Спорт | 20:15 / 15.01.2020
30479
3 дақиқада ўқилади

Мағлубият «қувончи». Ўзбекистон енгилиб плей-оффга чиққан ва корейс аскари порлаган ўйиндан фотогалерея

Таиландда Осиё чемпионати U-23 баҳслари давом этмоқда. «С» гуруҳида қатнашаётган Ўзбекистон 3-турда Жанубий Кореяга қарши ўйнади. Ўйин гуруҳ ва бутун мусобақа фаворити Жанубий Кореянинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. 

Учрашув корейсларнинг катта устунлигида ўтди десак бўлади. Ваҳоланки корейслар бизга қарши ўйинда олдинги баҳсга қараганда 7 та футболчини ўзгартиришди. Аммо бу жамоа ўйинининг сифатига таъсир қилмади. Ўйинда ҳисоб рикошетли голдан сўнг очилди. О Су Хен керак бўлмаган вақтда тўп йўлига чиқиб қолди, аммо кутилмаганда унга теккан тўп дарвозабон Абдувоҳид Неъматовни чалғитиб, голга айланди.

Биринчи бўлимнинг ўзида йигитларимиз ҳисобни тенглаштиришди. Азиз Ғаниевнинг супер узатмасини Бобур Абухолиқов голга айлантирди. Бобур бош билан узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Иккинчи бўлимда эса О Су Хен чинакам супер голга муаллифлик қилди. У чап оёқда дарвозамизнинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди.

Жанубий Кореянинг ўйинларини кўрган бўлсангиз, мамлакат мадҳияси вақтида О Се Хун ҳарбий чест бериб турарди. У бугун иккинчи голи вақтида ҳам чест бериб мухлислар олқишига сазовор бўлди. Бугунги ўйин айнан О исмли бу аскар йигитнинг бенефисига айланди. Корейс футболи армияча тартибга асосланганини инобатга олсак, бундай гол нишонлаш рамзий маъно касб этди, бизнингча.

Ўйин охирида мухлисларимиз жуда катта ҳаяжон билан ўтирган бўлишса керак. Чунки Эрон 89-дақиқада Хитойга пенальтидан гол урди ва ўйин охирида кетма-кет ҳужум қилди. Агар Эрон гол урганда ҳам, Ўзбекистон кейинги босқичга чиқарди, чунки эронликларга сариқ карточкалари кўпроқ эди. Шундай бўлса-да, Кореянинг ҳужумлари вақтида мухлисларнинг ҳаяжони ортган бўлиши аниқ.

Йигитларимиз мағлубиятга учраган бўлишса-да, кейинги босқичга чиқишди. Энди чорак финалдаги рақиб ким бўлишини кутамиз. Бу ёки БАА, ёки Иордания бўлади. Ярим финалда эса Саудия, Таиланд ёки Сурия жамоаларидан бирига рақиб бўлишимиз мумкин (агар чорак финалдан ўтсак). Хуллас яхши ниятларимиз бизни ярим финалга ҳам олиб чиқди, ҳозирча эса Ўзбекистон — Жанубий Корея ўйинидан тайёрланган катта фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

 

Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар

Мавзуга оид