Жаҳон | 18:44 / 15.01.2020
288124
4 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати истеъфога чиқди

Россия ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфога чиқди. Бу ҳақда ҳукумат раҳбари Дмитрий Медведев маълум қилди.

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда у давлат раҳбарининг конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифи фонида бу қарорни тўғри деб ҳисоблашини айтган, таклиф қилинган ўзгаришлар ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти ўртасидаги мувозанатни ўзгартиришини таъкидлаган.

Ўзгартиришлар, хусусан, бош вазир ва Вазирлар Маҳкамасининг барча аъзоларини Давлат Думаси розилиги билан тайинлашни назарда тутади. 

«Бу контекстда очиқ кўриниб турибдики, биз Россия Федерацияси ҳукумати сифатида мамлакатимиз президентига тегишли барча қарорларни қабул қилиш имкониятини тақдим этишимиз керак ва мен шу шароитда Россия конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, Россия ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфога чиқишини тўғри бўлди деб ҳисоблайман», деган у.

Путин Медведев ҳукуматига амалга оширилган ишлар учун миннатдорчилик билдирган, «ҳаммаси ўхшамаган бўлсада» натижалардан қаноатланганини айтган, янги таркибдаги Вазирлар Маҳкамаси шакллангунича ўз вазифасини бажариб туришни топширган.  

У шунингдек, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимини жорий этиш ва бу лавозимни Медведевга таклиф қилиш ниятини билдирган.

«Дмитрий Анатольевич мудофаа қобилиятимиз ва хавфсизлик даражамизни ошириш нуқтайи назаридан ҳамиша бу масалалар билан шуғулланиб келган. Мен ундан келажакда айнан шу масалалар билан шуғулланишини сўрайман. Мен буни мумкин деб ҳисоблайман ва буни яқин орада амалга ошираман - Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимини жорий этаман», деган Путин.

«Кутилмаган истеъфо»

Би-би-сининг ҳукуматга яқин манбаси хабар қилишича, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари истеъфо ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган. Путин парламентга мурожаатномадан кейин ҳукумат аъзолари билан учрашиши ҳақида мурожаатнома вақтида воқиф бўлишган. 

«Аммо биз бу [учрашув] мурожаатномадаги топшириқларнинг ижроси бўйича бўлишини кутгандик», деган манба.

Чоршанба куни Владимир Путин Федерал йиғилишга (Россия парламенти) мурожаат қилди. У мурожаатномасида конституцияга президент ва ҳукуматнинг бошқа институтлари ўртасида ваколатларни қайта тақсимлашни назарда тутувчи ўзгартиришларни таклиф қилганди.

Амалдаги ҳукумат 2018 йил майида шакллантирилганди. Медведев ҳукуматни 2012 йилдан буён бошқариб келмоқда.

Одатга кўра, Россияда ҳукумат президент инаугурациясидан кейин истеъфога кетарди. Медведев ҳукумати сўнгги марта 2018 йил майида ҳам шундай тартибда истеъфога чиққанди. Шунингдек, давлат раҳбари ўз ташаббусига кўра Вазирлар Маҳкамасини тарқатиб юбориш ҳолатлари ҳам кузатилган. Бундай ҳолат 5 марта рўй берган - 1998 йилда Борис Ельцин Виктор Черномирдин ва Сергей Кириенко ҳукуматини, 1999 йилда Евгений Примаков ва Сергей Степашин ҳукуматини, Владимир Путин эса 2004 йилда Михаил Касьянов ҳукуматини тарқатиб юборган. Фақат бир марта ҳукумат ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан - 2007 йилнинг 12 сентябрида Михаил Фрадков президентдан ҳукуматни истеъфога чиқаришни сўраган.

  • Москва биржаси маълумотларига кўра, рубль ҳукуматнинг истеъфога чиқишига 30 копейка атрофида доллар ва еврони тушириш билан муносабат билдирди. Аммо Медведевнинг баёноти олдидан миллий валюта тез орада позицияларга қайтди. Биржа бозори ҳам тушиб кетди: Москва биржаси ва РТС индекслари ҳар бирида 1 фоиздан кам йўқотди. 

Мавзуга оид