Light | 08:03 / 11.01.2020
46333
5 дақиқада ўқилади

«Наркотик ўчоғидан» меҳнаткашлар маконигача. Таиланднинг машҳур Дои Тунг қишлоғига саёҳат

Фото: KUN.UZ

Kun.uz`да 11 декабрь куни «Таиланд бугуни ва Кобул келажагига саёҳат: иқтисодий-ижтимоий ривожланиш формуласи ҳақида» сарлавҳасида таҳлилий мақола эълон қилинганди. Унда Афғонистон пойтахти Кобул ва Таиланднинг Дои Тунг қишлоғи солиштирилган. Дои Тунг бир вақтлар худди ҳозирги Афғонистон каби наркотик моддалар «ўчоғи» бўлган ҳолда қандай обод жойга айлангани айнан ўша мақолада очиб берилган.

23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати ўйинларини ёритиш мақсадида Таиландда бўлиб турибмиз. Шу баҳонада кўпчиликнинг эътиборини тортган Дои Тунг қишлоғига сафар қилдик.

Дои Тунг мамлакат шимолидаги Чианг Раи шаҳрида жойлашган. Таиланд деганда одатда денгиз, соҳилларни тушунишади. Аммо Дои Тунгдаги ажойиб табиатни кўриб ҳақиқий Таиланд мана бу ерда экан деб юбордик. Тоғ бўйидаги бу ажойиб қишлоқ жуда чиройли. Тоғнинг тепасигача ерлар ўзлаштирилиб нимадир экилган. 30 йил аввал одамлар наркотик моддалар етиштириб бериш ва фоҳишабозлик билан шуғулланиб юрган жой бугун қишлоқ хўжалиги орқали оёққа турган. Нафақат оёққа турган, балки Таиланднинг машҳур марказларидан бирига айланган.

Бундан 30-40 йил аввал гиёҳвандлик ўчоғи бўлган Дои Тунг мамлакат қиролининг онаси Сринагариндранинг ташаббуси билан ўзгариб кетган. Таиландликлар шаҳзоданинг онаси деб атайдиган хоним ажойиб кунларнинг бирида Дои Тунгга боради ва ортиқ бундай яшаб бўлмаслигини айтади. У ҳукуматнинг бу қишлоқни «одамлар яшайдиган ерга айлантириш» учун пул ажратишини таъминлайди. Дои Тунгда шароитлар яхшилана бошлайди, ичимлик суви, йўл билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинади. Ирригация тармоғи шакллантирилади ва қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишга шароит яратилади.

Шу тариқа аксари гиёҳвандликка ружу қўйган ва ташқи дунёдан узилиб қолган одамлар меҳнат қила бошлайди. Натижада Дои Тунг аста-секин тозаланиб боради. Бу ерда қаҳва етиштириш йўлга қўйилади. Таиланднинг энг машҳур қаҳваси айнан Дои Тунгда тайёрланади. Бу қишлоқнинг чойи ҳам машҳур бўлиб улгурган.

Ана шу чой, қаҳва плантацияларини ўз кўзимиз билан кўрдик. Айниқса қаҳва майдонлари жуда ажойиб. Ҳатто тоғ ёнбағридаги тепаликларда ҳам қаҳва етиштирилаётгани ажабланарли. Тепадан пастга тушган дарахтларни кўриб у ерга қандай чиқиш мумкин деб ўйлаб қоласиз, аммо маҳаллий аҳоли худди тоғ эчкилари каби қия жойлардан ҳам қаҳва доналарини териб олаётганини кўрдик. Қаҳва майдонларида какао ҳам етиштирилади. Айтишларича, қаҳвани териш октябрдан февралгача давом этади.

Қаҳвани қайта ишлаш ҳам айнан Дои Тунг қишлоғида амалга оширилади. Чунки уни қайта ишлаб сотса, кўпроқ фойда олиш мумкин. Дои Тунг брендидаги қаҳва айнан мана шу сабаб — битта қишлоқда экиб, қайта ишлаб, қадоқлангани учун ҳам қадрли. Бутун жараённинг битта ерда бўлиб ўтгани унинг сифатига ишончни оширади. Қаҳвани қуритиш каби ажойиб жараённи ҳам ўз кўзимиз билан кузатдик. Жуда кўп қуритилаётган қаҳванинг ўртасида турганда одам шунақанги ёқимли ҳидни туядики... буни ҳис қилиш учун ўзингиз қаҳва қуритиш майдонида бўлиб ўша ҳиддан баҳраманд бўлишингиз керак.

Дои Тунгга сафаримиз Таиланднинг Мьянма билан чегарасида Қуёш ботишини томоша қилиш билан якунланди. Таиланд шимолда Мьянма ва Лаос билан чегарадош. Дои Тунгдаги Мьянма билан чегарада ҳарбий қисм бўлиб у ерда суратга тушиш учун махсус жой ҳам тайёрлаб қўйилган. Чегара бўлгани боис аскарлар соат 18:00 гача суратга олиш мумкинлигини айтишди. Бахтимизга айнан шу вақтда Қуёш ботди ва ҳар куни такрорланадиган Яратганнинг бу ажойиб мўъжизасини чегарада томоша қилдик. Қуёш кўз ўнгимизда икки мамлакатнинг ўртасига ботди...

Бир сўз билан айтганда, Таиландга йўлингиз тушса, фақат соҳилларга эмас, табиати, қийинчиликларни енгиб ўтгани ва албатта, қаҳваси билан танилган Дои Тунг қишлоғига ҳам боришни тавсия қиламиз. Қуйида бу ажойиб қишлоқдан тайёрланган фотогалереяни томоша қилишингиз мумкин.

Матн муаллифи: Ўткир Жалолхонов
Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар

Мавзуга оид