Жаҳон | 13:27 / 07.01.2020
60080
2 дақиқада ўқилади

Эрон парламенти Пентагонни террорчи ташкилот деб тан олди

Фото: AP Photo/Charles Dharapak

Эрон парламенти очиқ йиғилишда Пентагонни террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритишга қарор қилди. Бу ҳақда маҳаллий Press TV телеканали хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мажлисда қатнашган 230 кишидан 228 парламентарий бундай ташаббус учун овоз берди. Яна икки депутат бетараф қолган, ҳеч ким қарши чиқмади.

Ушбу қарор Ироқда эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши ортидан қабул қилинди.

Эрон ташқи сиёсатидаги бош стратеги, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг махсус бўлинмаси «Ал-Қудс» қўмондони, амалда Эронда оятуллоҳ Али Хоминаийдан кейинги иккинчи одам саналган Қосим Сулаймоний 3 январь куни Бағдоддаги аэропорт ҳудудида америкалик ҳарбийларнинг дрон орқали берган ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлди. 

Ҳужум АҚШ президенти Дональд Трампнинг фармойишига биноан амалга оширилди. У Сулаймоний дунёнинг биринчи рақамли террорчиси бўлгани ва миллионлаб кишиларнинг ўлими учун жавобгарлигини айтиб ўтди. Трамп Сулаймонийнинг ўлдирилиши урушнинг бошланиши эмас, урушнинг якунланиши бўлганини қайд этиб ўтди.

Шанба куни Оқ уй АҚШ 82-ҳаво десант дивизиясидан Яқин Шарққа 3000 аскар юбораётганини эълон қилди. Reuters’нинг Пентагонга таянган ҳолда хабар беришича, бу қарор АҚШга қарши тобора кучайиб бораётган хавф фонида эҳтиёт чораси сифатида қабул қилинган. Қўшинлар бу ҳафта 750 нафар америкалик ҳарбий етиб келган Кувайтга жойлаштирилади.

Шу билан бирга, АҚШ президенти Дональд Трампнинг «Твиттер»да маълум қилишича, агар Теҳрон генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими туфайли америкаликларга ҳужум қилса, унда Қўшма Штатлар «Эрон учун жуда муҳим бўлган» 52та объектга «жуда тез ва жуда кучли» зарба беришга тайёр турибди.

Мавзуга оид