ижтимоий тармоқлар ва интернет-нашрларда Нишон туманидаги «Отамурод ота» фермер хўжалигида далани пайҳон қилган 21 бош қўй вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зоир Мирзаевнинг топшириғига асосан, вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов назорати остида сўйилиб, гўшти кам таъминланган оилалар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаётган усталарга берилгани хабарлар тарқалганди.
Мавзуга оид
22:36 / 20.12.2024
Қашқадарёда иситиш тизимидаги таъмирлашда салкам 1 млрд сўмни талон-торож қилган МЧЖ аниқланди
11:52 / 15.12.2024
Қашқадарёда ОТМ ҳовлисида унаштирилган қизини пичоқлаган йигитга ҳукм ўқилди
16:27 / 11.12.2024
Қарши давлат техника университети ташкил этилади
16:33 / 04.12.2024