Ўзбекистон | 18:19 / 18.01.2020
32306
9 дақиқада ўқилади

Водий вилоятларида аҳоли «свет» кўп ўчаётганидан норози: 4та масъул ширкат изоҳи

Фото: KUN.UZ

 Сўнгги ҳафта давомида водий вилоятларида яна электр тизимидаги узилишлар муаммоси юзага келди. Айрим ҳудудларида аҳолига бир сутка давомида 12-13 соатлаб электр энергияси берилмаяпти.

 Kun.uz сайтига келаётган мурожаатларда аҳоли вакиллари салбий ҳолатнинг сабаби нимада эканлиги ва қачонгача давом этиши ҳақида сўрашмоқда: 

 “Ассалому алайкум. Мен, Олимжон Ҳайдаров, Фарғона вилояти Қўштепа тумани, Каттаболтакўл МФЙ дан мурожаат қилмоқдаман. Электр берилишида суткада 12-14 соат узилишлар бўлмоқда. Туманимизнинг айрим ҳудудларида ҳатто 16-17 соатгача узилишлар бўляпти экан. Мутасаддиларнинг айтишича, республикадан кам электр берилгани сабабли электрда тақчиллик бўлмоқда. Электр ўчиши қачон тугайди?”.

 “Сизларни Андижон вилояти Марҳамат туманидан безовта қиляпман. Исмим Баҳромжон. Сайловдан кейин яна “свет” ўчишни бошлади. Кеча уйимизга Россиядан меҳмон келди. Роса уялдим. Ўзи қайси замонда яшаяпмиз? Табиий газ йўқ бўлса, аҳолига ҳеч бўлмаса ток бериб туришса бўларди. Жуда қийналиб кетдик”.

 “Наманган вилояти Чортоқ туманида яшайман. Исмим Адҳамжон. Тўрақўрғон ИЭС ишга тушиши муносабати билан “электрнинг катталари”, “Наманган вилоятида электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бўлмайди”, деган эди. Бугун 16 январ куни кундузи уч марта сабабсиз ўчиришди. Кечқурун икки марта. Янги ҳисоблагич ўрнатишди. Халқни қарзи йўқ. Нега яна электрни ўчиришяпти? “Истеъмолчи ҳуқуқи”, деган ҳуқуқларимиз бўларди. Илтимос, раҳбарлар жавоб берсин!”.

Ҳақиқатан ҳам, охирги йилларда, водий аҳолиси “Тўрақўрғон ИЭС”нинг ишга туширилишини орзиқиб кутди. Мана ҳозирги пайтда ИЭС энергия ишлаб чиқара ҳам бошлаган, лекин аҳвол деярли ўзгармаган. Ҳозирги кунларда уч вилоятнинг туман ва қишлоқларида электрдаги узилишлар “авжига чиқди”.

Мавжуд арз ва саволларга жавоб излаб Андижон, Наманган ва Фарғона ҳудудий электр тармоқлари мутасаддиларига мурожаат қилдик. 

 Вилоятларнинг ҳудудий электр тармоқлари мутасаддилари нима дейди?

 Аҳоли вакиллари электрдаги узилишлар бўйича асосий айбдор сифатида “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонасини кўради. Уларнинг фикрини эшитамиз.

 Муҳаммадали Ирисқулов, “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” оператив диспетчерлик хизмати бошлиғи:

 “Айни пайтда ҳақиқатан ҳам истеъмолчиларга электр етказиб беришда узилишлар юзага келмоқда. Бизнинг корхона электр энергияси ишлаб чиқарувчи, узатувчи ташкилотлар томонидан берилган электр энергиясини тақсимлайди. 13 январь куни Наманган вилоятининг электр энергияси истеъмоли 14.5 млн кВт/соатни ташкил қилган. 16 январь куни эса 12.5 млн кВт/соатни ташкил қилди. Марказий энерготизимдан 20 фоиз кам энергия оляпмиз. Оқибатда истеъмолчилар билан муаммолар келиб чиқмоқда”.

 А. Маматқулов, “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” жамияти, техник масалалар бўйича директор ўринбосари:

“Сўнгги кунларда об-ҳавонинг кескин совиб кетиши сабабли истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжлари кундан-кун ортиб бормоқда. Жумладан, биргина Фарғона вилояти бўйича январ ойининг илк кунларига нисбатан кейинги 3-4 кун давомида кунлик электр энергияси истеъмоли ҳажми ўртача 2,0 млн кВт/с га, ёки 80-85 мВт қувватга ўсиши кузатилди. Бугунги кунда бир кунлик вилоятга электр энергия ишлаб чиқариш баланси бўйича берилган топшириқ 17,8 млн кВт/с белгиланган бўлиб, айни вақтда (электр таъминотидаги узилишлар билан) бир кунда 19,1-19,5 млн кВт/с электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

 Вилоятнинг кунлик эркин истеъмоли (истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси етказиб бериш учун) 20,7 млн кВт/с ташкил этади”.

 Ҳожиев Муҳиддин, “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” оператив диспетчерлик хизмати бошлиғи:

 “Об-ҳавонинг кескин совиши ва вилоятимизнинг айрим ҳудудларида электр энергия етказиб бериш жараёнидаги узилишларни юзага келтиряпти. Агар, бир суткада Андижон вилоятига 16,8 млн кВт/с берилса узилишлар бўлмайди. Бизга эса 14,5 кВт/с энергия берилмоқда”.

АЖлар изоҳи...

 Электр энергияси таъминоти — Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги деярли барча ташкилот ва корхоналар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган мураккаб тизим. Айни пайтда юзага келган муаммолар бўйича  - “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизматлари билан боғландик.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ изоҳи:

 “Фарғона вилояти кунлик электр энергияси истеъмоли ҳажми ўртача 2,0 млн кВт/с га, ёки 80-85 мВт қувватга ўсиши кузатилмоқда. Бугунги кунда бир кунлик вилоятга электр энергия ишлаб чиқариш баланси бўйича берилган топшириқ 17,8 млн кВт/с белгиланган бўлиб, айни вақтда (электр таъминотидаги узилишлар билан) бир кунда 19,1-19,5 млн кВт/с электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

 Вилоятнинг кунлик эркин истеъмоли 20,7 млн кВт/с ташкил этади.

 Наманган вилоятининг электр энергияси кунлик истеъмоли 14.5 млн кВт/соатни ташкил қилган. Ҳозирги кунда турли миқдорда электр энергияси етказиб берилмоқда. Масалан 16 январь куни 12.5 млн кВт/соат электр энергияси етказиб берилган.

 Вилоятнинг кунлик эркин истеъмоли 16 млн кВт/с ташкил этади.

 Андижон вилоятининг электр энергияси кунлик истеъмоли режаси 14,5 млн кВт/соатни ташкил этса 17 январь куни етказиб берилган электр энергияси миқдори 15,8 млн кВт/соатни ташкил этди.

Ҳозирги кунда Андижон вилоятининг кунлик эркин истеъмоли 16,8 млн кВт/соатни ташкил этади.”

 “Иссиқлик электр станциялари” АЖ изоҳи:

 “Ҳозирги кунда "Иссиқлик электр станциялари" АЖнинг 1200 мВтга яқин электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари табиий газ етишмовчилиги сабабидан ишлаётгани йўқ. Бунга сабаб "Ўзтрансгаз" АЖ нинг суткасига 5, 4 млн метр куб миқдори атрофида табиий газ етказиб бера олмаётганидадир”.

 “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ изоҳи:

 “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тасарруфидаги станцияларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини юқори кучланишли магистрал тармоқлар орқали “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимидаги подстанцияларга етказиб бериш (транспортировка) “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ зиммасига юклатилган асосий вазифа ҳисобланади. Жамият бу борада ишлаб чиқарувчи томонидан берилаётган энергияни тармоқлари орқали узатиб бермоқда”.

Кўриб турганингиздек, юз бераётган электрдаги узилишлар учун бор муаммо электр энергияси ишлаб чиқарувчи ИЭСларни ёқилғи таъминотидаги камчилик, яъни газ тақчиллиги боис келиб чиқмоқда экан.

 Изоҳ олиш учун “Ўзтрансгаз” АЖ матбуот хизмати ходими Фаридахон Тожибоева билан боғландик. Лекин, жамият матбуот хизмати вакили бу борада ўзида етарли маълумотлар йўқлиги ва масъул шахслар билан боғланиб сўнг алоқага чиқишини айтди. Бироқ, қайтиб у киши билан боғлана олмадик. 

Аҳоли нима қилсин?

Электр энергияси таъминотига масъул АЖларнинг муаммолари билан танишдик. Аниқланишича, камчиликлар юзага келишининг асл сабаби - ИЭСларга газ ёқилғисининг етарли даражада берилмаётганида экан.

Акциядорлик жамиятлари муаммони ҳал қилиш учун қай даражада ҳаракат қилаётгани ўзларига аён. Бироқ айни пайтда уларнинг ҳамкорликда иш олиб бора олмаётганидан аҳоли, истеъмолчилар қийналмоқда.

Водийнинг уч вилоятида аҳоли жуда зич ҳолда истиқомат қилади. Табиий газ масаласи ҳаминқадар. Аҳоли хонадонларини совуқ фаслларда уйни иситиш учун асосан электр иситгичлардан фойдаланади. Чунки, табиий газ муаммо. “Ўзтрансгаз” ҳеч бўлмаса ИЭСларни етарли даражада газ ёқилғиси билан таъминласа бўлар эди.

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид