«Жарима тўласам ҳам, чиқинди ташлайвераман» – «Амирсой»да ички туризм муаммолари
Бугун, 15 январь куни «Амирсой» тоғ-чанғи курортида Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги экологик вазият, саёҳат ва оммавий дам олиш масканларидан фойдаланиш маданияти, уни кенг жамоатчилик орасига ёйиш борасида қилинаётган ишлар муҳокама этилди.
Дастлаб мавжуд муаммолар – оммавий дам олиш масканларидаги тартибсиз ҳолат, чиқиндиларни белгиланганидан бошқа жойларга ташлаб кетилиши ҳолатлари танқид қилинди. Шунингдек, йўлларда экологияни асрашга тарғиб қилувчи кўргазмали баннерларнинг йўқлиги ҳам таъкидланди.
Давлат экология қўмитаси раисининг ўринбосари Ибратжон Каримов мавсум пайти Бўстонлиққа туманнинг ўз аҳолисидан деярли икки баробар кўп сайёҳ келишини, ободонлаштириш ходимлари тозалаш ишларига улгурмаслигини айтди.
«Бўстонлиқ туманини ободонлаштиришда 20га яқин техника, 50га яқин одам ишлайди, лекин туманда 160 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади ва мавсум пайтида 300 мингдан ортиқ саёҳатчилар келади. Биз 20-30та техника ёки 60 нафар одамимиз билан буни тозалай олмаймиз», – дейди Ибратжон Каримов.
Шунингдек, у 2020 йилдан йўл бўйларида билбордлар, чиқинди ташлаш мумкин бўлган ерларга йўл белгилари ўрнатиш бошланганини айтиб ўтди.
Каримовнинг айтишича, 2019 йилда маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга ташламаган 13874 нафар фуқарога жарима қўлланиб, 2 млрд 700 млн сўм маблағ давлат бюджетига ундирилган.
Маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш қанча миқдорда жаримага тортилиши ҳақидаги саволга Қонунчилик палатасига Экологик партиядан сайланган Хайрулла Ғаффаров жавоб берди.
«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 82, 91, 123-моддаларида чиқиндини ташлаш бўйича нормалар белгиланган. 82-моддага мувофиқ, муҳофаза қилинаётган табиий ҳудуд режимини бузса, ҳозирги кунга ҳисоблаганда 1 млн 115 минг сўм жаримага тортилади. Чиқинди ташлаш айнан режим бузилишидан бири ҳисобланади.
Фуқаро 91-моддада кўрсатилганидек ноқонуний жойга чиқиндини ташлайдиган бўлса, ҳозирги кунда 669 минг сўм жарима тўлайди.
123-моддага асосан эса, автомашинадан чиқиндини ташлайдиган бўлса, ҳозирда 223 минг сўмгача жаримага тортилади», – деди Экопартия депутати.
ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаси Жамоат тартибини сақлаш бўлими бошлиғи Рустам Бекжанов фуқароларда ҳуқуқий маданиятни ошириш керак, дея фикр билдирди.
«Баъзи фуқаролар жаримага олиб борилганда, пули кўплигидан «Майли, тўлайман шу жаримани, лекин яна қилавераман», деган ҳолатлар ҳам бўлмоқда», – дейди Хавфсиз туризмни таъминлаш инспектори.
Мавзуга оид
11:49 / 29.06.2024
Амирсойга олиб борувчи йўлда транспорт ҳаракати вақтинча чекланади
07:16 / 26.02.2024
Қалбаки авторақам билан 64 марта қоида бузган ҳайдовчи аниқланди
20:06 / 09.02.2024
Фото: Мирзиёев ва Лукашенко «Амирсой»да чанғи учишди
08:06 / 12.03.2023