Жаҳон | 21:10 / 15.01.2020
98645
3 дақиқада ўқилади

Путин Россия конституциясини ўзгартиришни таклиф қилди. Бу қандай ўзгаришлар?

Бугун, 15 январь куни Россия президенти Владимир Путин Федерал йиғилишга (парламент) мурожаат қилди. У мурожаатномасида конституцияга президент ва ҳукуматнинг бошқа институтлари ўртасида ваколатларни қайта тақсимлашни назарда тутувчи ўзгартиришларни таклиф қилди. Путин бугунги мурожаатида яна қандай мавзуларни тилга олди?

Алексей Никольский / EPA / Scanpix / LETA

Путиннинг сўзларига кўра, у 1993 йилда қабул қилинган конституция ўрнига янгисини ишлаб чиқишга зарурат кўрмаяпти, шу билан биргаликда, у мамлакатнинг асосий қонунига айрим ўзгартиришлар киритиш зарур деб ҳисоблайди.

Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича

ANTON NOVODEREZHKIN/TASS
  • Халқаро ҳуқуқ Россия қонунлари устидан тўлиқ устуворликка эга бўлмаслигини Конституцияда мустаҳкамлаб қўйиш.
  • Мамлакатда 25 йилдан кам бўлмаган вақт мобайнида яшаган ва ҳеч қачон хориж фуқаролигини ёки хорижда вақтинчалик яшаш ҳуқуқини олмаган шахслар Россия президентлигига сайланиши мумкин.
  • РФ регионлари раҳбарлари, парламент, ҳукумат аъзолари ва судьялар ҳам бошқа давлат ҳудудида доимий яшашга рухсат берувчи ҳужжатга эга бўлмаслиги даркор.
  • Президент лавозимини бир киши кетма-кет икки мартадан ортиқ эгаллаши мумкин эмаслиги борасидаги меъёрни ўзгартириш мумкин.
  • Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирларни давлат думаси тасдиқлаши лозим.
  • Президент давлат думаси томонидан тасдиқланган номзодларни рад қила олмайди, аммо бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирларни бўшата олади.
  • Куч ишлатиш органлари раҳбарлари ва ҳудудий прокурорларни тайинлашда президент федерация кенгаши билан маслаҳатлашиши шарт бўлади. Бу тузатишлар бўйича умумхалқ овоз бериш жараёни ўтказилиши лозим.

Демография ва таълим бўйича

  • Оналик капитали биринчи фарзанд учун ҳам тўланади. Унинг миқдори — 466 минг рублни ташкил этади. Иккинчи фарзанд учун 616 минг рубль тўланади.
  • Кам таъминланган оилалар уч ёшдан етти ёшгача бўлган фарзандлари учун ойлик нафақат олади. 2020 йилда яшаш минимумининг ярми миқдорида, келгусида яшаш минимумининг тўлиқ миқдоригача оширилиши мумкин.
  • Барча 1-4-синф ўқувчилари мактабда бепул овқатланади. Синф раҳбарлари 5 минг рубль устама олади.
  • Олий ўқув юртларида бепул ўринлар сони оширилади.

Ушбу таклифлар ортидан бош вазир Дмитрий Медведевнинг ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфога чиқди. Путин Медведев учун Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимини таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин ўтган йил декабрда ўтказилган матбуот анжуманида конституцияга ўзгартириш киритилиши эҳтимоли тўғрисида гапирганди. Аммо ўшанда гап фақатгина президентлик муддати тўғрисидаги моддадан «кетма-кет» деган сўзни чиқариб ташлаш ҳақида борганди.

Мавзуга оид