Фан-техника | 20:31 / 10.01.2020
78567
8 дақиқада ўқилади

44 минг 600 сўм. Битта IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш нархи қай тартибда белгиланган?

Мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш масаласи жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинди ва турли эътирозларга сабаб бўлди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тассарруфидаги «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУК ушбу вазиятга изоҳ беришга масъул ташкилот ҳисобланади. Марказ матбуот хизмати раҳбари Зилола Иноятова мавзу юзасидан саволларга жавоб берди.

– IMEI-кодларни автоматик рўйхатдан ўтказиш учун нима сабабдан кам вақт берилди?

– IMEI-кодларни автоматик рўйхатга олиш учун жуда кам вақт берилган, деган фикр мутлақо нотўғри. Озарбойжон ва Туркияда бундай тизим жорий этилганда, мобил қурилмаларни IMEI-кодларини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш даври бўлмаган, яъни фуқароларга қурилмалар IMEI-кодларни бепул ва ортиқча хатти-ҳаракатсиз рўйхатдан ўтказиш имконияти берилмаган.

2018 йил «Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ, мобил алоқа модулига эга қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимини тўлиқ ишга тушириш имконини берадиган режа жадвали тасдиқланди. Шунга кўра, ўтган йилнинг 1 апрелидан мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш тизими ишга туширилди. Қурилмаларнинг IMEI-кодларини автоматик рўйхатдан ўтказиш деганда, қурилмаларнинг SIM-слот/слотларини фаоллаштириш орқали амалга ошириш мумкинлиги назарда тутилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 778-сонли қарорига мувофиқ, мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тасдиқланди. Унга кўра, мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш 2019 йил 31 октябрига қадар бепул амалга оширилиши белгиланиб қўйилган. 7 ой давомида тизим оператори тамонидан автоматик тарзда мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш амалга оширилиб келинган.

– IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш нархи қандай белгиланган?

– Вазирлар Маҳкамасининг 778-сонли қарорига мувофиқ, қурилмаларни IMEI-кодларини UZIMEI тизимида руйхатдан ўтказиш учун ундириладиган пул миқдори тасдиқланган. Унга кўра, ҳар бир IMEI-код бир марта рўйхатдан ўтказилади ва SIM-карта фаоллаштирилгандан бошлаб 30 кун ичида 20 фоиз БҲМдан (44 600 сўм) тўлов ундирилади. Ушбу муддатдан сўнг қурилмалар IMEI-кодларини UZIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш учун 25 фоиз БҲМдан (55 750 сўм) тўлов амалга ошириш керак бўлади.

Тизимни жорий этиш ва унинг ишлашини таъминлаш учун белгиланган миқдорда сарф-харажатлар қилинган. Келиб тушаётган маблағнинг айрим қисми ушбу харажатларни қоплашга йўналтирилган. Шунингдек, UZIMEI тизимини техник жиҳатдан ривожлантириш, тўлов тизимларини жорий этиш учун қилинган харажатларни қоплаш, «Ўзбекистон почтаси» АЖ хизматларига, мижозларга хизмат кўрсатаётган ходимларга ойлик тўлаш талаб қилинади. Келгусида ушбу маблағлар республика телекоммуникация инфратузилмасини, шу жумладан, қишлоқ ва чекка аҳоли пунктлари, туристик ва рекреацион ҳудудларни ривожлантириш лойиҳаларини мақсадли молиялаштириш учун ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

Нега айнан 44 600 сўм тўлов олинаётганига батафсил тўхталадиган бўлсак, тизим жорий этилишидан олдин мутахассислар томонидан Озарбойжон ва Туркия тажрибаси ўрганиб чиқилган. Бу давлатларда мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун жисмоний шахслардан 3-42 АҚШ долларигача тўлов ундирилади. Мутахассислар буни ўрганиб чиқишди ва республика иқтисодий сиёсатини инобатга олган ҳолда, ҳукумат шундай қарор ишлаб чиққан.

– Фуқаролиги бўлмаган шахслар IMEI-кодни қандай рўйхатдан ўтказишади?

– Фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, берилган биометрик саёҳат ҳужжати ёрдамида мобил қурилманинг IMEI-код/кодларини рўйхатдан ўтказиши мумкин.

– Хориждан мобил қурилмаларни божхона орқали олиб кириш ва уларнинг IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш тартиби қанақа?

– Вазирлар Маҳкамасининг 778-сонли қарорига кўра, 2019 йил

1 ноябрдан бошлаб мобил қурилмаларни IMEI-кодлари тизим операторига мурожаат қилиш орқали бепул асосда рўйхатдан ўтказилган. Қурилмани импортёр республика ҳудудига олиб кирган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) томонидан бериладиган давлат божхона декларацияси асосида, агар жисмоний шахслар мобил қурилма олиб кирадиган бўлса, (божсиз олиб кирилган қурилмалар сонидан ортиқ бўлса) мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси ДБҚ меъёрий талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобил қурилмалар фақат тизим оператори ёки рўйхатдан ўтказувчига мурожаат этиш орқали почта идентификаторининг штрих коди ва календарь штемпели бўлган конверт тақдим этилади.

Жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси чегарасини автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали товарлар олиб кириш тартибига кўра, ярим йилда бир дона мобил қурилмани божсиз олиб киришлари мумкин (битта планшетни ҳисобга олмаганда). Фуқаролар бир йилда икки марта мобил қурилмалар IMEI-кодларини UZIMEI тизимида рўйхатдан ўтказишлари мумкин (1 январдан 30 июнга қадар ва 1 июлдан 31 декабрга қадар ҳар бир қурилма учун).

Жисмоний шахслар халқаро аеропортлар орқали божхона чегарасини кесиб ўтишган ҳолатларда сўнгги мартаси асосида мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини UZIMEI тизимида рўйхатдан ўтказишлари мумкин.

– Нима сабабдан бу тартиб мажбурий равишда жорий этилди?

– Ўтган йилнинг статистика маълумотларига кўра, ноқонуний йўл билан олиб кирилган мобил қурилмалар туфайли давлат бюджетига 7,5 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган. ДБҚ статистикасига кўра эса ўтган йилнинг декабригача 7500дан зиёд ноқонуний йўл билан мобил қурилмаларни олиб кириш ҳолатлари кузатилган ва фақатгина 1 минг 200га яқини фош этилган ва ДБҚ томонидан белгиланган тўлов ундирилган.

Ушбу статистикага таянган ҳолда, агарда мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари мажбурий тарзда рўйхатдан ўтказилмаса ва қонун доирасида айрим чекловлар белгиланмаса, республика ҳудудига ноқонуний йўл билан мобил қурилмалар кириб келишига чек қўйиб бўлмасди. Ўрнатилган тартиб ички бозорга ижобий таъсирини ҳам ўтказмоқда.

– Иккинчи слотни рўйхатдан ўтказишда муаммолар бўлаётганига сабаб нима?

– Мобил қурилмалар IMEI-кодларини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш даврида барча қурилмалар: аниқланган, аниқланмаган ва клонланган IMEI-кодларига эга бўлган мобил қурилмалар тизим оператори томонидан рўйхатдан ўтказилган ва 7 ой мобайнида ҳеч қандай чекловлар қўйилмаган. Демак, резидентлар, норезидентлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, импортчилар ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тизим операторига ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тақдим қилмаган ҳолда IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказишлари мумкин эди.

Тизим оператори октябрнинг биринчи ярмида барча абонентларга мобил қурилмаларнинг барча SIM-слотларини фаоллаштириш ва шу йўл билан мобил қурилмаларнинг барча IMEI-кодларни UZIMEI тизимида автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш тўғрисида SMS-огоҳлантиришлар юборган. Аммо абонентлар томонидан юқорида айтиб ўтилган чоралар амалга оширилмагани сабабли айрим мобил қурилмаларни иккинчи IMEI-кодлари UZIMEI тизимида рўйхатдан ўтмай қолган эди.

Абонентларнинг бефарқлиги сабабли келиб чиққан муаммони ҳал қилиш учун тизим операторига вақт керак бўлди ва ушбу муаммо ноябрь охирига қадар қисман бартараф қилинган. UZIMEI лойиҳаси мутахассислари бир IMEI-коди автоматик равишда рўйхатга олинган мобил қурилмаларнинг рўйхатдан ўтмай қолган IMEI-кодларини амнистия қилиб юбориш учун махсус алгоритмни ишлаб чиқишди.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

Мавзуга оид