Жамият | 20:16 / 10.01.2020
10116
4 дақиқада ўқилади

Мукофот жамғармаси 50 миллион сўмлик танлов якунланди. Яна 11 нафар ғолиб пул мукофотлари билан тақдирланди

Kun.uz сайти орқали 2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойлари давомида умумий соврин жамғармаси 50 миллион сўм бўлган «Мега танлов-2» ўтказилиб, ғолиблар аниқланган эди.

Танловнинг якуний ҳисоб-китобларига кўра, унда жами 305 минг 422 нафар иштирокчи қатнашди.

Ўтган ҳафта давомида танлов ғолиблари сайт таҳририятига ташриф буюришди ва ўз совринларини қабул қилиб олди.

Биринчи ғолиб 85635 рақам эгаси – Сардорбек Қосимов бўлди. 

Қайд этиш керакки, одамлар орасида ютуқли танловларга ишонч унчалик юқори эмас. Жумладан, бу ғолибимиз ҳам танлов хабарини дўстидан илк бор эшитганда унга ишонмаган. 

«Ҳаммаси омадимни синаш учун бир уриниб кўриш истаги ва кичик топшириқларни бажариш билан содир бўлди.

Танловдан бир ҳафта ўтиб сайт мухбирлари томонидан менга қўнғироқ бўлгачгина ғолиб бўлганимга ва танлов шаффоф эканлигига ишондим», дейди Сардорбек.

Иккинчи ғолиб – 88872 рақам эгаси Мирзоҳид Қориев

У мутахассислиги бўйича инглиз тили ўқитувчиси бўлиб, ҳозирда Наманган вилоятидаги мактаблардан бирида дарс беради.

«Ота-онам бироз бетоб бўлиб қолишганди. Кеча уларни кўргани бордим. Улар билан суҳбатлашиб ўтиргандик, шу пайтда сайт ходимлари телефон қилиб қолишди.

Улар мен танловда иштирок этмаганимни тасдиқлашгач, иштирок этиш рақамимни сўрашди. Шундан кейин рақамларни солиштириб, ғолиб бўлганимни айтишди.

Бу хабар бизга жуда қувончли бўлди», дейди у танловдаги иштироки ҳақида.

«Мега танлов-2»да қатнашиб, унда ғолиб бўлганлар орасида ёш уй бекалари ҳам бор. 159650 рақам билан танловда иштирок этган ва ғолиб бўлган Вазира Тоҳирова ҳам ютуқни қабул қилишга турмуш ўртоғи ва фарзанди билан ташриф буюрди.

У сайтнинг телеграмдаги каналини доимий равишда кузатиб бориши, танлов ҳақида ҳам телеграм каналдаги эълон орқали хабар топгани ҳақида айтиб берди. 

«Танловдаги иштирокимдан кейин орадан бир неча кун ўтди, лекин сизлардан бирор хабар бўлмагач, демак, ғолиб бўлмабман-да, деган фикр ўтганди. Ғолиблик ҳақидаги хабарни эса бир ҳафта ўтгач олдим ва барчаси ҳаққоний эканлигига ишонч ҳосил қилдим.

Шу пайтгача оддий қизиқиш билан бир нечта танловларда иштирок этиб кўрганман, лекин ғолиб бўлмагандим. Шунинг учун ҳам, рости, ишонмагандим», дея ғолиблик ҳаяжони билан гапирди у.

«Мега танлов-2» давомида яна бир кичик танлов эълон қилинган эди. Танлов ичида танлов шартига кўра, «Мега танлов-2» эълонини телеграм мессенжери фойдаланувчиларига энг кўп улаша олган қатнашчиларга 3 миллион сўм пул мукофоти ваъда қилинди.

Бу кичик танловнинг ғолиби Сурхондарё вилоятидан бўлди. Хушнудбек Исматов ҳозирда мактабда мусиқа фанидан ўқувчиларга дарс беради.

«Танловда ғолиб бўлиш учун бутун оила аъзоларимиз билан ҳаракат қилдик, десам бўлади. Куч-бирликда, дейишганидек, мана натижасини кўряпмиз», дейди Хушнудбек.

Танловнинг аввалги сонларида шунингдек, 103042 рақам эгаси Рахмонбек Раҳимов (5 миллион), 75808 рақам эгаси Жамшид Фармонов (5 миллион), 23613 рақам эгаси Рустам Рамазанов (5 миллион), 67134 рақам эгаси Нозима Ҳабибуллаева (5 миллион), 7712 рақам эгаси Акмалжон Нусратуллаев (5 миллион), 46216 рақам эгаси Дадахон Пўлатов (5 миллион), Исматов Нодир (3 миллион) каби иштирокчилар ғолибликка эришган ва сайт таҳририятидан ўз совринларини олиб кетишган эди.

Танловнинг яна бир ғолиби - (15650) рақам эгаси билан эса боғланишнинг иложи бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг ноябрида ҳам сайт таҳририяти томонидан умумий жамғармаси 15 миллион сўм бўлган «Мега Конкурс» ўтказилиб, 3 нафар ғолиб тақдирланганди.

Kun.uz ғолибларни яна бир бор табриклайди.

Мавзуга оид